Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорликнинг янги босқичида
Мамлакатимизда сўнгги йилларда кузатилаётган ўзгариш ва жараёнлар, янгича ёндашув ва дадил қадамлар ташқи сиёсатимизда ҳам янги саҳифа очилишига замин яратмоқда.
Айниқса, қардош Марказий Осиё халқлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги босиқчга кўтарилди. Марказий Осиё халқлари азал-азалдан ёнма-ён яшашган, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишган.
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни юқори даражага кўтаришда, уларнинг ривожланиш стратегиясини белгилашда ва амалга оширишда бешта давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган сиёсати муҳим омил бўлмоқда. Бу эса албатта, ҳар бир мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва дўстона алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга – стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилишига замин яратмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан 7 август куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифини Ўзбекистон билан қардош Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида ўта муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.
Қардош ўзбек ва қозоқ халқларини кўп асрлик дўстлик ва биродарлик муносабатлари боғлаб туради. Сўнгги йилларда ҳар икки давлат ҳам ўзаро манфаатли муносабатларга асосланган минтақавий шериклик кун тартибини изчил ривожлантириб бормоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро муносабатлар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётганлигини амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида ҳам кўришимиз мумкин.
Бу айниқса, икки давлат етакчиларининг ўзаро ташрифларида тасдиқланаётган лойиҳалар, эришилаётган истиқболли келишувлар, имзоланаётган ҳужжатларда яққол намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбаринининг Қозоғистонга давлат ташрифи Оқўрда қароргоҳида расмий кутиб олиш маросимидан бошланди. Шундан сўнг Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, ҳамкорлик келишувларининг янги истиқболлари муҳокама этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик Марказий Осиёнинг геосиёсий манзарасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги, икки давлат ўртасидаги шериклик муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели бўлиб, дунё ҳамжамияти ҳам икки давлатнинг самарали ҳамкорлик тамойилларига алоҳида эътиборини қаратаётганлиги таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга давлат ташрифи шубҳасиз, муҳим сиёсий воқелик сифатида барча соҳадаги икки томонлама муносабатларнинг сифат жиҳатидан юқори даражага чиқишига хизмат қилади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Қозоғистон Республикасининг "Олтин Қирон" ордени билан тақдирланиши мамлакатимизга жуда катта эътибор ва эътирофнинг ёрқин ифодасидир. Бундай юксак мукофот икки халқнинг кўп асрлик чинакам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга берилган баҳодир.
Бу Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларини янги тарихий босқич - стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига олиб чиқиш сари муштарак интилишларнинг эътирофи ҳамдир. Музокаралар давомида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев олий таълим муассасалари филиалларининг очилиши ва "Сиань - Хорғос - Олмаота - Сариёғоч - Тошкент" йўналиши бўйича биринчи юк поездининг етиб келишига бағишланган маросимда иштирок этдилар. Давлат раҳбарлари ҳузурида олий таълим ва транспорт-транзит соҳаларидаги лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши, албатта икки қардош халқ фаровонлиги, икки томонлама стратегик шериклик борасида янги саҳифа очишига замин яратади.
Ташрифнинг олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши мамлакатимизда ушбу соҳаларнинг янада тараққий этишига хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ҳудудларнинг инвестициявий салоҳияти ортишида, шу билан биргаликда янги иш ўринларининг яратилиши ҳисобига аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Жасурбек ҚАРШИЕВ,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах вилояти
ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси