Улар орасида Шароф Рашидов туманининг “Жиззахлик” маҳалласида истиқомат қилувчи онахон, туман “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши раҳбари, вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси, меҳнат фахрийси Дилбар Саидова ҳам борлиги қалбимизни фахр ва ифтихорга тўлдирди.
Туманнинг тиниб-тинчимас фидоий аёли Дилбар Саидова Президентимизнинг жорий йил 22 мартдаги “Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида” ги фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан такдирланди.
Дилбар опанинг фидокорона меҳнатлари инобатга олиниб 1999 йилда “Шуҳрат” медали, 2021 йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан ҳам тақдирланган. Ярим асрдан кўпроқ вақт давомида фидокорона меҳнат қилиб келаётган муҳтарама онахон Шароф Рашидов туманининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва сиёсий жараёнларида ўзининг ташкилотчилиги, фаоллиги, кўп йиллик иш тажрибаси, билими ҳамда жонкуярлиги билан барчага намуна бўлиб келмоқда.
У меҳнат фаолияти давомида ўзининг талабчанлиги, ташкилотчилиги, ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш йўлидаги меҳнати, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам бериш, ёшларни оилага ва турмушга тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги тажрибалари билан доимо бошқаларга ўрнак бўлмоқда.
Дилбар Саидова бошчилигидаги “Бувижонлар мактаби” фаоллари иштирокида оила-мактаб-маҳалла ҳамкорлиги янада жонланди. Ушбу фаол онахонлар хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқда.
2018-2020 йилларда Шароф Рашидов тумани “Оила илмий-амалий тадқиқот” маркази раҳбари лавозимида фаолият олиб борган даврларида ҳам муқаддас оила пойдеворини мустаҳкамлаш борасида қатор илмий изланишлар олиб борди. Дилбар Саидова 2020 йилдан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳузуридаги “Аёллар маслаҳат маркази” нинг жамоатчилик асосида кенгаш раиси ва “Нуроний” жамоат фонди қошидаги “Бувижонлар мактаби” раҳбари вазифаларида ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ҳарбийлар оиласини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик кенгаши” аъзоси сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.
Ҳар бир маҳалла ҳузурида шундай кенгашлар ташкил этилган бўлиб, уларда 300 га яқин жамоатчи, фаол, турли касб эгаларидан иборат меҳнат фахрийлари бирлашган. Дилбар Саидова ташаббуси билан “Меҳр карвони” жамоатчилик гуруҳи ташкил этилди. Улар тадбиркор, саховатли инсонларни жалб қилган ҳолда тумандаги 250 дан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий-маънавий ва тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Президент ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирларининг юқори савияда ташкил этиш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг жойлардаги ижросини таъминлашда туман ҳокимлигига беғараз ёрдам кўрсатмоқда. Дилбар Саидованинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга доимо лаббай деб, ўз муносабатини билдириши оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ёритиб келинмоқда. У ҳар қандай вазиятда ҳам одамларни Ватанни севишга, ардоқлашга, она заминни кўз қорачиғидек асрашга даъват этади. Меҳнат фахрийси, жамоатчи ва фидоий аёл – Дилбар Саидова туман фаоллари ҳамда аҳоли орасида ҳурмат қозонган мўътабар онахонлардан.
– Киши хоҳ ёш бўлсин, хоҳ нуроний она юртга астойдил хизмат қилишга бурчлидир, – дейди Дилбар Саидова. – Ҳар бир инсон ҳар кеч уйқуга ётиши олдидан “Мен бугун қандай савобли иш қила олдим?” деган саволни ўзига берса ва шу саволга жавоб топа олса, у бекорга яшамаётган бўлади. Бугунги куни беҳудага ўтмаган бўлади. Умримиз эса ана шу кунлардан иборат. Шу кунларда кимлардир сиздан моддийми, маънавийми наф кўрса, демак кунимиз беҳуда ўтмабди, умримиз беҳуда сарф бўлмабди, десам муболаға бўлмайди. Муҳтарам Президентимиздан арзимас меҳнатларимни юқори баҳолаганлари учун жуда миннатдорман. Бу мукофотни туманимиздаги барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини жамоатчилик кенгаши фаолларининг хизматига берилган баҳо деб биламан.