Мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларга мувофиқ, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тузилган эди. Тақдимотда бу соҳаларда давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш ва уларни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар белгиланди.
Янги тизимга кўра, ёшлар ўртасида фестиваль, форум, танлов ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ягона йиллик календарь режа асосида ўтказиш жорий қилинади ва бу бўйича маълумотлар yoshlarportali.uz ягона электрон платформасига жойлаштириб борилади. “Ёшлар дафтари” орқали тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари 2023-2024 йилларда 1,5 баробаргача оширилади.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги таркибидаги 3 та давлат унитар корхонаси фаолияти мақбуллаштирилиб, уларнинг функцияси хусусий секторга ўтказилади.
Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида соҳадаги 24 та йўналишни қамраб олган “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилади.
Соҳани рақамлаштириш ва спорт туризмини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, келгуси йилдан бошлаб мусобақаларда қатнашадиган спортчиларнинг шахси ва малакасини идентификация карталари орқали аниқлаш тартиби жорий этилади. Спортга ҳомийлик кўрсатган жисмоний шахсларга чет эллардаги турнирларда иштирок этиш имконияти берилади. Бунинг учун улар ўртасида лотерея ўйинлари ўтказилади.
Соҳа вакилларини қўшимча рағбатлантириш мақсадида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси жорий этилмоқда. Шунингдек, спортчиларга ҳуқуқий, тиббий хизматлар кўрсатиш тадбирлари ҳам назарда тутилмоқда.
Юртимизда футбол энг оммавий спорт тури. Шу боис бу йўналишни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. ФИФАнинг махсус дастури асосида боғча ва маҳаллаларда “Оммавий футбол”, ўрта таълимда “Мактабларда футбол” ҳамда олий ўқув юртларида “Талабалар лигаси” дастурларини жорий қилиш таклифи билдирилди.
Иқтидорли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида 14 та футбол мактаби, “Дўстлик” стадиони негизида барча ёш тоифалари учун Терма жамоалар маркази ташкил этилади. Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш маркази фаолияти такомиллаштирилиб, Хорватия, Япония ва бошқа давлатлардан мутахассислар жалб қилинади.
Соҳа инфратузилмасини ривожлантириш учун Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳудудий футбол ассоциацияларининг раҳбарлари этиб белгиланади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни самарали амалга ошириш юзасидан юзасидан кўрсатмалар берди.