Ташкилий режа тузиш
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ташкилий режаси (кейинги ўринларда — ташкилий режа) ҳудудий комиссиялар томонидан туманлар (шаҳарлар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида тузилади.
Рўйхатга олиш участкаларининг чегаралари ҳар бир рўйхатга олиш участкасига тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 8 750 киши ва шаҳарларда ўртача 11 250 киши) ҳисобга олган ҳолда маъмурий-ҳудудий бўлиниш яхлитлигини (туман ёки шаҳар даражасида) сақлаш шарти билан белгиланади.
Рўйхатга олиш участкалари ҳар бир инструкторга тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 1 750 киши ва шаҳарларда ўртача 2 250 киши) ва аҳоли пунктидаги аҳоли зичлигини ҳисобга олган ҳолда инструкторлик участкаларига бўлинади.
Инструкторлик участкалари ҳар бир рўйхатга олувчига тўғри келадиган юкламадан (қишлоқ жойларда ўртача 350 киши ва шаҳарларда ўртача 450 киши) келиб чиқиб ҳисоб участкаларига бўлинади.
Ҳудудий комиссиялар ва республика комиссияси қарорига асосан бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда ҳисоб участкасидаги аҳолининг сони ўртача 250 нафардан иборат бўлиши мезон сифатида олинади.
Айрим ҳолларда участкаларни тузишда рўйхатга олувчига тўғри келадиган ўртача юклама белгиланган нормалардан кам ёки кўп бўлиши мумкин.
Ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкалари сонидан келиб чиқиб рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар сони аниқланади.
Ташкилий режани тузишда кўзда тутилмаган ҳолатларни (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкаларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи миқдорида иш ҳақи тўланмаган ҳолда кадрлар захираси шакллантирилади.
Кўзда тутилмаган ҳолатлар юзага келганда рўйхатга олиш жараёнларига захирадан жалб этилган ходимларга белгиланган тартибда иш ҳақи тўланади.
Туман ва шаҳарлар бўйича тайёрланган ташкилий режалар туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармаларига тақдим этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича тайёрланган ташкилий режалар ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади ва Қўмитага тақдим этилади.
Ҳудудлар бўйича тузилган ва тасдиқланган ташкилий режалар умумлаштирилган ҳолда тасдиқлаш учун республика комиссиясига киритилади.