Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Шавкат Мирзиёев: Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси

Шавкат Мирзиёев: Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси

12 октябрь 2022 йил
188
0

Шавкат Мирзиёев: Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ишлар, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар халқни рози қилишга қаратилган. Давлатимиз раҳбари ҳар доим “ислоҳотлар натижасини одамлар ўз ҳаётида, маҳалласида сезсин”, деб талаб қўяди. 

Шу мақсадда жорий йилги дастурлар доирасида 4 минг 100 та маҳаллани обод қилиш, болалар боғчаси, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилди.

Бунинг эвазига 434 та маҳаллада ички йўллар таъмирланди. 672 та маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортилди. 34 та янги мактаб барпо этилди, 338 таси реконструкция қилиниб, 360 таси таъмирланди, уларда қўшимча 78 минг нафар ўқувчи таълим олишига имконият яратилди. Шунингдек, 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқлар янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.

Йиғилишда бундай ишларни тизимли давом эттириб, маҳаллалардаги долзарб масалаларни ҳал қилиш чоралари муҳокама қилинди.

– Ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти бу – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси. Каттами-кичикми, одамлар айтган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда юртимизда 9 минг 370 та маҳалла бор.  Президентимиз топшириғига кўра, уларнинг ҳар бирига борилиб, аҳолини қийнаётган муаммолар рўйхати шакллантирилган.

Хусусан, йўл, ичимлик суви, суғориш тизими, электр таъминоти, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала кўтарилган.

Йиғилишда мазкур муаммолар ечимини ўз ичига олган аниқ вазифалар белгиланди.

4 минг 979 та маҳаллада режалаштирилган 5 минг 695 та қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилади.

Маҳаллаларда турмуш шароитларини яхшилашда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси айни муддао бўлмоқда. Жорий йил иккинчи ярмида бу лойиҳада 9 минг 201 та (98 фоиз) маҳалла иштирок этди. Овоз бериш якунларига кўра, 1 минг 221 та маҳалладаги 1 минг 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Президентимиз аҳоли талабларини қаноатлантириш ва маҳаллаларни обод қилиш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтириш таклифини билдирди.

Шу боис, 342 та маҳалладаги 2 мингтадан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Бундан ташқари, аҳоли саломатлиги муҳимлигини инобатга олиб, маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, келгуси йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига йўналтирилиши айтилди. Бу – яна қўшимча 1 триллион сўм дегани.

Умуман, келгуси йилдан бошлаб, маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли истаган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди.

– Келгуси йил 1 январдан “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилади. Шунда ўғирлик бўлмайди, адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни, албатта, асраб-авайлайди, – деди давлатимиз раҳбари.

Яна бир янгилик – ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Ҳар бир вилоятнинг солиқ ундирилиши паст бўлган биттадан туманида, тажриба тариқасида, аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади. Бундан тушган маблағ “Маҳалла бюджети”да қолади.

Мутасаддиларга ушбу маблағларни шакллантириш, сарфлаш ва назорат қилиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил якунигача 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

– Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим, – деди Президент.

Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг ҳисоботи ва таклифлари эшитилди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар