Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.12.2022-йилдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–269-сон Фармонига асосан ҳозирда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидаги ходимларга лавозим қисқариши муносабати билан огоҳлантиришлар берилмоқда.
Агарда, жойлардаги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг бухгалтери (аёл ходима) ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлиб, мутахассислиги тўғри келмаслиги сабабли, бўлим ходимларидан бирининг зиммасига унинг вазифасини вақтинча бажариш имконияти мавжуд бўлмаса, иқтисослиги тўғри келадиган бошқа шахс билан муайян муддатга меҳнат шартномаси тузган ҳолда янги ходимни ишга қабул қилса бўлади.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 75-моддасига асосан вақтинча бўлмаган ходимнинг ўрнига у ишда бўлмаган кундан бошлаб бошқа ходимни муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилишда бундай чекловлар йўқ.
Аёлга Кодекснинг 233-моддасига кўра туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда-етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланадиган даврида унинг ишини бажариш учун бошқа ходимни ишга қабул қилиш мумкин.
Бунда вақтинча ишга қабул қилинадиган янги ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасини айнан мана шу ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври мобайнида аниқ муддатли қилиб тузиб қўйишни унутмаслигингиз керак бўлади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида бўлган аёлнинг ўрнига бошқа ходимни ишга олиш мумкинлигини МКнинг қуйидаги моддалари билан асослантириш мумкин:
- 149-моддага кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ижтимоий таътил бўлиб ҳисобланиши;
- 151-модданинг учинчи қисмига кўра ижтимоий таътилларнинг барча турларидан асли ҳолида фойдаланилиши ва уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмаслиги;
- 233-модданинг иккинчи қисмида ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилиши кўрсатилган.
Агар ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган аёл мазкур таътили тугаганидан кейин МКнинг 234-моддасидаги талабларга асосан ўзининг хоҳишига кўра, боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил (ҳамда боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил) олса, бу аёлни ўрнига ишга қабул қилинган ходимда МКнинг 90-моддасига кўра иш берувчидан асосий меҳнат шартномасининг муддатли меҳнат шартини янги муддатга–бола парваришлаш таътилидаги аёлнинг ишга қайтиш кунигача бўлган муддатга узайтирилиши бўйича ўзгартириш киритишни сўраб мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Иш берувчи ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризасини қаноатлантирса, унинг муддатли меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилади ҳамда ушбу келишув асосида меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида иш берувчининг буйруғи расмийлаштирилади.
Яна МКнинг 105-моддасидаги қуйидаги нормаларга ҳам диққат қилишингизни маслаҳат берамиз:
- муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади;
- иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.
Агар аёл ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан сўнг ишга қайтса ёки иш берувчи ходимнинг МКнинг 90-моддасига кўра меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги талабларини ёзма шаклда сабабини маълум қилган ҳолда рад этган тақдирда, муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилиниши керак бўлади.
БЕГАЛИ ПАКИРОВ
Шароф Рашидов туман адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти