Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Шароф Рашидов тумани ҳокими Холбутаев Махмуд Парсаматовичнинг 8 март – Хотин-қизлар байрами куни муносабати билан  ТАБРИК СЎЗИ

Шароф Рашидов тумани ҳокими Холбутаев Махмуд Парсаматовичнинг 8 март – Хотин-қизлар байрами куни муносабати билан  ТАБРИК СЎЗИ

07 март 2022 йил
201
0

Шароф Рашидов тумани ҳокими Холбутаев Махмуд Парсаматовичнинг 8 март – Хотин-қизлар байрами куни муносабати билан 

ТАБРИК СЎЗИ

 

 

Ассалому алайкум, Азиз аёллар!                             

Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

 

Аввало, Сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни эзгулик ва гўзаллик байрами  8 март – “Хотин-қизлар куни” билан туманимиз фаоллари, кенг жамоатчик номидан самимий табриклайман!

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки Сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

 

 

Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!

 

Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Бугунги кунда хотин-қизлар мамлакатимиз ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб келишмоқда. 

Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар.

Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк шоир, аллома Мир Алишер Навоий ҳазратларининг "Жаннат оналарнинг оёғи остидадир" деган ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Ўзбекистон деб аталган жонажон Ватанимизда ҳар қайси мард йигит аввало, меҳрибон онаси, оиласи, фарзандлари бахтли бўлишини албатта истайди, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу йўлда ўзининг бутун борлиғини бағишлашга тайёр туради. 

Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган Сиз, гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз ҳақида кўплаб таърифлар келтириш мумкин.

 

Бу борада Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёев “Мунис ва меҳрибон аёлларимизга эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш – барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз” дея юксак эҳтиром билдирганлар.

 

Қадрли опа-сингиллар!

 

Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бу борада гап кетганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан хотин-қизларни сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялашга қаратилган “Аёллар дафтари”нинг ташкил этилиши туманимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Жумладан, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди. 

Мазкур чора-тадбирларга асосан туманимизда “Аёллар дафтари”га киритилган 1324 нафар хотин-қизларга соғлигини тиклаш, фарзандининг контракт тўлови учун 87 млн. 300 минг сўм моддий ёрдамлар берилди, кам таъминланган ҳамда имконияти чекланган хотин-қизларнинг 51 нафарига маиший техника воситалари, 255 нафарига қурилиш материаллари, нотурар жойда яшаётган хотин-қизларнинг 6 нафарига 2 хонали уй қуриб берилди, 70 нафарига Отчопар массивидаги кўп қаватли арзон уй-жойлар ажратилиб бошланғич тўловлари тўлаб берилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 559 нафардан зиёд хотин-қизлар бизнес кўникмаларига ўқитилиб, 2021 йил давомида 559 нафар аёлларга 12 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

 “Аёллар дафтари”нинг 1-тоифасига киритилган хотин-қизларнинг 1773 нафари иш билан таъминланди, 1236 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш дастури асосида 785 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди.

Бугун туманимизнинг энг олис қишлоқ жойларида ҳам гўзаллик салонлари, тикувчилик цехлари ташкил этилди. Кечагина касб-ҳунар мактабини тамомлаган қизларимиз бугун тадбиркор, ҳунарманд бўлиб мустақил равишда ўз ишини бошлашга бел боғлашган.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан 2022 йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилди. Бу борада қабул қилинган Давлат дастурида аввало, ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжлари ҳам инобатга олинди. Биз мазкур дастур асосида ўз олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда бутун жамиятимиздаги ҳар бир инсон, айниқса хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида ўзларининг муносиб ўрнига эга бўлишлари учун имтиёз ва имкониятлар кўламини янада кенгайтирмоқдамиз. Жумладан, туманимизда 2022 йилнинг шу бугунги кунига қадар “Ёшлар дафтари”га киритилган 69 нафар қизларимизнинг ўқув шартнома тўловлари тўлаб берилди ҳамда уларнинг даволанишлари ва бошқа эҳтиёжларини ҳисобга олиб бир марталик моддий ёрдамлар, гўзаллик салони фаолиятини бошлаши учун субсидиялар берилди, шунингдек, тадбикорлик фаолиятининг айнан тикувчилик йўналиши билан шуғулланишлари учун 164 миллион сўмдан зиёд  маблағлар “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан ажратилиб берилганлигини ташаббускор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инновацион ғояларини рағбатлантириш, хотин-қизлар борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг намунаси сифатида кўриш мумкин.

 

 

 

 

 

Азиз опа-сингиллар!

 

Баҳорнинг илк байрами муносабати билан туманимизнинг дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз.

Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

Сизларнинг фидокорона меҳнатларингиз давлатимизнинг юксак даражадаги орден ва медаллари  балан тақдирланмоқда.

 

Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар, мунис қизлар!

 

Сўзимнинг охирида барчангизни Хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Менинг тилагим ва ниятим битта – оилангиз, фарзандларингиз,                эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! Аёллар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм суради. 

Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!  Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азизлар!


скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар