АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов ушбу савол юзасидан батафсил маълумот берди.
Пойтахтимизнинг иссиқлик тизимидаги энг охирги нуқталари бўлган Учтепа ҳамда Чилонзор туманларида, шунингдек, Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Ангрен шаҳарлари ҳудудларида намуна сифатида кўп қаватли уйларни базальт плиталари билан қоплаш ишлари бошланган. Мутахассисларнинг фикрича, базальт плиталари билан қопланган уйларда ўртача 30-35 фоизгача энергосамарадорликка эришиш мумкин. Базальтнинг самараси ёз ойларида ҳам сезилади, ҳаво совиткич қурилмаларига бўлган эҳтиёж уч бараварга камаяди, чунки базальт қишда иссиқни, ёзда совуқни нисбатан сақлаш хусусиятига эга. Базальт толали қоплама ташқаридаги шовқинни ҳам анча пасайтиради ва одатдаги 30-40 децибел шовқинни 15-20 децибелгача камайтириши тажрибаларда кўп бора исботланган. Базальт плиталари кўп қаватли уйларда бир метр баландликда ўрнатиляпти. Шунингдек, устидан махсус қоплама ҳам қилинмоқда. Бино фасадини ташқаридан базальт билан қоплаш - бу дунёда ўзини оқлаган амалиёт. Бу ерда нафақат маҳаллий балки хорижлик эксперт мутахассисларнинг фикрлари ҳам инобатга олиняпти.
Таъкидлаб ўтаман, бу комплекс режа. Бу жараёнлар дастлаб ташхис қилинади ва босқичма-босқич давом эттирилади. Ҳозирда Тошкент шаҳрининг ўзида қарийб 10 мингдан ортиқ эски кўп қаватли уйлар бор. Албатта бу уйлар аҳолининг хусусий мулки, унга тўғридан-тўғри аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу боис бу ишлар дастлаб намуна сифатида кўрсатилмоқда. Шу ўринда савол туғилади. Базальт ўзи нима? Бу аввало экологик материал. Базальт – бу тошнинг бир тури бўлиб, уни 1 400- 2000 даражали оловда эритиб, ундан тола олинади ва пахта ҳолатига келтирилади. Бунинг афзаллиги у аввало иссиқ ва совуқни ўтказмайди. Ўзига нам тортмайди. Муҳими моғор ҳам, бактерия ҳам ҳосил қилмайди. Моғор аслида иссиқлик ва совуқлик тўқнашган жойда, яъни, намлик юзага келиши натижасида пайдо бўлишини инобатга олиш зарур. Кўп қаватли уйлар деворларини изоляция қилиш натижасида аввало деворни ўзи исийди ва натижада ичкари томонда моғор юзага келмайди. Базальт толали қоплама деворга ўрнатилгач, натижа 7-8 кунда сезила бошлайди. Чунки, қопламадан сўнг, деворни ўзи ҳам исиб олиши керак.
2022 йилда Тошкент шаҳрида йилига 30 минг тонна базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фойдаланишга топширилди.
2023–2024 йилларда базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 63,1 млн доллар бўлган 3 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Корхоналар Андижон, Навоий ва Жиззах вилоятларида ишга туширилади ва йилига 95 минг тонна қўшимча қувват яратилади. Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг ўзида Республикада базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш қуввати 178 минг тоннага етказилади.
Бугунги кунда нафақат базальт балки унинг бошқа аналогларига ҳам кенг эътибор қаратилмоқда. Масалан, ваакумда қилинган ғовакли бетон, кварц қумдан тайёрланган минерал вата ёки пеноплекс каби қурилиш материаллари ҳам бор. Аммо уни хонадонларда қўллаб бўлмайди, чунки у ёнувчан материал ҳисобланади. Буни фақат бинонинг цоколь қисмига ишлатиш мумкин.
Албатта бу каби қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларни эксплутациясига масъул бўлган бошқарув сервис компаниялари ўртасида рақобат бўлса, ишлар тўғри ташкил этилади. Бугун ана шу мақсадга қатъий киришилган. Арзон ва сифатли хизмат кўрсатувчини аҳолининг ўзи танламоқда. Ҳозир бу ишлар намуна қилиб берилмоқда. Кейинги жараёнлар фақат тендер асосида амалга оширилади. Агар давлат билан шерикликда қилинадиган бўлса, уни махсус дирекциялар мувофиқлаштиради.