Жиззахда "Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди
Жиззахда "Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди
Куни кеча Жиззха Давлат политехника институтида “Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида талаба-ёшларни руҳлантирган, бирлаштирган туркум маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Талаба-ёшларнинг миллий кийимларда институт ҳовлисига кириб келиши, барчага кўтаринки кайфият ва хушчақчақлик бағишлади. Талаба-ёшлар миллий анъаналаримизни, кўп асрлик қадриятларимизни эъзозлашларини миллий либосларни кийиш, уларни тарғиб этиш, уларнинг гўзаллигини, ўзига хослигини, халқимизнинг тарихи ва бугуни билан чамбарчас боғлиқлигини, ёшларнинг эзгу анъана ва қадриятларни муносиб давомчилари эканлигини барчага намойиш этдилар. Институт ҳовлиси ва ўқув хоналари миллий либосдаги йигит-қизларимиз – талабаларимиз билан тўлганлиги анъанавий дарс жараёнлари боришига ўзгача шукуҳ бағишлади.
Шундан сўнг бу жўшқин жараён институт спорт майдонига кўчди. Моҳир тикувчи талаба-қизларнинг ижод маҳсули бўлган улкан байроқ талаба-йигитларнинг қўлида стадион узра ҳилпираб турди. Улкан байроғимиз ёнида миллий қадриятларимиз рамзи бўлган атлас кўйлак ҳамда дўппилар кийган талаба-қизлар иштирокида “ЎЗБЕКИСТОН” ёзуви ёзилди. Бир тарафда кашта тикувчи қизлар ажойиб кўринишга келган кашта тикиш билан, яна бир неча нафари давлат рамзи бўлган байроқни тикиш билан шуғулланаётган эди. Шундан сўнг ўқув ишлари бўйича проректор Ғ.Эгамназаровнинг талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди. У ўз сўзида ер юзидаги ҳар бир миллат фақат унинг ўзига хос бўлган анъана ва қадриятлари билан алоҳида ажралиб туриши, табиийки, ҳар қайси халқнинг бебаҳо бойлиги бўлган бундай қадрият ва анъаналар бир-икки кунда пайдо бўлиб қолмаганлиги, инсониятнинг неча минг йиллик тарихий тажрибаси, бирор-бир нарсанинг анъанага, айниқса, қадриятга айланиши узоқ даврни талаб қилиши, йиллар, асрлар давомида муайян қараш, одат, тушунча, тажрибалар замонлар, авлодлар синовидан ўтиши, сайқал топиб бориши ҳақида гапирди.
Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор С.Эшбекова ўз сўзида талаба-ёшларни фаол бўлишга чақириб, юртимизда юз бераётган сиёсий жараёнлар, олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёшлар учун аҳамияти ва бу ўринда миллий қадриятларни асраш, уларни ривожлантириш ҳақида гапириб, қуйидагиларни таъкидлади:
- Aгар маълум одат ва удум кейинги авлодлар томонидан ҳам қабул қилинса, давом эттирилса, демакки, энди уларни миллий анъана ва қадрият деб аташ мумкин бўлади. Шунингдек, миллат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган этник жиҳат ва хусусиятлар билан боғлиқ қадриятлар миллий қадриятлар дейилади. Миллий қадриятлар миллатнинг тарихи, яшаш тарзи, маънавияти ҳамда маданияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Ўзбек халқининг асрлардан асрларга ўтиб келаётган миллий қадриятлари ҳам узоқ тарихий жараёнда шаклланган. - деди у ўз сўзида. Проректорлар Ғ. Эгамназаров ва С.Эшбекова ҳозирги кунда муҳим сиёсий жараён - юртимизда 2023 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумда фаол қатнашишга, “Конституция меники, сеники, бизники, Конституция ўзимизники” шиори остида бўлиб ўтаётган тадбирларда фаол қатнашишга чақирдилар.
Тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда ходимлар иштирок этди. Тадбир барча учун мароқли ва қизиқарли бўлиб ўтди.