Шароф Рашидов ҳақида янги китоб
Шароф Рашидов ҳақида янги китоб
Шароф Рашидов ҳақида яна бир янги асар пайдо бўлди. Беларусь Республикасининг пойтахти Минск шаҳридаги “Альфа-книга” нашриёти ўзбек муаллифи Исмат Кучиевнинг “Шараф Рашидов: ПОБЕДИТЕЛЬ” (“Шароф Рашидов: ҒОЛИБ, МУЗАФФАР”) номли қарийб 500 бетли китобини 3 минг нусхада, рус тилида нашрдан чиқарилди, деб ёзмоқда ЎзА.
Китоб муаллифи Шароф Рашидовга руҳан яқин шахс, у публицист, ёзувчи, шоир ва жамоат арбоби. Шароф Рашидовнинг 70- йиллардаги, 80- йиллар бошидаги драматик ҳаётини, унинг ижодини, фаолиятини яхши биладиган кишидир.
Асарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг:
“Халқимизнинг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов эл-юртимиз учун фидойи раҳбар, бетакрор ва беназир шахс эди…
Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам эл-юртимиз манфаатини ўйлаб яшаган Шароф Рашидовнинг буюк хизматлари халқимиз хотирасида абадий сақланиб қолади.
Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди.
Муқаддас китобларимизда алоҳида таъкидлаб ўтиладики, яхшиликнинг мукофоти яхшилик бўлади», деган сўзлари келтирилади.
Китобнинг илк саҳифасига “Шароф Рашидович Рашидовнинг ёрқин хотирасига бағишланади”, деб ёзиб қўйилган ва унинг “Ғолиблар” романидан олинган “Яшаётганингдек яшагин... Ҳормай-толмай меҳнат қил. Сенга топширилган ишга бор кучингни сафарбар эт. Мана шунинг ўзи сенинг ҳар куни содир этаётган қаҳрамонлигингдир” деган сўзлари келтирилади.
Асарда Шароф Рашидовнинг ҳаёт йўли, ўша даврдаги мураккаб муҳит ва таниқли ўзбек фарзанди фаолиятига алоқадор ҳали кўпчиликка номаълум бўлган воқеалар тўғрисида ҳикоя қилинади.