Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Жиззах вилояти ҳокимлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда  вилоят ҳокимлигига бўйсунувчи муассасаларда давлат харидларини ўтказиш тўғрисидаги низом

Жиззах вилояти ҳокимлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда  вилоят ҳокимлигига бўйсунувчи муассасаларда давлат харидларини ўтказиш тўғрисидаги низом

22 июль 2022 йил
47
0

Жиззах вилояти ҳокимлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда  вилоят ҳокимлигига бўйсунувчи муассасаларда давлат харидларини ўтказиш тўғрисидаги низом

 Жиззах вилояти ҳокимлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда

    вилоят ҳокимлигига бўйсунувчи муассасаларда давлат харидларини

                       ўтказиш тўғрисидаги низом 

                    1-боб. Умумий қоидалар

 

  1.    Ушбу Низом Жиззах вилояти ҳокимлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда вилоят ҳокимлигига бўйсунувчи муассасаларда ташкил этиладиган танлов (тендер) ўтказиш бўйича харид комиссиясининг (кейинги ўринларда – “Харид комиссияси”) вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
  2. Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомиллари ғолибини танлаш тўғрисидаги қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган коллегиал органдир.

          Харид комиссияси ишининг асосий мақсади иштирокчиларнинг таклифларини буюртмага мувофиқлик даражаси бўйича холис баҳолашдан ҳамда давлат харидлари рақобатлашув усуллари орқали амалга оширилганда ғолибни (ғолибларни) танлашдан иборат.

  1. Харид комиссияси вилоят ҳокимлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда вилоят ҳокимлигига бўйсунувчи муассасалар (кейинги ўринларда – ташкилот) ҳузурида доимий фаолият кўрсатади, ҳокимнинг тегишли фармойиши билан шакллантирилади.
  2. Харид комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикакси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Махкамасининг қарор ва фармойишлари, бошқа қонун ҳужжатлари, вилоят ҳокимининг тегишли фармойишлари, топшириқлари ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
  3. Харид қилиш тартиб-таомиллари:

          Харид комиссияси вакиллари, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқига эга экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади.

           Давлат харидлари ҳокимликнинг бюджет ҳамда бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

                          2-боб. Харид комиссиясининг асосий вазифалари

  1. Харид комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

           танлов (тендер) ҳужжатларини келишиш;

           таклифлар қабул қилинадиган муддатларни белгилаш;

            таклифларни очиш тартиб-таомилларини белгилаш;

            таклифларни баҳолаш мезонларини белгилаш ва унга асосан баҳолаш;

            таклифларни киритиш тартибини, ҳажмини ва уни таъминлаш шаклини белгилаш;

            харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиларининг таклифларини очиш;

            малака танловини ўтказиш, агар танлов (тендер) ҳужжатлари шартларида бу назарда тутилган бўлса;

            харид қилиш тартиб таомилларини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш;

            харид қилиш тартиб-таомилларининг рақобатлашув турлари ижрочисини ва захирага ижрочини белгилаш ёки савдони амалга ошмаган деб топиш;

           Харид комиссияси қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларидан келиб чиқиб бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

  1. Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқади;

          харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таъсис ҳужжатлари ва шартнома тузиш ваколатини тахлил қилади;

          солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслигини текширади;

          харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси ҳақида инсофсиз ижрочилар ягона реестрида маълумот мавжуд эмаслигини аниқлайди;

          харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисига нисбатан банкротик тартиб-таомиллари жорий этилмаганлигини текширади;

          очиқ ахборот манбаларида эҳтимоли бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотлар мавжуд эмаслигини аниқлайди;

          харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг расмий веб-сайтидаги маълумотларни тахлил қилади.

          Ташкилотнинг харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси билан ўзаро ҳамкорлиги тарихини ўрганади;

           харид ишгтирокчиларига шартномани бажариш учун зарур тахник, молиявий, моддий, кадрларга оид бошқа ресурслар мавжудлигини таҳлил қилади;

          харид иштирокчиларининг ўзаро аффилланганлигини текширади;

          манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ўрганилади;

          харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси сайти мавжудлиги ва ундаги маълумотларни ўрганади;

          харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси томонидан содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумотларни ўрганади;

          коррупцияга қарши ҳужжатларни текширади (тақдим этилган ёки сайтдаги).

          Мазкур йўналишлар бўйича харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ўрганиш ташкилот томонидан давлат харидларини амалга ошириш доирасида харид қилиш тартиб-таомилларини иштирокчиларини ўрганиш жараёни бўйича йўриқномага асосан амалга оширилади.

                            3.боб. Харид комиссияси ишини ташкил қилиш  

  1. Давлат харидларини танлов (тендер) орқали амалга ошириш учун доимий фаолият юритувчи Харид комиссияси тузилади.

         Қонунчиликда бошқача ҳолат назарда тутилган бўлмаса, Харид комиссиясининг таркиби Ташкилот бошқарув ходимларидан ташкил этилади.

  1. Харид комиссияси тоқ сонли аъзоларидан иборат бўлади, унинг аъзолари таркиби ва сони харид қилиш тартиб-таомилининг турига боғлиқ бўлади ҳамда олинаётган товарларнинг (ишнинг, хизматнинг) хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.

         Бунда:

         Давлат харидини танлаш орқали амалга ошириш учун давлат буюртмачисининг ходимлари орасидан камида беш нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссияси тузилади.

        Давлат харидини тендер ўтказиш орқали амалга ошириш учун камида етти нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссияси тузилади.

  1. Харид комиссиясининг ишига раис раҳбарлик қилади, у Харид комиссияси мажлисларини чақиради ва олиб боради, овозга қўйишни ва Харид комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни эълон қилади, шунингдек Харид комиссияси баённомаларини имзолайди.

         Харид комиссияси Раиси қуйидаги ваколатларга эга:

         Харид комиссияси мажлисларини чақириш ва мажлис кун тартибини белгилаш;

         Харид комиссияси қабул қилган қарорларни бажарилишини назорат қилишни ташкил этиш;

          Харид комиссияси аъзолари томонидан ўз зиммаларига юклатилган вазифалар бажарилишини мувофиқлаштириш;

          Харид комиссияси аъзолари фаолиятини назорат қилиш;

          Харид комиссияси самарали ишлаши учун зарур бўладиган бошқа чораларни кўриш;

  1. Харид комиссиясининг мажлисини раис, у бўлмаган тақдирда эса унинг ўринбосари олиб боради. Агар мажлисда харид комиссияси аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, харид комиссияси ваколатли ҳисобланади. Шунингдек, Харид комиссияси аъзолари ишдан бўшаганда, унинг ўрнини шу лавозимга янги ишга олинган ходим тўлдиради.
  2. Харид комиссиясининг ишчи органи вазифасини ишлар бошқармаси амалга оширади.
  3. Харид комиссиясининг тезкор фаолияти учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган маъсул котиб томонидан ташкил қилинади.

         14.Муайян бир давлат харидини амалга ошириш Харид комиссияси аъзоларида давлат хариди  иштирокчиси билан манфаатлар тўқнашуви ёки Харид комиссияси аъзоларининг аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, бундай аъзонинг овози мазкур масала бўйича овоз бериш натижаларидан чиқариб ташланади.

  1. Мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган шахсларни Харид комиссияси таркибига киритилишини олдини олиш Харид комиссияси аъзоларини рад қилиш ва ўзини рад этиш йўли билан амалга оширилади.
  2. Мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган шахслар Харид комиссияси таркибига киритилганлиги аниқланганда Комиссия раиси бундай шахсни муайян харидни ўтказгунга қадар рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт, Комиссия аъзони рад этиш ҳақидаги қарор ёзма шаклда расмийлаштирилади ва рад этишга асос бўлувчи ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
  3. Ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган қарор қабул қилинган тақдирда, шунингдек Харид комиссияси аъзоси ўзини ўзи рад этган тақдирда ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Комиссия аъзоси маълум харидлар бўйича Комиссия йиғилишларида қатнашишга ҳақли эмас.
  4. Харид комиссияси аъзоларида иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлган тақдирда, харид комиссиясининг бундай аъзоси бу масала кўтарилган мажлисда ўзини ўзи рад этиш ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.
  5. Мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган кворум мавжуд эмаслиги туфайли Харид комиссияси аъзосини вақтинча алмаштириш зарар бўлганда Харид комиссияси аъзосини вақтинча алмаштириш ҳақидаги қарор Ташкилот раҳбарининг фармойиши (буйруғи, қарори) билан Харид комиссияси мажлиси баённомасига тегишли маълумотлар киритилган ҳолда расмийлаштирилади

            4-боб. Харид комиссияси ва аъзоларининг ҳуқуқ мажбуриятлари

  1. Харид комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

        а) танлов иштирокчисидан унинг малакавий талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи далилларни ҳужжат шаклда тақдим этилишини талаб қилиш;

         б) ўз қарори билан қуйидагиларга асосан танлов (тендер) иштирокчиларини танловда (тендерда) иштирок этишни давом эттиришдан четлатиш ва уларнинг таклифларини кўриб чиқишни давом эттирмасдан қайтариб бериши мумкин;

         инсофсиз ижрочилар ягона реестрида танлов иштирокчилари ҳақидаги маълумотлар аниқланганда;

         танлов иштирокчиларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарзи мавжудлиги аниқланганда;

          агар танлов иштирокчисига қонунчиликни бузадиган тарзда адолатсиз рақобат устунлиги ёки манфаатлар тўқнашуви бўлганда;

          агар танлов иштирокчиси томонидан бирон-бир ҳаракатни содир этишга, қарор қабул қилишга ёки танлов савдоларини ўтказиш жараёнида буюртмачининг муайян бир харид қилиш тартиб-таомилини ўтказишга таъсир қилиш мақсадида буюртмачининг ҳозирги ёки аввалги  ходимига ёки Харид комиссиясининг аъзосига ҳар қандай кўринишдаги мукофотни бевосита ёки билвосита таклиф қилганда;

         таклиф иштирокчиси таклифларида Ўзбекистон Республикасининг норматив ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган талабларнинг, савдо объектнинг танлов ҳужжатларида қайд этилган шартларнинг бузилиши аниқланганда, шунингдек, нотўғри ахборот тақдим этилганда;

         агар танлов иштирокчиси қайта ташкил этиш (ажратиш, қўшиш), тугатиш ёки банкротик (мол-мулкни хатлаш) жараёнида бўлганда;

         таъсис ҳужжатлари, молиявий жихатдан қатнашиш, холдинг ёки бошқача шаклда танлов иштирокчилари бир-бирига ташкилий-ҳуқуқий ёки молиявий жиҳатдан боғлиқ бўлганда;

         в) харид ташаббускори, ташкилотчиси, ихтисослаштирилган ташкилотдан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳар қандай маълумот ва ҳужжатларни сўраб олиш;

        г) тегишли орган ва ташкилотлардан харид иштирокчисининг харид ҳақидаги ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш учун зарур маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

         д) тендер/ танлов иштирокчиларига у ёки бу таклифни рад этиш сабабларини тушинтириб бериш, бунда таклифларнинг нархи ва ишларни бажариш муддати билан бирга мазмунини ўзгартирадиган тушинтиришлар берилишига йўл қўймайди.

  1. Харид комиссиясининг аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

         кўриб чиқиш учун тақдим этилган барча ҳужжатлар ва маълумотлар билан танишиш;

         харид комиссияси мажлисларининг кун тартибидаги масалалар бўйича сўзга чиқиш;

         харид жараёнида тузиладиган баённомалар мазмунининг тўғрилигини текшириш;

         овоз беришда ёқлаб овоз бериш, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин.

         Харид комиссиясининг мажлисларида ўзининг ёзма фикрини баён этиш.

  1. Харид комиссиясининг аъзолари қуйидагиларга мажбур:

         узрли ҳолатлардан (вақтинча мехнатга лаёқатсизлик, хизмат сафари ва бошқа сабаблар) ташқари Харид комиссиянинг мажлисларида шахсан иштирок этиш;

          қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ харидларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартиб-таомилларига риоя қилиш;

          харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиларини текшириш бўйича зиммасига юкланган вазифаларни бажариш;

         мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган бирон-бир ҳолатлар келиб чиққанда, Харид комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган масала бўйича овоз беришга қатнашмаслиги, ўзини ўзи рад этиши ва унинг сабаблари ҳақида комиссия раисига хабар бериши;

         ўз ваколати доирасида холисона қарорлар қабул қилиш;

  1. Харид комиссиясининг раиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

         харид комиссияси ишига умумий раҳбарлик қилиш ва мазкур Низом талаблари бажарилишини таъминлаш;

         харид қомиссияси мажлисини ваколатли деб эълон қилиш;

          харид комиссиясининг мажлисини очиш ва уни олиб бориш, танаффуслар эълон қилиш;

         мухокама қилинадиган масалаларни кўриб чиқиш тартибини белгилаш;

         харид комиссиясининг аъзолари ўртасида давлат харидлари иштирокчисини текшириш бўйича вазифаларни тақсимлаш;

         зарурат бўлганда Харид комиссияси мажлисига, Харид комиссиясининг ишига экспертларни жалб қилиш ҳақидаги масалани муҳокомага олиб чиқиш;

         давлат харидлари иштирокчисини текшириш тўғрисидаги ҳисоботни ўқиб эшиттириш;

         харид комиссиясининг баённомасини тасдиқлаш;

         мазкур Низомнинг 14-бандида белгиланган ҳолларда Харид комиссияси аъзоларини рад қилиш ҳақида қарор чиқариш.

         Харид комиссиясининг раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.

  1. Харид комиссияси котиби ташкилий-техник тавсифдаги функцияларни бажаради , жумладан, Комиссия аъзолари томонидан имзоланган баённомаларни юритади, Комиссия аъзоларига Харид комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳақида аввалдан хабар беради.

          Мажлисда Харид комиссияси котиби иштирок эта олмаганда унинг функцияларини Харид комиссияси раиси томонидан тайинланган комиссия аъзоларидан бири бажаради.

  1. Харид комиссияси томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинадиган қарорлар барча иштирокчилар учун мажбурийдир.

                 5-боб. Харид комиссияси томонидан танлов (тендер)

                                      савдоларини ўтказиш тартиби

  1. Харид комиссияси ўтказилаётган танлов (тендер) савдоси доирасида танловга (тендер) оид таклифларни тайёрлаш муддати ҳақида қарор вабул қилади ва таклифларни қабул қилишнинг сўнги муддатини белгилайди, Танлов комиссияси танловга оид таклифларни тақдим этиш муддатини узайтириш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

         Бунда таклифларни тайёрлаш муддати махсус ахборот порталида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида биринчи эълон берилган вақтдан бошлаб ўн кундан кам бўлмаслиги керак.

  1. Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиси томонидан киритиладиган танловга оид таклифларни киритиш тартибини, ҳажмини ва кафолат турини (закалат ёки банк кафолати) белгилайди.
  2. Харид комиссияси иштирокчиларига танловда қатнашишга рухсат бериш ҳақидаги масалани ҳал қилиш мақсадида улар томонидан тақдим этилган материаллар асосида иштирокчиларнинг малакавий танловини ўтказади.

         Бунда қуйидаги иштирокчиларнинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди ва бу ҳақида тегишли қарор қабул қилинади:

        қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкротлик жараёнида бўлган;

        Ташкилот билан суд ёки  арбитраж орқали низолашаётган;

         инсофсиз ижрочилар ягона реестрида мавжуд булган;

         солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарши бўлган;

         Харид комиссиясининг бошқа тижорат ва молиявий кўрсатгичлари бўйича талабларига жавоб бермайдиганлар.

  1. Харид комиссияси танловга оид таклифлар бўлган электрон тизим орқали юборилган таклифларни асосли баҳолаш, уларни кўриб чиқиш ва маълумотларни сир сақлаш қоидаларига риоя қилади.
  2. Харид комиссияси танловга оид таклифлар бўлган электрон таклифларни кўриб чиқиш вақтини белгилайди, Танловга оид таклифлар бўлган таклифларни кўриб чиқиш Харид комиссияси томонидан электрон рақамли имзо орқали тасдиқланган тарзда амалга оширилади,
  3. Харид комиссияси танловга оид таклифларни кўриб чиқиш муддатини белгилайди. Танлов иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати таклифларни тақдим этиш муддати тугаган вақтдан бошлаб ўн кундан ошиши мумкин эмас.
  4. Таклифларни кўриб чиқиш давомида иштирокчилар тақдим этган барча ҳужжатлар ва тижорат таклифининг нархи шаффофлиги текширилади.
  5. Харид комиссияси келиб тушган таклифларни тўғри келишини батафсил ўрганиш ва хулоса тайёрлаш мақсадида Харид комиссияси аъзолари, Ташкилот мутахассислари орасидан ишчи гуруҳ тузиш мумкин, шунингдек, зарурат бўлганда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини жалб қилиш мумкин. Комиссия танловга оид таклифларни баҳолаш учун эксперт ва маслаҳат берувчи ташкилотлар вакилларини жалб қилиши мумкин.
  6. Харид комиссияси танловга оид таклифларни баҳолашни ва Харид комиссияси томонидан ўрнатилган мезонлар асосида ғолибларни аниқлашни амалга оширади. Тақдим этилган танловга оид таклифларнинг қўшимча техник, ташкилий ва тижорат устунлиги, шунингдек, танлов иштирокчисининг нуфузи инобатга олиниши мумкин.

           35.Харид комиссияси  танлов савдоси ғолиби ва захирадаги иштирокчилар, шартномани имзолаш муддатлари ҳақида қарор қабул қилади.

  1. Харид комиссияси тақдим этилган таклифларнинг танлов савдосини ўтказиш тартиб-таомилининг шаффофлигини таъминлаш зарур.
  2. Харид комиссиясининг барча мажлислари ва қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади. Баённомалар харид комиссиясининг ҳозир бўлган аъзолари томонидан электрон рақамли имзо билан имзоланиши ва Харид комиссияси раиси томонидан тасдиқланиши лозим.
  3. Харид комиссиясининг барча қарорлари Харид комиссияси  аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда Харид комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи бўлади.
  4. Харид комиссиясининг ҳар бир аъзоси Харид комиссиясининг иш жараёнида қарор қабул қилиш шарт, қарор қабул қилишда бетараф бўлишга йўл қўйилмайди. Овоз бериш очиқ тарзда амалга оширилади, яширин тарзда овоз бериш ва харид комиссиясининг аъзолари томонидан ўз ваколатларини бошқа шахсларга беришларига йўл қўйилмайди.
  5. Харид комиссия мажлисларида танаффусларга йўл қўйилади. Харид комиссияси мажлисини бир кун давомида кўчириш танаффус бўлиб ҳисобланади. Харидларнинг оммавий тартиб-таомилини ўтказишда танаффус эълон қилишга фақат харидлар лотлари орасида йўл қўйилади.
  6. Енгиб бўлмас куч ҳолатларидан ташқари Харид комиссияси мажлисининг муддатини бошқа кунга ўтказишга йўл қўйилмайди.
  7. Харид комиссияси қуйидаги ҳолларда танловни ўтмаган деб топади:

          танловда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда;

            таклифларни тақдим этиш муддати тугайдиган кунга келиб танлов иштирокчиларидан иккитадан кам таклифлар келиб тушган бўлса;

          келиб тушган таклифлар савдо объектининг танлов ҳужжатлари шартларига жавоб бермаса;

          танлов иштирокчилари томонидан таклиф этилган нархлар танлов савдоларининг энг юқори баҳосидан ошиб кетса.

                           6-боб. Харид комиссиясининг жавобгарлиги          

  1. Харид комиссияси ижрочини аниқлаш тартиб-таомиллари давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги, ўзи томонидан қабул қиладиган қуйидаги қарорларнинг асослантирилганлиги ва холислигига, жумладан:

            харид комиссияси таркибига кворум бўлмасдан туриб қарор қабул қилганлиги;

          танлов иштирокчилари интеллектуал мулкнинг дахлсизлиги ёки тижорат сирига бўлган ҳуқуқи бузилганлиги;

          танлов иштирокчиларини танловни ўтказиш тартиб-таомилларига қатнашишдан асоссиз четлатилганлиги;

           ёпиқ аҳамиятга эга бўлган тартиб-таомилга оид масалалар натижаларини очиқ муҳокама қилганлик ва кўриб чиққанлик, махфий маълумотни ошкор қилганлик, танлов иштирокчилари ёки жалб этилган мутахассислар билан тил бириктирганлик, шунингдек, бошқа ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этганлик;

         Харид комиссиясининг очиқ мажлисида танлов ғолибини аниқлаганлик, танлов ғолибини эълон қилиш тартиб-таомилини бузганлик, ҳозир бўлмаган танлов иштирокчиларига ўз вақтида хабар бермаганлик учун жавобгар ҳисобланади.

  1. Харид комиссияси танлов (тендер) ғолибини иштирокчилар орасидан аниқлаш тартиб-таомиллари давлат ҳаридлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, ўзи қабул қилган қилаётган қарорларнинг асослиги ва беғаразлиги учун жавобгар бўлади.
  2. Харид комиссия давлат харидларининг бошқа субъектлари томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар учун жавобгар бўлмайди.

                                    7-боб. Якуний қоидалар

  1. Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилишига айбдор бўлган харид комиссияси аъзолари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади.

 

             Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни. ЎРҚ-684-сон  22.04.2021 йил.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар