22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимлиги Анжуманлар саройида байрам тадбири ўтказилди.
Тантанали ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирок этиб, барча соҳа ходимларини байрам билан табриклади.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев “Юртимизда маънавий муҳит барқарорлигини, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона ишларингизга улкан зафарлар ёр бўлсин, яна бир марта байрамингиз муборак бўлсин, азиз маҳалла фаоллари” деб ўз сўзига якун ясади.
Бугунги кунда вилоятимизда маҳалла тизими борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган 2023 йил мобайнида фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 36 та маҳалла идораси янгидан қурилди,15 таси реконструкция қилиниб, таъмирланди, ҳозирда 8 та маҳалла биноларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда, 2024 йил якунига қадар манзилли дастурга асосан 30 та маҳалла биноси янгитдан барпо этилади.
Тадбирда мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш орқали фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу тамойил асосида маҳалланинг ўрни ва нуфузини юксалтириш, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги катта хизматлари, халқимиз орасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп асрлик анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ соҳа вакиллари юксак давлат мукофоти ҳамда вилоят ҳокими фахрий ёрлиғи билан тақдирланишди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати