“Референдум” - сўзининг маъноси давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим масалалар бўйича ўтказиладиганва баъзан қонунлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлашдир.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуни дастлаб 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонун йиллар давомида халқаро ва Ўзбекистон Республикасида орттирилган амалий тажрибаларни инобатга олган ҳолда 2001 йил 30 август куни янги таҳрирда қабул қилинган. Мазкур Қонуннинг
3-моддасида референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатлар белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этилган ҳарбий вақт ёки фавқулодда ҳолат шароитларида, шунингдек ҳарбий вақт тугаган ёки фавқулодда ҳолат бекор қилингандан кейин уч ой давомида референдум ўтказилмайди. Шунингдек, референдум натижалари расман эълон қилингандан кейин бир йил давомида мазмун ёки маъносига кўра худди шундай савол қўйилган референдум ўтказилмайди.
Референдум - фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар.
Референдумда кимлар иштирок этади? Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар. Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
Референдумни ўтказиш ташаббуси - Референдумни ўтказиш ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқиши мумкин.
Фуқароларнинг референдумда иштирок этиш, референдум масалалари юзасидан ташвиқот юритиш ҳуқуқларини амалга оширишларига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатаётган шахслар, шунингдек сохта ҳужжатлар тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, яширин овоз беришни бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар, референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзолари, фуқаролар ташаббускор гуруҳларининг аъзолари белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Жиззах вилоят маъмурий судининг
судьяси Қодирқулов Турабек Абдуровубович
Жиззах вилоят маъмурий судининг судья
катта ёрдамчиси Холмирзаев Диёр Холмирза ўғли