Миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризм бўлиб, у – дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан бирига айланди. Туризмнинг кенг қамровли тараққиёти кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланганини инкор этиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳам дунёнинг кўплаб давлатлари ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада тегишли инфраструктурани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жиззах вилоятида ҳам бу соҳа изчил ривожланмоқда.
Видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан бугунги кунда юртимизда туризм соҳасида амалга оширилган ишлар алоҳида эътироф этилиб, шу билан бир қаторда туризмни ривожлантириш бўйича кўплаб қўшимча имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, йиғилишда туризм салоҳиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилиниши таъкидланиб, сайёҳларни кўпроқ вақт олиб қолиш мақсадида вилоятлар уларга бириктирилган 11 та олийгоҳ билан ҳамкорликда ишлаб, туризм объектлари тўғрисидаги контентни бойитиши лозим бўлади. Булар 31 та туман ва улардаги 143 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва туристик объектлари контенти, яъни маълумотлар мажмуаси яратилади.
Туризм сохасини ривожлантириш учун вилоятимиздаги олис ҳуддудлар белгилаб олинди ва энди Арнасой туманидаги “Бахтли” ҳамда “Зарафшон”, Зомин туманидаги “Дуоба” ва Фориш туманидаги “Сайёд”, “Ухум”, “Учқулоч”, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларининг туризм салоҳияти, имкониятлари ва тарихий ёдгорликлари, зиёратгоҳлар, диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумотлар мажмуини яратиш талаб этилади. Айнан бу ишларни амалга ошириш мақсадида Жиззах вилоятига Ўзбекистон Миллий университети бириктирилиб, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг бевосита иштирокида 12 та хорижий тилда туристик пакетлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, туризм ва сервис объектлари ишчилари учун ўқув семинарлар ташкил этилиб, туризм, иқтисодиёт, тарих, география, сервис, хорижий тиллар йўналишларида ўқиётган талабаларнинг камида 2 ойлик амалиёти шу туманларда ташкил этилиши белгилаб олинди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 10 апрелидан хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда, Жиззах довони орқали туристик микроавтобус (15 кишигача) туристик автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат берилади. Бунда, 1 апрелдан 1 ноябргача мавсумда, ишлаб чиқарилганига 3 йил бўлмаган транспортларга, камида 7 йил стажи бор ҳайдовчиларга, кундузи юришга рухсат берилади. Ҳар бир транспортга тезликни масофадан назорат қилиш ускунаси ўрнатилади.
Мамлакатимиз бўйича ўтган 2022 йилда 31 туман ва 143 та маҳалла туризмга ихтисослаштириб, уларга алоҳида солиқ режими жорий қилинган эди. Бугунги кунда ушбу солиқ режимидан вилоятда Фориш тумани фойдаланмоқда. Зомин ва Арнасой туманларида ушбу солиқ режимидан фойдаланиш бўйича семинарлар, учрашувлар ва тарғибот материаллари аҳолига етказиб берилиши белгилаб олинди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Франция, Қозоғистон, Россия элчихоналари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, 2023 йилнинг май ойида Германия ва Россия Федерацияси туроператорлар билан учрашувлар ўтказилиши белгилаб олинди.
Сайёҳларни вилоятимизга янада кенгроқ жалб этиш мақсадида фестиваль ва маданият тадбирлари ўтказилиши режалаштириб олинди. Жумладан, “Зиёрат туризми” ярмаркаси, “Ҳунармандчилик ва каштачилик” кўргазмаси, “Жиззах туризм ярмаркаси–2023”, “Экстремал спорт тоғ туризими”, “Зомин ультра халқаро юриш ва югуриш марафони” мусобақалари ўтказилиши режалаштирилди. 2023 йилда вилоятга келадиган туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш, меҳмонхоналар сонини янада ошириш мақсадида 5 та янги меҳмонхона, 2 та меҳмонхонанинг фаолиятини қайта тиклаш, шунингдек, “Зомин” туристик рекреацион зонаси ҳудудида 3 та янги меҳмонхона фаолияти йўлга қўйилиб, вилоятдаги меҳмонхоналар сонини 35 тага етказилади.
Жорий йилда хорижий туристларни жалб қилиш мақсадида Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Франция, Германия давлатлари билан меморандумлар имзоланиб, учрашувлар ўтказиш, вилоятимизнинг туристик салоҳияти ҳақида хорижий нашрларда мақолалар чоп этиш, халқаро ярмаркаларда иштирок этиш ҳамда хориж давлатлардаги элчихоналаримиз билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали 140 минг нафар хорижий туристларни вилоятимизга ташрифи ташкил этилади.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун туризм дунёда ҳар қандай мамлакатнинг ўзига хос “ташриф қоғози”, иқтисодий равнақи, ривожи, қулай инвестиция муҳити яратишда жозибадор, рақобатбардош соҳа сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Бу юксак эътибор ва рағбат яқин истиқболда Ўзбекистоннинг жаҳонда туризм энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашига ишонч уйғотади.
Синдор Раҳмонқулов,
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари,
Туризм ва миллий мерос бошқармаси бошлиғи