Саноат ва энергетика мажмуалари қурилиши бошланди
Саноат ва энергетика мажмуалари қурилиши бошланди
Ўзбекистон Президентининг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида саноат ва энергетика лойиҳаларининг бошланишига бағишланган маросим бўлди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг бошида барчани яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклаб, халқимиз манфаати йўлидаги ҳаракатларга хайр-барака тилади.
Маълумки, саноат ривожи барқарор энергетикага боғлиқ. Шу боис бу икки соҳа мутаносиб ривожлантирилмоқда. Биргина 2023 йилда мамлакатимизда 4 минг 600 та саноат корхоналари ишга туширилди. Саноат 6 фоизга ўсиб, 656 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 7 та йирик иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини тармоққа уланди. Бундан ташқари, 14 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобига 12 гигаваттли 31 та электр станцияси барпо этилмоқда. Бу йил Навоий, Бухоро, Наманган, Тошкент ва Қашқадарёда 2,6 гигаватт қувватлар тармоққа уланади. Умуман олганда, муқобил энергетикани ривожлантириш ҳисобига жорий йилда “яшил” энергиянинг генерациядаги улуши 30 фоизга етади.
– Биз бу ишларни халқимизга муносиб турмуш шароити ҳамда саноатимиз ривожи учун узлуксиз энергия таъминотини яратиш мақсадида амалга ошираяпмиз. Бу ҳамма ҳудудларда яхши анъанага айланиб улгурди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жиззах вилоятида ҳам бундай лойиҳалар кўп. Улардан бири – Ғаллаорол туманида барпо этиладиган, металлургияга ихтисослашган саноат зонаси. У ерда 500 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, арматура, пўлат шарлар, қувурлар, автомобиль кузови ва махсус техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳудудда божхона омбори ҳам бўлади. Жами 5 мингта иш ўрни яратилади.
Иккинчи лойиҳа – Фориш туманида Хитойнинг “China Poly Group” ва “China Electric” компаниялари билан ҳамкорликда қуриладиган қуёш электр станцияси. 350 миллион долларлик ушбу мажмуа 500 мегаватт қувватга эга бўлади. Унда йилига 1,1 миллиард киловатт соат “яшил” энергия ҳосил қилинади. Бу 450 минг хонадоннинг энергия таъминоти яхшиланади, дегани. Станциянинг дастлабки 200 мегаватт қувват шу йил якунида тармоққа уланади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур икки мажмуа қурилишини бошлаб берди.
Яқин йилларда Шароф Рашидов, Фориш ва Ғаллаорол туманларида яна 1 минг 660 мегаваттли иссиқлик, шамол ва қуёш электр станциялари ҳам қурилади. Булар аҳоли турмуш даражасини ошириб, иқтисодиёт ривожига қўшимча туртки бўлади.