Кредит қарздорликни ундириш ҳақидаги даъво аризалар сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда
Бугунги янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларга банклардан кредит олиш орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва моддий имкониятини яхшилаш мақсадида бир қатор имкониятлар яратилиб, имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
Албатта бу жараён тарафлар ўртасида имзоланадиган кредит шартномасини расмийлаштириш орқали амалга оширилади. Мазкур шартнома шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаслиги тарафларга бир қатор ноқулайликларни юзага келтириши барчамизга маълум.
Мазкур томфадаги ишлар сони ўтган йилга нисбатан бир қадар кўпайганлиги, ушбу турдаги ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш ва аҳолига қонун нормалари тушунтиришлар беришни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан АТ “Алоқабанк” Жиззах филиали мажлислар залида кредит қарздорликни ундириш ҳақидаги 30 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 736-моддаси 2-қисми талабига кўра, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Мазкур кодекснинг 744-моддасида «Кредит шартномаси бўйича бир тараф банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади» дейилган.
Шунингдек мазкур кодекснинг 293-моддасида қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беришлари назарда тутилган.
Юқоридаги қонун нормалари кредит олувчилар томонидан кредит шартномасида белгиланган муддатларда ойлик тўловларни тўлаш кечиктирилган ҳолларда банк кредит қарздорликни ёки кредитни муддатидан олдин ундиришни талаб қилиш ҳуқуқини вужудга келтиради.
Хулоса қилиб айтганда ушбу ҳолат, кредитор ва қарз олувчи ўртасида имзоланган кредит шартномаси шартларига риоя қилган ҳолда кредит тўловлари ва фоизларини ўз вақтида тўлиқ тўлаб борилишини тақозо этади.
Эрмамат Эгамбердиевич Тожибоев
Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах туманлараро суди судьяси