Хориж давлатларига ноқонуний чиққанлик учун жавобгарлик
Судланувчи Кодиров Жаъсур Абдужалилович ишлаб пул топиш мақсадида Қозоғистон Республикасига боришни режа қилиб, 2019 йил
10 февраль куни “Тошкент” ҳалқаро аэропорти орқали “Тошкент-Бишкек” йўналишидаги HY-777-сонли авиарейс билан белгиланган тартибда Қирғизистон Республикасига чиқиб кетиб, сўнгра у ердан ноқонуний йўллар орқали Қозоғистон Республикаси ҳудудига ўтиб, 2022 йил 16 март кунига қадар Қозоғистон Республикаси Жамбул вилояти Қордай туманидаги терини қайта ишлаш заводида ишлаб келган.
Шундан сўнг, Ж.Кодиров Қозоғистон Республикаси ҳудудига ноқонуний йўллар орқали кирганлиги сабабли айланма йўллар билан доимий яшаш жойига қайтиш мақсадида, 2022 йил 16 март куни соат тахминан 13-20 ларда Тошкент вилояти Қибрай тумани “Май” МФЙ ҳудудидан ўтган “ўзбек-қозоқ” давлат чегарасини Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августдаги 820-I-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунининг
10-моддасидаги “Давлат чегарасининг шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтилиши халқаро автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё қатнови йўлларида ёки қонун ҳужжатларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро шартномаларида белгилаб қўйиладиган бошқа жойларда амалга оширилади”, 12-моддасидаги 2Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади”, 15-моддасидаги “Давлат чегарасини Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидан бошқа жойдан ёки ўтказиш пунктлари орқали бўлса-да, лекин чегарани кесиб ўтиш қоидаларини бузган ҳолда ҳар қандай усул билан кесиб ўтган ёки кесиб ўтишга ҳаракат қилаётган шахслар ёки бошқалар Давлат чегарасини бузувчилар хисобланиши белгиланган” деб кўрсатилган талабларини бузиб, чегара ўтказиш пунктларидан ташқари жойдан кесиб ўтиб, қонунга хилоф равишда Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтган вақтида Ўзбекистон Республикаси ДХХ ЧҚ 9207-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинган.
Судланувчи Ж.Кодиров суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, оиласида ягона боқувчилигини инобатга олиб, енгиллик беришни сўради.
Судланувчи Кодиров Жаъсур Абдужалилович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 223-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб,
3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича
Шароф Рашидов туман судининг раиси
З.Худайбердиев