Марказий ҳарбий округ Жиззах гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида “Жиззах тажрибаси” асосида ёшлар билан “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик йиғинларини бошқа вилоятларга татбиқ этишга қаратилган амалий семинар бошланди.
Очилиш маросимида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида, шунингдек, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасида қатор вазифалар белгиланиб, бу бўйича Жиззах тажрибасини бутун республикага татбиқ этиш борасида тегишли кўрсатмалар берилган эди. Мазкур амалий семинар айнан шу мақсадларга йўналтирилди.
Семинарда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига бевосита масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Тадбирнинг бош режасига асосан бир вақтнинг ўзида бир нечта ўқув нуқтасида давом этаётган семинарнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборатдир:
Жиззах вилоятининг ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ҳамда уларни фуқаролик позициясини кучайтириш бўйича илғор тажрибасини мамлакатимиз ҳудудларига кенг жорий этиш;
Ёшлар билан ўтказиладиган шундай йиғинларни режалаштириш, ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ишлаш ва ёндашишнинг ягона алгоритмини, шунингдек, ёшлар сиёсатини амалга оширишга масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш;
Ёшларни тарбиялаш ҳамда уларнинг фуқаролик позициясини ва ижтимоий адаптациясини кучайтириш, шунингдек, уларни касбга ўргатиш, иш билан таъминлаш, жисмоний тарбия машғулотлари ва спортга кенг жалб этишнинг янада самарали шакл ва услубларини муҳокама қилиш ва белгилаш ҳамда олиб борилган ишлар натижаларини таъсирчан мониторинг қилиш тизимини яратиш.
Семинарнинг асосий қисми жорий йилнинг 15 февраль куни бўлиб ўтади. Шунингдек, тадбирлар якунида “Жиззах тажрибаси” асосида ёшлар билан ўтказиладиган йиғинларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ягона ёндашув ва ишлаш алгоритмини белгилайдиган ўқув-услубий тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.