Сўнгги йилларда саноатни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича яратилган бир қатор имкониятлар натижасида Жиззах вилоятида ҳам импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб бормоқда.
Бундан 7 йил аввал 341 турдаги саноат маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 2,3 баробарга ортиб, 788 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
2023 йилга келиб маҳаллийлаштириш дастуридаги корхоналар сони 2017 йилга нисбатан 6,5 баробар (6 тадан 39 та)га, лойиҳалар сони 4 баробар (16 тадан 66 та)га, ишлаб чиқариш ҳажми эса 1108 баробарга ёки бошқача қилиб айтганда 10,8 миллиард сўмдан 11,9 триллион сўмга ошди.
Шунингдек, импорт таҳлилларидан янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш лойиҳаларини шакллантиришда фойдаланиб борилмоқда, жумладан, жойларда ўрганишлар ва корхоналарга ташрифлар натижасида маҳаллийлаштириш дастурига 2020-2023 йилларда жами 85 та қўшимча янги маҳаллийлаштириш лойиҳалари киритилди.
Хусусан, 2020 йилдан 2023 йилгача вилоятда маҳаллийлаштириш дастури доирасида электр ўтказгичлар, розетка, оптик алоқа кабеллари, базальт толасидан ровинг, фибра, безакли ойна, шиша толаси, тормоз колодкалари, маиший техника буюмлари, калий сулфат, калций хлор, хлорид кислотаси, шприц, стаматологик пломба, 300 турдан ортиқ вентиллар, фитинг ва аксессуарлар, антифриз, ҳаво фильтри, целлюлоза, портландцемент, бурама мих, газобетон, трансформатор, экспортбоб қандолат маҳсулотлари, сэндвич-панеллари ва бошқа шу каби янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилди.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 2020 йилдан бошлаб “Global Optical Communication Uzbekistan” қўшма корхонаси томонидан 8 турдаги, йилига 50 минг километр оптик алоқа кабеллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, Республикада йилига ўртача 20 миллион долларлик импорт олди олинмоқда.
Биргина ўтган йилнинг ўзида 44 минг километр оптик толали алоқа кабеллари ишлаб чиқарилди. Натижада вилоят эҳтиёжи учун зарур бўлган 4 минг километр йиллик талаб тўлиқ қопланиб, 40 минг километр қисми бошқа ҳудудлар эҳтиёжи учун етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, “Зомин” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда ягона бўлган, лойиҳа қиймати 9,5 миллиард сўмни ташкил этадиган немис технологиялари асосида йилига 350 минг дона 11 турдаги стаматологик пломбалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Dentals Pharma” МЧЖ корхонаси барқарор ишлаб келмоқда.
Республика бўйича йилига ўртача 80-10 миллион долларлик айнан шу турдаги стаматологик пломба тўлиқ импорт қилиб келинади. Корхонанинг пломба маҳсулотлари айнан шу турдаги Россия, Франция, Жанубий Корея, Япония давлатларининг импорт пломба маҳсулотлари нархига нисбатан 30 фоиздан – 250 фоизгача арзон ва сифатли.
Корхона ишга туширилиши натижасида, йилига ўртача 3 миллион долларлик шу турдаги стаматологик пломба маҳсулотлари импорти олди олиниб, маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланмоқда.
Яна бир мисол, “Жиззах” ЭИЗ да “Iruskon” МЧЖ қиймати 15 миллион доллар, йилига 12 минг тонна кенг турдаги кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 120 нафар янги иш ўринлари яратилди. 11 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар “Deya” бренди остида ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона ишга туширилиши натижасида, Республика бўйича йилига 12 миллион долларлик айнан шу турдаги қандолат маҳсулотлари импорти олди олиниб, маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳисобидан қопланмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастурига асосан, ўтган йили бир қанча янги турдаги саноат маҳсулотлари ўзлаштирилди. Жумладан, ингибирланган хлорид кислотаси, электр ўтказиш жиҳозлари, электр розеткаси, электр токи қалқони, форза ойнаси ва кўзгу, сувга чидамли гипсокартон ва бошқалар.
2023 йил якуни билан 66 турдаги 11,9 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 977 миллион долларни ташкил этди.
Жорий йилда 52 та корхонада 80 турдаги 13,4 триллион сўмлик, яъни 2023 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпроқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 1 078 миллион долларни ташкил этиши ҳамда 747 нафар янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Шундан, 55 таси кенгайтириш бўйича, 25 таси янги лойиҳалар ҳисобланади. Мисол учун, “Жиззах” ЭИЗ ҳудудида “Mono Electric” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 165 миллиард сўмлик йиллик қуввати 24 миллион дона электр жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси, Бахмал туманида “Microcalcite” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 238 миллиард сўм бўлган, йиллик қуввати 197 минг тонна карбонат калций ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.
Хусусан, вилоятда айни пайтда латундан қувурлар, золдор, автомобил шиналари учун қалпоқ, чехоллар, карбонат кальций, термо ойна, тайёр чарм маҳсулотлари, тўқимачилик аксессуарлари, тиббий латекс қўлқоплари, сульфат аммония, темир арматуралар каби бир қанча янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ўзлаштирилмоқда.