Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида.

Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида.

14 март 2022 йил
555
0

Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддасига мувофиқ Эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бериш (реализация қилиш) ушбу Кодексда белгиланган тартибда фақат шу ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори - ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унга етказилган зарарнинг (шу жумладан бой берилган фойданинг) қопланишини ёки ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечилганида сарфланган харажатларнинг тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

 

Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби қўйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган;

  • Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси;
  • Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси;
  • Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 15 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ЎРҚ-728-сонли Қонуни;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
    ПФ-5490-сонли Фармони;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5495-сон Фармони;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги
    Ф-5491-сонли “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги»ги низоми;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги низом;

 

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекснинг 37-моддасига кўра ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг бузилишига турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган иморатлар, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда бошқа бино ва иншоотлар амалда тўлиқ бўшатиб қўйилганидан, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати, кўчириш, юридик, жисмоний шахсларни янги жойлашган ери ёки яшаш жойига, шу жумладан вақтинчалик олинган кўчмас мулк объектига кўчириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан бой берилган фойда ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатларнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнг рухсат берилади.

Давлат органининг (мансабдор шахснинг) ер участкаси олиб қўйилиши билан боғлиқ қонунга хилоф маъмурий ҳужжати қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат томонидан қопланади.

Ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Корхоналар, бинолар ва иншоотлар қуриш учун ер участкаларини олиб қўйишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар лойиҳалаш бошлангунга қадар ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашни инобатга олган ҳолда объект қуриладиган жойни, участканинг тахминий ўлчами ва уни ажратиш шартларини ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар, шунингдек тегишинча вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокими ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан олдиндан келишиб олиши шарт. Бундай тарзда олдиндан келишиб олинмагунга қадар лойиҳа ишларини молиялаштиришга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5490-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги механизмини жорий этиш, яъни

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармани ташкил қилиш;

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини белгилаш, уларда маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари жалб қилинишини назарда тутиш;

давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини Жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартибини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини назарда тутган ҳолда, Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарорини қабул қилиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5495-сон Фармонига мувофиқ - 2018 йил 1 сентябрдан; 

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши;

ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилиниши;

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, ушбу ер участкаларини бошқача тарзда ва бошқа шахсларга ажратиш тақиқланиши;

ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши;

жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши назарда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
3 августдаги Ф-5491-сонли “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши билан Вазирлар Маҳкамасига

а) давлат ва жамият эҳтиёжлари, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва бошқа ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар амалга оширилиши доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи ҳукумат қарорини қабул қилиш:

муайян ҳудудда фуқароларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда талаб юқори бўлган ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик объектларни қуришни назарда тутувчи давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш;

ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос тоифасига кирадиган объектлардан ташқари) билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш;

тегишли ҳокимлар томонидан ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари, инвестиция ва бошқа ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби, турлари, миқдори ва муддатларини, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кўчмас мулк объектларининг мулкдори, манфаатдор ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органи ўртасида тузиладиган ёзма келишув билан белгилаш;

б) ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги ва шу муносабат билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.

Мазкур фармойиш билан ҳукумат қарори қабул қилингунига қадар давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, бошқа мақсадларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари 2019 йил 5 августдан бошлаб  қуйидаги босқичлардан иборат тартибда, яъни

биринчи босқичда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

иккинчи босқичда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича - Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича Бош вазирнинг ўринбосари томонидан хулоса тайёрланади;

учинчи босқичда - тайёрланган хулоса Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритиш тартиби амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур Фармойишга биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, қарор билан

а) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ҳамда ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорларига биноан амалга оширилиши; (мазкур банд 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга кирган)

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилиниши;

в) ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланиши;

г) кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилиши;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ёки бошқа давлат органи томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаганлиги сабабли бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш йўли билан ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан жисмоний шахсларга (якка тартибдаги тадбиркор, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар) ва юридик шахсларга (тадбиркорлик субъектлари, нодавлат ташкилотлар) эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартибини белгиловчи “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди.

Ушбу Низомга кўра давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда, яъни

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
  • халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
  • автомобиль йўллари ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилиши белгиланган.

Бундан ташқари, юқоридаги мақсадларда хусусийлаштирилган ер участкасини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олиш тартиби мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунига кўра хусусийлаштирилган ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олиш фақат ер участкалари мулкдорлари билан сотиб олишнинг шартнома нархи ва сотиб олиш шартлари очиқ муҳокама қилинганидан кейин, шунингдек Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма билан мажбурий равишда келишилганидан кейин амалга оширилади.

Хусусийлаштирилган ер участкасининг сотиб олиш қийматини тўлаш ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи давлатга ўтказиладиган пайтга қадар тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.

 

Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида ҳужжатларни тайёрлаш тартиби

Ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос мавжуд бўлган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкалари аниқланади, агар аниқланмаса - бошқа ер участкалари танланиб, тегишли тақдимот материаллари тайёрланади.

Тақдимот материаллари тайёрланган кундан сўнг бир иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли ҳулоса ва бошқа маълумотларни олиш учун қурилиш бўлимлари ва ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалларига сўров юборилади.

Сўров тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида:

қурилиш бўлимлари қурилиш объектларининг лойиҳа ҳужжатларини ушбу ҳудудни ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига (улар мавжуд бўлмаганда белгиланган тартибда тақдим этилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган ер участкаларини жойлаштириш схемаларига) мувофиқли юзасидан ҳулоса ва бошқа маълумотларни тайёрлайди ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади;

ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиаллари ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхатини ва улар ҳақидаги бошқа маълумотларни тайёрлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари тегишли ҳулосалар ва бошқа маълумотлар олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида мулкдорларга бериладиган компенсациянинг дастлабки миқдорини аниқлайди.

Қуйидаги ҳолларда қурилиши режалаштирилаётган объектлар бўйича тақдимот материалларини тайёрлаш талаб этилмайди:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги учун ерларни тақдим этиш;
  • халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш.

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида тақдимот материаллари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги
1047-сон қарори билан ташкил этилган тегишли Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма кузатув кенгаши билан келишилиши лозим.

Кузатув кенгаши қабул қилинган қарор ҳақида уч иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларини ёзма равишда хабардор қилади.

Кузатув кенгашининг ёзма розилиги олинганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари икки иш кунида тақдимот материалларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан фойда ва харажатларни баҳолаш масаласини кўриб чиқиш учун юборади.

Кузатув кенгашининг ёзма розилиги олинмасдан туриб тақдимот материалларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига киритиш тақиқланади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисларида тақдимот материаллари ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқиш тартиби

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлиси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда чақирилади ва ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида қуйидаги масалалар кўриб чиқилиши шарт:

  • тақдимот материаллари муайян ҳудуддаги фуқароларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, шунингдек, ҳудуд аҳолисининг аксарият қисмининг фикрини ҳисобга олган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга объектларни қуришга йўналтирилганлиги;
  • биринчи навбатда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос тоифасига кирадиган объектлардан ташқари) билан банд бўлган ер участкалари аниқланганлиги, агар аниқланмаган бўлса — бошқа ер участкалари танланганлиги.

Очиқ муҳокамани ўтказишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин йўл қўйилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган тақдимот материаллари ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат мобайнида қайта кўриб чиқилиб, такроран киритилиши мумкин.

Такроран киритилган тақдимот материалари умумий тартибда кўриб чиқилади.

Очиқ муҳокамани ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор такроран қабул қилинган тақдирда тақдимот материаллари кейинчалик кўриб чиқилмайди.

Очиқ муҳокамани ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

  • уй-жой фондининг эскирган ва авария ҳолатида бўлган объектлар, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос объектларидан ташқари) билан банд бўлган ер мавжуд бўлса;
  • лойиҳа ер участкаси олиб қўйилиши мақсадларига тўғри келмаса;
  • таклиф этилаётган лойиҳа бўйича зарар фойдадан ошиб кетган бўлса;
  • Кузатув кенгашининг розилиги бўлмаганда (ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилса).

Очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисларида етарли даражада овоз тўпланмаган тақдирда ҳам ўтказилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори у қабул қилинган кундан сўнг бир иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилади.

Ушбу қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий сайтларида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида келиб тушган кундан кейинги иш куни эълон қилиниши шарт.

 

Мулкдорлар билан очиқ муҳокамани ўтказиш тартиби

Очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб йигирма кун мобайнида ўтказилади.

Ушбу муддат бузилган тақдирда тақдимот материаллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан умумий тартибда қайта кўриб чиқилиши лозим.

Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига очиқ муҳокама ўтказиш санаси ва жойи кўрсатилган хабарнома Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб икки кун мобайнида, бироқ очиқ муҳокама ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин ташаббускор томонидан ёзма равишда юборилади.

Мулкдорларни очиқ муҳокама ўтказиш санаси ва жойи ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий сайтларида, оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида хар куни эълон бериш орқали хабардор қилишга йўл қўйилади.

Очиқ муҳокама ташаббускор томонидан ташкил этилади.

Шу ўринда ташаббускор томон деганда - ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ташаббуси билан чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари тушунилади.

Очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши ва уларнинг иштироки ташаббускор томонидан таъминланиши шарт.

Очиқ муҳокама давомида ташаббускор мулкдорларни ушбу ер участкасида лойиҳани амалга ошириш шартлари, мақсад ва истиқболлари билан таништириши ҳамда уларнинг фикрларини эшитиши шарт.

Зарур ҳолларда тақдимот материаллари мулкдорларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилиши мумкин.

Очиқ муҳокама якуни бўйича баённома расмийлаштирилади ва у ташаббускор ҳамда барча мулкдорлар томонидан имзоланади. Имзолашдан бош тортилган тақдирда бунинг сабаблари кўрсатилган ҳолда далолатнома расмийлаштирилади.

Баённома Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий сайтларида расмийлаштирилган кундан кейинги иш куни эълон қилиниши лозим.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлар томонидан ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарорини қабул қилиш тартиби

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан:

ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори - очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда ва харажатлар тўлиқ баҳолангандан сўнг қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарорида:

олиб қўйилаётган ер участкасининг географик координатлари;

ер участкаси олиб қўйилишининг асослари ва мақсадлари;

бузиб ташланиши керак бўлган кўчмас мулк эгалари ва объектлари тўғрисидаги маълумотлар;

олиб қўйилаётган ер участкасида қурилиши лозим бўлган объектлар ҳақидаги маълумотлар;

ер участкасининг олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга компенсация бериш, шу жумладан, ер участкаси олиб қўйилиши билан боғлиқ бошқа масалалар кўрсатилиши шарт.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг расмий сайтида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши шарт.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликлари мулкдорлар билан келишиш ишларини амалга оширади.

Келишувга эришилгач Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мулкдор икки томонлама Келишув имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланади.

Компенсация миқдори, турлари ва бериш муддати Келишувда назарда тутилади.

Келишувни имзолаган мулкдор ушбу Низомда белгиланган тартибда ер участкасининг олиб қўйилишига ва унда жойлашган кўчмас мулк объектининг бузиб ташланишига розилик берган деб ҳисобланади.

Келишув нотариал тасдиқланганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳисобга олиниши лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари компенсация ўз вақтида ва тўлиқ, шу жумладан, инвестор томонидан ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини кафолатлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағларининг сарфланишида компенсация тўлаб бериш устувор харажат ҳисобланади.

Олиб қўйиладиган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказишга Келишув имзоланганидан сўнг ташаббускорнинг ёзма розилик хати мавжуд бўлган тақдирда ёки Келишув (Келишувда назарда тутилган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган ҳолларда йўл қўйилади.

Бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олган мулкдор мазкур Низомга мувофиқ тузилган Келишувдан келиб чиқувчи аввалги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

 

Жиззах Вилоят маъмурий суди судьяси А.Сайфитдинов

 

 

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва компенсация бериш

СХЕМАСИ

 

Босқич

Субъектлар

Механизм

Муддатлар

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Тегишли қарор қабул қилинади.

Заруратга кўра

2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

Эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкалари мавжудлигини аниқлайди.

Заруратга кўра

3-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

1. Қурилиш объектининг лойиҳа ҳужжатларини архитектура қисми бўйича тақдимот материалларини тайёрлайди.

Заруратга кўра

2. Қурилиш бўлимлари ва Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалларига тегишли ҳулоса ва бошқа маълумотларни олиш учун сўров юборади.

Материаллар тайёр бўлганидан сўнг, 1 иш куни мобайнида

Қурилиш бўлимлари

1. Қурилиш объекти лойиҳа ҳужжатларини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида маълумотлар тайёрлайди.

2. Материалларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.

5 иш куни мобайнида

Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиаллари

1. Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхатини тайёрлайди.

2. Материалларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

1. Компенсациянинг дастлабки миқдорини аниқлайди.

2. Тақдимот материаллари жамғарманинг Кузатув кенгашига юборади.

5 иш куни мобайнида

Жамғарманинг Кузатув кенгаши

1. Тақдимот материалларини кўриб чиқади.

2. Компенсация тўлаш учун етарли маблағ мавжудлигини текширади.

3. Ер участкасини олиб қўйилишини келишиш ёки келишишни рад этади.

4. Қабул қилинган қарорни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.

3 иш куни мобайнида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

Ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли Халқ депутатлари кенгашига ер участкасини олиб қўйилиши муносабати билан фойда ва харажатлар баҳолаш масалаларини кўриб чиқилиши учун юборади

2 иш куни мобайнида

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли Халқ депутатлари кенгаши

1. Материалларни кўриб чиқиш ва очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарорни қабул қилади.

Заруратга кўра

2. Қарорни эълон қилади ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.

Қарор қабул қилинганидан сўнг 1 иш кун мобайнида

4-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

1. Очиқ муҳокама ўтказилиши тўғрисида мулкдорларни хабардор қилади.

2 иш куни мобайнида

2. Очиқ муҳокама ўтказилишини ташкиллаштиради.

15 кун мобайнида

3. Баённома тузади.

4. Баённомани эълон қилади.

Очиқ муҳокама ўтказиладиган кунида

5-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли Халқ депутатлари кенгаши

1. Ер участкасини олиб қўйиш ёки рад этиш тўғрисида қарорни қабул қилади.

2. Қарорни эълон қилади.

Очиқ муҳокама ўтказилганидан сўнг 5 иш куни мобайнида

6-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

Олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқ ҳамда бузиб ташланиши режалаштирилаётган кўчмас мулк объектининг бозор қиймати бўйича баҳолашни ташкиллаштиради. Шу билан бирга қуйидагилар миқдорини аниқлайди:

- бошқа жойга кўчиш, муддатли ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;

- бой берилган фойда;

- бошқа харажатлар

Келишувга кўра

7-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва мулкдор

1. Компенсация тури, миқдори ва бериш муддатини келишади.

2. Ёзма шаклда шартномани тузади ва нотариал тасдиқлаш чораларини кўради.

Келишувга кўра

8-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

1. Келишувларни ҳисобга олади.

2. Келишувда назарда тутилган компенсацияни беришни таъминлайди.

3. Компенсация берилишини мониторинг қилади.

Келишувда кўрсатилган муддатда

9-босқич

Мулкдор

Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иншоотларни ва бошқа иморатларни тўлиқ бўшатиб беради (турар-жой биноларида яшовчи шахсларни кўчириш чораларини кўради).

Келишувда кўрсатилган муддатда

10-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

1. Бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлайди.

2. Лойиҳа ва бошқа ҳужжатларни тегишли адлия органларига юборади.

2 иш куни мобайнида

Адлия органлари

1. Бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ва ҳужжатларни кўриб чиқади.

2. Бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши юзасидан хулоса (ижобий ёки салбий) тайёрлайди.

3. Хулосани Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.

2 иш куни мобайнида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари

1. Бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилади.

Заруратга кўра

2. Бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиаллари ва туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларига юборади ҳамда ўзининг расмий сайти ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

1 иш кунида

11-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари ёки мулкдор

Кўчмас мулк объектини бузишни ташкиллаштиради

Заруратга кўра

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар