Бир ойда 1,2 миллиард сўм алимент пуллари ундириб берилди
Маълумки, юртимизда болаларнинг барча ҳуқуқлари қатори моддий таъминот олиш ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланган. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етганига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Аммо ҳаётда турли сабабларга кўра, оиланинг бузилиши натижасида алоҳида яшайдиган ота ёки онанинг бола таъминотида иштироки ўта долзарб муаммога айланади.
Шунинг учун амалдаги Оила кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт экани қатъий белгилаб қўйилган.
Бу ҳаётда фарзанд тарбияси, унинг таъминоти ҳар бир ота-она зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифа саналади. Бироқ ҳаётда ана шундай масъулиятли вазифани ўз ихтиёри билан бажаришдан бош тортадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Албатта, бундай вазиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.
Хусусан, жорий йилнинг январь ойи давомида Мажбурий ижро бюроси Шароф Рашидов тумани бўлими томонидан 1,2 млрд. сўм алимент қарздорликлари ундирилган бўлса, давлат ижрочиларининг ташаббуси билан 17 нафар фуқаролар иш билан банд бўлмаган алимент тўловчилари доимий иш билан таъминланган бўлса, 23 та оилалар яраштирилишга эришилган.
Бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан фарзанди Алимент таъминотини тўлашдан бўйин товлаб келган 8 нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 474-моддасига асосан жавобгарликка тортилган.
Хулоса қилиб айтганда, алимент бу қарз эмас, балки фарзанднинг у вояга етганга қадар бериладиган таъминотидир. Буни бажариш эса, ҳар бир ота-онанинг бурчидир.