Президентимиз раислигида ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий устувор вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилган.
Шу вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат таркибда ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ишчи гуруҳлари тузилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари М.Тиркашева, М.Ўразалиева ҳамда Ф.Негматова томонидан Жиззах шаҳар ҳудудидаги ташкилот ва корхоналарда ноқонуний кесилган дарахтлар ўрнига жарима сифатида ниҳоллар экиб, парвариш қилиш жараёнлари ва яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Шунингдек, бузилишга тушган тураржой ва нотураржой биноларнинг компенсация тўловларини тўлаб бериш ҳолатидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
Жиззах шаҳрининг бош режасига асосан шаҳардаги “Тошлоқ” МФЙ ҳудудида жойлашган “Жиззахсувтаъминоти” МЧЖга қарашли ернинг бир қисми жамоат эҳтиёжи учун ўтказилиб, ушбу ер майдонидан шаҳарнинг “Шифокорлар” ҳамда “Сайилжойи” кўчаларини боғловчи 500 метр автомобиль йўл қурилиши белгиланган. Ушбу йўлнинг ер майдони 0,89 гектарни ташкил этади. Мазкур бузилишга тушган тураржой ва нотураржой биноларнинг компенсация тўловларини тўлаб беришда мутасадди вазирлик идораларига мурожаат этиш лозимлиги белгилаб олинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ў.Ўразбоев, Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси Н.Холматов ва бошқалардан ташкил топган яна бир ишчи гуруҳи аъзолари вилоятнинг Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасида бўлди.
Ишчи гуруҳи томонидан туман фуқароларига хизмат кўрсатаётган 1 та кўп тармоқли марказий, 7 та оилавий поликлиника, 7 та оилавий шифокорлик ва 11 та маҳалла тиббиёт пункти, 8 та стационар даволаш профилактика муассасаси фаолияти атрофлича ўрганилди. Тумандаги ушбу тиббиёт муассасаларида жами 172 нафар шифокор ва 1313 нафар ҳамшира фаолият олиб бормоқда.
Ўрганишлар жараёнида туманда 2023 йилнинг ўтган 12 ойи давомида 9 нафар ёш шифокор ишга қабул қилинганлиги ва ҳозир шифокорлар билан таъминланганлик даражаси 99 фоизни ташкил қилиши аниқланди. Муассасаларнинг тиббий асбоб- ускуналар билан таъминланганлиги 78 фоизни ташкил этиши маълум бўлди.
Шунингдек, тумандаги мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида таълим олаётган 36 минг 255 нафар боладан режа асосида 9730 нафари тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, улардан 329 нафарида турли касалликлар аниқланиб, 67 нафари стационар, 243 нафари амбулатор, 19 нафари санаторияда даволангани, 45-65 ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратони касаллигининг олдини олиш мақсадида жами 5126 нафар аёл скрининг текширувидан ўтказилгани, 14 нафарида мастопатия аниқланиб соғломлаштирилганлиги таъкидланди.
Шу куни Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат-уйидаги ҳолат ҳам кўздан кечирилди.
– Ўрганишларимиз жараёнида вилоятда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили бепул тиббий-ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш кўлами 5 минг нафардан 20 минг нафарга ортганлигини алоҳида таъкидлаган бўлардим, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ў.Ўразбоев. – Шунингдек, туманда истиқомат қилувчи ўзгалар парваришига муҳтож 484 нафар якка ва ёлғиз кекса, ногиронлиги бўлган шахслар ўз уйларида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан қамраб олинганлиги таҳсинга лойиқ.
“Мурувват уйи” 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда физиотерапия, стоматология, меҳнат терапияси, сартарошхона, ошхона, кутубхона, сунъий қопламали стадион, спорт зал ва 200 ўринга мўлжалланган замонавий фаоллар зали мавжуд.
Ўрганишлар якунида ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий устувор вазифалар ва йўналишлар бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганиб бориш, ўрганишлар якунлари маҳаллий Кенгашларда ҳокимлар, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида муҳокама этилишини йўлга қўйиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.