“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун
Қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар инсон омилини биринчи даражага кўтарилаётганлигини кўрсатмоқда, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Қонуни “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ–901-сон, 01.02.2024-й.) Президент томонидан имзоланди.
Мазкур қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.
Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида бўлади. Умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига мураббийликни амалга ошириш учун тажрибали педагог бириктирилади.
Қонунга кўра, жумладан, қуйидагилар тақиқланади - педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш, педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш, педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш.
Бундан ташқари Педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш;
Таълим ташкилотларининг педагогларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланади. Таълим ташкилотларининг педагоглари учун қисқартирилган иш вақти белгиланади. Давлат таълим ташкилотларининг педагогларига давомийлиги кўпи билан эллик олти календарь кундан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътили кафолатланади.
Педагогларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли тарзда қабул қилинади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари педагогларни маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан моддий ва ижтимоий рағбатлантириш чораларини кўриши мумкин.
Педагогларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланади, юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Педагогни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш иш берувчининг зиммасига юклатилади.
Нодавлат таълим ташкилотларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби мазкур ташкилотларнинг меҳнат ҳақидаги ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан, ходимларнинг ундан ўтишда чиқимдор бўлмаслиги ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Жиноят ишлари бўйича
Шароф Рашидов туман суди раиси
З.Худайбердиев