Жиззах вилоятида 2023/2024 ўқув йилидан Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиали ва Вилоят болалар диагностика маркази ташкил этилади.
Мазкур филиалнинг асосий вазифалари этиб ҳудудда малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш кабилар белгиланмоқда.
Шунингдек:
- фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини таъминлаш;
- хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш;
- республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга иқтидорли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиал илмий-педагогик кадрлар салоҳиятини ошириб бориш;
- Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш.