Ўзбекистон Республикаси Президентининг судларга оид янги қабул қилинган қарор ва фармонлари юзасидан
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар суд ҳокимияти мустақиллиги, очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан аҳолининг одил судовга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорларини қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш қайд этилди. Бу борада судларда тарафлар учун барча шароитлар яратилади. Судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга эътибор қаратилади.
Фармонга кўра, ишларни кўриш босқичларида ҳам бир мунча ўзгаришлар кўзда тутилаяпти. Яъни, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, бу кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, бу кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш амалиётини жорий этилади. Шунингдек, эндиликда юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш ваколатини бериш белгиланмоқда.
Мазкур амалиётни жорий этилишидан кўзланган мақсад фуқаролар учун қабул қилинган суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг қулай ва соддалаштирилган тартибини яратишдир.
Янгидан жорий этиладиган тартиб бутун суд тизимини янада самарали фаолият юритиши учун хизмат қилиши баробарида, адолатли давлат барпо этилаётган мамлакатимизда фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жиззах туманлараро
маъмурий судининг судъяси
М.М.Юлдашев