ЖИЗЗАХДА ЎҚУВ КУРСЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
ЖИЗЗАХДА ЎҚУВ КУРСЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Шароф Рашидов туманларида илғор инновацион усуллар – сув тежовчи технологияларни амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган сайёр ўқув курслари ташкил этилди. Дўстликда ўтган тадбирга асосан пахтачилик ва ғаллачилик билан шуғулланувчи Мирзачўл, Арнасой ва мезбон туманлар агрокластер ва фермер хўжаликлари вакиллари таклиф этилишган бўлса, Ш.Рашидов туманида бўлиб ўтган анжуманда воҳанинг қолган барча ҳудудларининг деҳқончилик, боғдорчилик ва соҳибкорлик соҳалари миришкорлари иштирок этишди.
Сув хўжалиги вазирлиги, Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг профессор-ўқитувчилари сув тежовчи технологияларни ҳаётга татбиқ этиш, оби-ҳаёт танқислиги тобора сезилиб бораётган бир даврда экинларни томчилатиб, ёмғирлатиб, пульсар ва бошқа илғор замонавий усулларда суғоришнинг афзалликлари, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатдан исботлангани ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.
– Томчилатиб суғориш усулининг кони фойда эканлигиин ўз тажрибамда синаб кўрдим, – дейди Зарбдор туманидаги “Ютуқ майдони” фермер хўжалиги раҳбари Олим Тоштемиров. – Ўтган йили бу усулда 20 гектар майдонда пахта етиштирдик. Ҳосил аввалги йилларга нисбатан қарийб 20 фоиз кўп бўлди. Энг муҳими, томчилатиш усули ёрдамида экинларни нафақат сувга қондириш, балки турли ўғитлар билан озиқлантириш ҳам мумкинлиги, бунинг устига қўл кучи, техника ва ёнилғини сезиларли даражада иқтисод қилиниши бизга маъқул келди. Бугунги тадбирдан эса, яна бошқа бир қатор фойдали билим ва кўникмалар олишга муваффақ бўлдик.
Дарҳақиқат, малакали мутахассислар иштирокида Жиззах вилотида ташкил қилинган ўқув курслари мунозараларга бой тарзда ўтди. Дала меҳнаткашлари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олиш имкониятига эга бўлишди. Якунда бу каби амалий алоқаларни давом эттириб боришга келишиб олинди.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати