Шароф Рашидов тумани ҳокими Холбутаев Маҳмуд Парсаматовичнинг ҳудуд ёшларига М У Р О Ж А А Т И
Азиз туманимиз ёшлари!
Шароф Рашидов тумани Ёшлар ишлари бўлими томонидан сизларга йўлланган мурожаатни ўқиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги ролингиз тобора ортиб бораётганини яна бир бор ҳис қилдим.
Давлатимиз Раҳбари томонидан мамлакатимизда жорий йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши, ҳар бир маҳаллада ёшлар билан манзилли ишлаш борасида олдимизга улкан вазифаларни қўймоқда.
Бу вазифаларни амалга ошириш учун ўтган йилнинг ўзида туманимизда “Ёшлар дафтари” орқали 3420 нафар ёшларга 4 млрд 200 млн сўмлик ёрдам кўрсатилди.
“Ёшлар баланси” асосида 1 минг 453 нафар “қизил” тоифадаги ёшлар 53 нафар сектор ва ташкилот раҳбарларига номма-ном бириктирилди. Амалий чоралар натижасида уларнинг ҳаммаси “яшил” тоифага ўтказилди.
Ҳар бир маҳаллада “фуқаробай” тасдиқланган “Ёшлар бандлик дастурлари” амалга оширилиб, 869 нафар ишсиз ёшлар ва 3 минг 125 нафар мактаб битирувчиларининг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, ёшларнинг 300 нафарига 11,9 млрд сўм имтиёзли кредит, 460 нафарига деҳқончилик учун 225 гектар экин майдонлари ажратилди.
Маҳалла, мактаб, профессионал таълим ва олийгоҳлар тизимида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақаларда туманимизнинг 92 нафар ёшлари юқори натижаларни қўлга киритди.
Лекин, туманимизда ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатлаш, уларни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳаётда ўз ўринларини топишларига қаратилган ишларимизни янада такомиллаштиришимиз лозим.
Шу боис, жорий йилда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўрамиз.
Бунинг учун, биринчи навбатда “Ёшлар дафтари” тизими орқали 3 минг 415 нафар ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга асосий эътиборимизни қаратамиз.
“Ёшлар баланси” асосида 334 нафар давлат кўмагига муҳтож ёшларни 27 нафар сектор ва ташкилот раҳбарларига бириктириб, йил якунига қадар уларни тўлиқ “яшил” тоифага ўтказамиз.
Йил якунига қадар тадбиркорлик қилиш истагидаги 800 нафар ёшларимизнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 15 млрд 500 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратамиз.
Деҳқончилик қилиш истагидаги 734 нафар ёшларга 700 гектар унумдор экин майдонларидан ажратиб, ҳар бир ёшнинг йилига ўртача 40-50 млн сўм даромадга эга бўлишини таъминлаймиз.
“Ёшлар бандлик дастурлари” ва “Ҳаракатлар режаси” орқали туманимиздаги барча маҳаллаларни ёшлар ишсизлиги ҳамда жиноятчилигидан ҳоли ҳудудга айлантирамиз.
Шунингдек, хорижда ишлаш истагидаги 900 нафар ёшларни мономарказ, касб-ҳунар маркази ва техникумда чет тили ва касб-ҳунарга ўқитиб, ташкиллаштирилган тартибда ривожланган давлатлардаги хавфсиз ва юқори даромадли иш ўринларига юборамиз.
1200 нафар битирувчиларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитиш, 750 нафар деҳқончилик қилиш истагида бўлган ёшларимизга ер ажратиш, ва орқали бандлигини таъминлаймиз.
Хорижий тил сертификатига эга ёшлар сонини 10 минг 500 нафарга, ёш китобхонлар сонини 12 минг нафарга етказиш чораларини кўрамиз.
Бунинг учун ўқувчи ёшларимизни иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш бўйича мактабларда барча зарур шароитларни яратамиз.
Ай-Ти соҳасига қизиқиши бор 96 нафар ёшларни “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳасига жалб қилиш орқали соҳадаги юқори даромадли ишлар билан таъминлаймиз.
Шунингдек, туманимизда 5 та мактаб, 3 та спорт майдончалари барпо этилади, 1 та ёшлар сайилгоҳи, 1 та ёшлар ижод кўчаси, 1 та “Креатив парк”, 3 та кутубхона ташкил этилади.
Олдимизга қўйган бу улкан режа ва вазифаларни амалга оширишда сиз азиз ёшларимиз биз билан бир сафда бўлиб бор куч ва имкониятингизни сафарбар этишингизга, ташаббусни ўз қўлингизга олиб, маҳаллангиз ва тенгқурларингизнинг ҳаётини яхшилаш, туманимизни янада обод қилиш йўлида бор куч ғайратингизни аямаслигингизга ишонамиз.
Биз туман раҳбарлари сиз азиз ёшларимизнинг таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз.
“Қарс икки қўлдан чиқади” – деган доно нақлга таяниб, сиз азиз ёшларимиз ҳар дақиқанинг қадрига етиб, ўз устингизда тўхтовсиз ишлашингиз, китоб ўқишингиз ҳамда хорижий тилларни ўрганишни “қатъий кун тартибингиз”га айлантиришингиз ҳамда туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлишингизга ишонамиз.
Умуман олганда биз сизларни доим қўллаб-қувватлаймиз ва туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларимизни фаол иштирок этишга, ташаббускор ва фаол бўлишга чақириб қоламиз.
Этиборингиз учун раҳмат!