Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Ўзбекистон Қаҳрамонлари – юрт ифтихорлари

Ўзбекистон Қаҳрамонлари – юрт ифтихорлари

24 август 2022 йил
162
0

Ўзбекистон Қаҳрамонлари – юрт ифтихорлари

Пойтахтимизда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган «Янги Ўзбекистон – инсон қадри ва манфаатлари улуғланган юрт» шиори остидаги туркум маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

«Учинчи ренессанс маърифатли жамият сари» мавзусидаги республика анжумани доирасида илмий-амалий конференция, «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби тақдимоти, «Миллий қўшиқлар ва мақом» концерт дастури, «Маҳаллада дув-дув гап», «Меҳр-мурувват ва саховат» лойиҳалари, шунингдек, олий таълим муассасаларида зиёлилар учрашувлари шулар жумласидандир.

Бу тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан олимлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этмоқда.

Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройида республика анжумани доирасида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби тақдимоти ҳамда «Миллий қўшиқлар ва мақом» концерт дастури бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларидан Ўзбекистон Қаҳрамонлари, маънавият фидойилари, олимлар, зиёлилар ёшлар билан учрашдилар. Мулоқот давомида ёшлар Ўзбекистон Қаҳрамонларининг ибратли ҳаёт йўли, ютуқлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида нашр этилган «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби ҳақида тўхталдилар. Бу китоб-альбом миллатимиз қаҳрамонларига эҳтиром сифатида яратилгани, унда Ватанимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони ҳамда «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланган бир юз уч нафар юртдошимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилиши билан аҳамиятлидир.

Китобда турли синовларига қарамай, сабот билан халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилган давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, ишчию хизматчилар, устозлар, деҳқону чорвадорлар, санъат ва маданият ходимлари, хуллас, барча жабҳаларда олиб борилаётган юксак бунёдкорлик ишларида доимо камарбаста бўлган замондошимизнинг умр йўллари акс этади.

– Қирқ йилдан буён конларда экскаваторчи бўлиб ишладим, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати очиқ акциядорлик жамияти «Қолмақир» конининг экскаватор машинисти бўлиб ишлаган Сайидали Раҳмонов. – Ҳалол меҳнат билан юртда обрў орттирдим. Халққа танилдим. Фарзандларимни уйли-жойли қилдим. Инсон нимага эришса ҳам, фақат ҳалоллик, фидокорона меҳнат билан эришишини шундай учрашувларда ёшларга такрор-такрор уқтирмоқдамиз.

– Ўзбекистон Қаҳрамонларининг ҳаёт йўлига оид бундай мулоқотларни бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Алишер Азимов. – Бундай учрашувлар ёшлар учун ибрат мактабидир.

Тадбир давомида Ўзбекистон Қаҳрамонлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Улар кўрсатган фидойилик ҳамда матонат учун ташаккур изҳор этилди.

Маънавий-маърифий учрашув «Миллий қўшиқлар ва мақом» концерт дастурига уланиб кетди. Катта ашула ва мақом санъатининг дурдоналари томошабинларга манзур бўлди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар