Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ўзгалар парвариши ва кўмагига муҳтож фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, давлат қарамоғига олиб, моддий-маънавий кўмаклашиш, ўксик кўнгилларга таскин бериш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос азалий қадрият сифатида янги паллага кирмоқда.
Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили бепул тиббий-ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш кўлами 5 минг нафардан 20 минг нафарга ортди. Ўзгалар парваришига муҳтож 484 нафар якка ва ёлғиз истиқомат қилувчи кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан қамраб олинди.
Шунинг билан бирга ўтган давр мобайнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 625 дона катталар ва 37 дона болалар учун ногиронлик аравачалари, 82 дона кўзи ожизлар учун махсус овоз чиқарувчи танометр, 265 дона эшитиш мосламаси, 571 дона хасса ва қўлтиқ-таёқ, 301 нафар имконияти чекланган фуқаролар учун протез-ортопедия махсулотлари, 80 нафарига электр-юритмали кресло аравачалар, 164 нафарига овоз чиқарувчи танометрлар ва овозли термометрлар билан таъминланди.
Ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 августдаги ПҚ-365-сонли қарорига мувофиқ,41,1 млрд.сўм бюджет маблағлари ҳисобига Шароф Рашидов туманида Жиззах “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи янгидан қуриб фойдаланишга топширилди.
“Мурувват уйи” 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, физотерапия, стоматология, меҳнат терапияси, сартарошхона, ошхона, кутубхона, сунъий қопламали стадион, спорт зал ва 200 ўринга мўлжалланган замонавий фаоллар залида барча шарт-шароитлар яратилган.