Жиззахдаги ҳарбий қисмда 100 нафар ёшлар учун 10 кунлик йиғин бошланди
Жиззахдаги ҳарбий қисмда 100 нафар ёшлар учун 10 кунлик йиғин бошланди
Жиззах вилояти ҳарбий маъмурий сектори ҳамда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмда “Ёш ватанпарварлар йиғини” лойиҳасининг иккинчи мавсуми бошланди.
Унда 18-30 ёш атрофидаги 100 нафар ёшлар 10 кун муддатда жанговар, спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда касбга йўналтириш бўйича машғулотларга жалб қилинади.
Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган вилоятда муқим иш жойига эга бўлмаган ёшлар ҳамда ички ишлар назоратида бўлган ёшлар рўйҳати шакллантирилди ва улардан юз нафари “Ёш ватанпарварлик йиғини”нинг иккинчи мавсумининг иштирокчисига айланди.
Бу ерда ёшлар ҳарбий фанлардан ташқари, йигитларни касбга йўналтириш бўйича етакчи мутахассислар томонидан турли мавзудаги тренинглар ўтказилади.
Жиззах вилоятидаги 12 та туман ва Жиззах шаҳридан ҳарбийликка қизиқиши юқори ва асосийси ўз истагига кўра келган ёшларга ҳарбий либослар берилди.
Тиббий кўрикдан ўтказилди. Гуруҳларга бўлиб, ётоқхоналарга жойлаштирилди. Аскарлар ошхонасида овқатланиши учун озиқ-овқат таъминоти йўлга қўйилди.
“Ёш ватанпарварлар йиғини”нинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эргаш Салиев ёшларни тарбиялашда янгича тизим жорий этилгани ва айни дамда амалда эканлигини таъкидлаб, биринчи мавсумдаги ёшларнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари хусусида тўхталди ва бу мавсумдаги ёшлар учун бундан кўп имкониятлар ва шароитлар яратилгани ҳақида сўзлаб ёшларни руҳлантирди.
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов ёшларга йиғин давомида жисмоний ва ахлоқий-руҳий жиҳатдан яхши ва аъло кўрсаткичлар қайд этган ёшларни округ қўшинлари контракт асосида хизмат қилишлари мумкинлиги ва бунинг учун март-апрель ойларида бир ойлик хизматга, май ойидан эса шартнома асосидаги ҳарбий хизматга қабул қилиниши хақида гапириб, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш истаги бўлган ёшларга имкон берилгани таъкидлади.
Тантанали маросимда ёшлар қалбида миллий руҳ, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш мақсадида намойиш этилган буюк аждодларимиз, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур саҳна кўринишлари, ҳарбий оркестр жамоаларининг чиқишлари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган кўл жанги чиқишлари ёшлардаги қизиқишни янада оширди.
Вилоят маданият бошқармасининг истедодли санаъткорлари ҳамда фольклор жамоаларининг концерт дастури эса иштирокчиларга илк кунидаёқ кўтаринки кайфият улашди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси мудофаасини бошқариш миллий марказида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда армия билан биргаликда ҳарбий маъмурий секторлари ҳам олдинги қаторларда бўлиши ва ушбу ёш ватанпарварлар йиғинини изчил давом эттиришни таъкидлаганди.