Уришбой Юлдашев 1969 йилда Самарқанд давлат университетининг “Физика” факультетини тугатиб, 1969-1978 йилларда Ўзбекистон Фанлар Aкадемияси ядро физикаси институтининг ядро спектроскопия лабораториясида лаборант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим лавозимларида фаолият кўрсатди. 1974 йилда физика-математика фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя қилди. 1978 йилдан буён Жиззах политехника институтида турли лавозимларда ишлаб келмоқда. У “Электроэнергетика” кафедраси мудири сифатида ишлаган йиллари кафедранинг моддий-техник базаси ривожлантирилиб, илмий-ўқув лаборатория жиҳозлари олиб келинди ва ишга туширилди. AСКУЕ лабораторияси, қуёш батареялари, шамол электр генератори, Жанубий Кореядан келтирилган шамол-қуёш гибрид электр энергия манбаи, технопарк учун электр энергияси таъминоти қурилмалари шулар жумласидандир. Бу моддий-техник қурилмалар талабаларнинг замон талаби асосида етук, малакали мутахассислар бўлиб етишишига хизмат қиляпти.
Уришбой Юлдашев 1991 йилда қаттиқ жисмларни “Мессбауер спектроскопияси ва турғун рентген нурлари ёрдамида ишқорий ер кристалларни тадқиқ қилиш” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Мазкур спектроскопик қурилма мамлакатимизда ягона ва энг замонавий тадқиқот воситаси бўлиб, бу қурилма ёрдамида ишқорий ер кристалларининг структурасини ва хусусиятларини тадқиқ этишда дунё аҳамиятига молик илмий натижалар олинмоқда. Мазкур илмий натижалар асосида бугунги кунгача 4 нафар илмий изланувчи-тадқиқотчи номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Ҳозирги пайтда Уришбой Юлдашев раҳбарлигида 3 нафар илмий изланувчи илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. У.Юлдашев 1994 йилда профессор унвонини олган.
– Жиззах политехника институтида 2000 йилдан буён муқобил энергия манбаларини ўрганиш, уларни ишлаб чиқариш борасида илмий изланиш олиб бораяпмиз, – дейди профессор Уришбой Юлдашев. – Бугунги кунда халқаро грант доирасида олиб келиб ўрнатилган, қиймати 11 минг евро бўлган “ЭПҲ етакчи қуёш лабораторияси”да ўтказаётган тажриба синовларимиз муваффақиятли амалга ошяпти. Соддароқ қилиб айтганда, қуёш нурларининг қуёш панелларига келиб тушиш йўналиши, нурларнинг панелларига айланиб ўтиши натижасида электр энергия айланиши устида самарали натижаларни қўлга киритяпмиз.
Ёруғлик нури таъсирида қуёш панелларининг сирти ва ичида кескин ўзгариши қуёш панелларида ҳосил бўлаётган кучланишга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Бир кеча кундузда 7 кв. кучланиш берадиган 24 та панелли лаборатория жиҳозимиз мавжуд. Унда ушбу ҳолат бўйича тажриба олиб борамиз. Натижада олинган энергиядан институт биноси ва ҳудудини ёритишда фойдаланилмоқда.
Институтимизда электроэнергетика, электротехника, электромеханика, электротехнология, радиотехника ва электрон асбобсозлик йўналишларида мутахассислар тайёрланади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши талабаларимиз учун тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ҳам ўтайди.
Устоз Уришбой Юлдашевнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбари қўллаб-қувватлаган лойиҳага асосан йилига 50 минг дона қуёш панеллари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Агар иш 3 сменада ташкил этилса, демак ишлаб чиқариш қуввати яна ҳам ортади. Шунингдек, қуёш панеллари ишлаб чиқариладиган бинога қуёш панелларини ўрнатиш ҳам назарда тутилган. Бунинг натижасида бинонинг ёруғлик таъминоти ва баъзи асбоб-ускуналарни электр қуввати билан таъминлашга эришилади.
– Қуёш панелида йиғилган кичик кучланишдаги қувватни 220 вольтга етказиб берадиган инвентор, конвентерлар бор, – дейди Уришбой Юлдашев. – Келгусида эҳтиёт қисмларини олиб келиш орқали мазкур турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ниятимиз ҳам бор. Юқорида айтилганидек, бу талабаларимиз учун улкан тажриба майдони вазифасини бажаради. Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, дастлаб ишлаб чиқариш ускуналарини хориждан келтирамиз, сўнгра, босқичма-босқич мазкур технологиялар ҳам маҳаллийлаштириб борилади. Ҳисоб-китобларга қарасак, бугун битта қуёш панелини четдан олиб келиш учун 15 миллион сўм атрофида маблағ сарфланади. Биз ишлаб чиқармоқчи бўлган маҳсулот таннархи эса қарийб икки баробар арзонга тушади яъни 6-6 ярим миллион сўм атрофида бўлади. Демак, нафақат маблағ тежалади, балки катта миқдордаги сумманинг Ўзбекистоннинг ўзида қолиши таъминланади.
Шу ўринда, ўринли савол туғилади, “Хўш, натижа қачон кўринади?”
Профессорнинг таъкидлашича, бино қурилиб, асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилгач, фаолият ўртача 4 ойда бошланади. Ушбу лойиҳа ишга туширилгач, иш вақти 3 сменада ташкил этилади. Ҳар бир сменада 12 нафар ходим ишласа, демак 36 та янги иш ўрни яратилади дегани. Бу иш ўринларига, албатта талабалар жалб этилади.
– Президент Шавкат Мирзиёев раислигида вилоятимизда саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда базальт захираси ва ундан иссиқлик сақловчи қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Жиззах политехника институти ректори, техника фанлари доктори, профессор Алишер Усманкулов. – Шунингдек, энергетика таъминотини яхшилаш масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Жиззах политехника институтида ҳам муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кенг жорий қилинган бўлиб, бугунги кунда олийгоҳда Германия давлатидан олиб келинган 6,75 киловаттли қуёш электр станцияси ўрнатилган. Олийгоҳ профессор-ўқитувчилари чет эл давлатларида бўлиб, муқобил энергия манбалари бўйича ўз малакасини ошириб келмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жозки, айни пайтда институтда 3 та қуёш панели ва 2 та шамол генератори ўрнатилган. Шунингдек, институт ҳудудига 1 дона 100 кВт.ли қуёш фотоэлектр (ҚФЭ) станцияси ҳамда талабалар турар жойига 10 дона жами ҳажми 2 минг литр бўлган қуёш сув иситгичлари (ҚСИ) ўрнатилди. Улар ишлаб чиқарган электр энергияси институт электр таъминотини яхшилаш ҳамда тежамкорликни оширишга самарали хизмат қиляпти.
Вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда Жиззах политехника институти профессори Уришбой Юлдашевнинг муқобил энергия ишлаб чиқариш бўйича билдирган таклифини Президентимиз қўллаб-қувватлаб, қанча маблағ керак бўлса ажратиб беришини айтди.
– Президентимизнинг бу ишончи бизга улкан масъулият ва катта вазифаларни юклайди, – дейди Уришбой Юлдашев. – Олийгоҳ профессор-ўқитувчилари, ёш олим ва иқдорли талабаларимиз билан ана шу топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлашга астойдил киришганмиз.