Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммитидаги нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммитидаги нутқи

02 март 2023 йил
182
0

Ҳурматли Илҳом Гейдарович!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бугунги Мулоқот гуруҳи саммитининг барча иштирокчиларини чин қалбимдан қутлайман.

Гўзал ва бетакрор Боку шаҳрида анжуман қатнашчиларига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик ва учрашувимизни юксак даражада ташкил этгани учун Озарбайжон Президенти ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиевга чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, Озарбайжон Етакчиси раислиги даврида Қўшилмаслик ҳаракатининг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи кескин ошди.

Ушбу муҳим платформа доирасида мамлакатларимизнинг кўп томонлама ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.

Пандемия давридаги қийинчиликларга қарамай, ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлигимиз янада кучайди. Ташкилот тарихида биринчи бор парламентлар ва ёшлар қанотлари ташкил этилди.

Бу ютуқларнинг барчаси қадрли ҳамкасбим Илҳом Гейдаровичнинг улкан саъй-ҳаракатлари ва фаол ташаббускорлиги, аъзо давлатлар манфаатларини кўзлаб олиб борган амалий ишларининг яққол ифодасидир.

Шу ўринда ҳурматли Озарбайжон Президентининг бугунги мураккаб вазиятга қарамай, мамлакат иқтисодиётини ҳар томонлама юксалтириш, халқнинг турмуш даражасини ошириш, давлатнинг халқаро миқёсдаги обрў ва нуфузини мустаҳкамлаш борасида салмоқли натижаларга эришаётганини катта мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Шу билан бирга, ҳурматли қардошимнинг тарихий адолат тикланган ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий инфратузилма ва янги-янги иншоатларни барпо этиш, аҳолига қулай шароитлар яратиб беришга қаратилган бунёдкорлик ишларини алоҳида қайд этишни истар эдим.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш билан бир қаторда, иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг аянчли оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказмоқда.

Бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солмоқда.

Албатта, бундай қийин ва мураккаб синовларни фақатгина биргаликда, бир-биримизни яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳолда енга оламиз.

Шу маънода, Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдоридир.

Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этаман.

Бу институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрмиз.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Пандемиядан кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётгани барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ.

Айниқса, сўнгги пайтларда барча давлатларда ўсиб бораётган терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатарига қарши Ташкилот доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Ана шундай таҳликали вазиятда биз Қўшилмаслик ҳаракатини терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича умумий интилишларга етакчилик қилишга чақирамиз.

Ушбу жараёнда Ҳаракатга аъзо барча давлатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришига қатъий ишонамиз.

Шунингдек, бу муаммоларни халқаро миқёсда самарали ҳал этиш ва тизимли мувофиқлаштиришда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихт́исослашган тузилмалари албатта асосий ролни бажариши лозим.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида, Хавфсизлик Кенгаши таркибида келгусида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши керак.

Шу ўринда афғон масаласи бўйича алгоритмни келишиш учун БМТ ҳузурида Халқаро музокаралар гуруҳини тузишга доир Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман.

Глобал кун тартибидаги яна бир муҳим масала – бу давом этаётган ва якуни ҳали кўринмаётган иқтисодий инқироз асоратларини юмшатишдир.

Барчамиз жаҳон савдо алоқалари заифлашуви, саноат ва логистика занжирлари узилишининг салбий таъсирини яқиндан бевосита ҳис қилаяпмиз.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлмоқда.

Минг афсуски, бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушмоқда.

Шуни таъкидламоқчиманки, бугунги саммит каби нуфузли анжуманлар биринчи навбатда ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериши лозим.

Бу хайрли режани амалга ошириш мақсадида, Ташкилотимиз саммитлари арафасида Қўшилмаслик ҳаракати Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиб боришни таклиф этаман.

Ишончим комилки, бундай муҳим тадбирлар инновациялар, замонавий билим ва илғор технологиялар алмашувини жадаллаштиришга, умуман олганда, тўртинчи саноат инқилоби, хусусан ақлли иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Яна бир муҳим масала.

Пандемиянинг салбий таъсирини, биринчи галда, ўсиб келаётган ёшларимиз ҳис қилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Уларнинг сифатли таълим ва профес-сионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камаймоқда.

Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда.

Шунингдек, минглаб ёшларнинг онгу тафаккурига бузғунчи ва радикал мафкуралар таъсири ҳам тобора кучаймоқда.

Биз ўтган йили Тошкент шаҳрида бу масалалар ечимига қаратилган, ёшлар таълими ва тарбиясига бағишланган иккинчи глобал конференцияни ўтказдик.

Бу борада сиёсат ва режаларимизни уйғунлаштириш, тўплаган тажриба-ларимиз билан ўртоқлашиш мақсадида Ҳаракатимиз Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш ниятидамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Биз Озарбайжонлик қардошларимизни Ташкилотимизга самарали раислиги ва саммитнинг муваффақиятли ўтаётгани билан яна бир бор самимий табриклаймиз.

Ҳеч шубҳасиз, бугун билдирилган барча фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар халқларимизнинг умумий равнақи ва фаровонлигига хизмат қилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар