Шароф Рашидов тумани Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Файзуллаев Солижон Собировичнинг ҳудуд ёшларига
М У Р О Ж А А Т И
Ҳурматли ёшлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал салоҳияти, иқтидори ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал тизим яратилди. Маҳаллаларда ёшлар етакчилари институтининг жорий этилганлиги эса сиз ёшларнинг мурожаатларингизни сизлар яшайдиган жойнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Бунинг натижасида, ўтган йилда:
туманимиздаги 48 та маҳаллада ёшлар баланси шакллантирилиб, 1 минг 1453 нафар ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди;
“Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 3420 нафар ёшларга 4 млрд 200 млн сўмлик ижтимоий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди;
ёшлар томонидан қилинган 3 минг 754 та мурожаатнинг 2 минг 183 таси (92 фоизи) маҳалланинг ўзида ҳал этилди;
617 нафар ёшларга тадбиркорлик лойиҳалари учун 16,9 млрд сўм имтиёзли кредит, 390 нафар ёшларга деҳқончилик учун 142,3 гектар экин майдонлари ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди;
интеллектуал ўйинлар оммавий ҳаракатга айланиб, бу тадбирларга 10 минг 400 нафар ёшларимиз жалб этилди;
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасидаги 20 та бепул онлайн хорижий тил курсларида 3 минг 150 нафар ёшлар таҳсил олмоқда.
Ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳа ва танловларда 45 минг 750 нафар ёшларимиз қамраб олинди.
Туманимизда 173 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган ёшлар билан манзилли ишлашга қаратилган “Ҳаракатлар режаси” амалга оширилди. Уларнинг 40 нафари “Жасорат мактаби” ҳарбий ўқув йиғинига, 12 нафари “Ватанпарварлар” тарбия оромгоҳига жалб этилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда туманимиз ёшларининг ижтимоий фаоллиги ошганлигини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда туманимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 126 минг 718 нафарни, 14-30 ёшдагилар эса 58 минг 822 нафарни (умумий ёшларнинг 46 фоизи) ташкил этмоқда.
Туманимиз ёшларининг қизиқишларини ўрганиш учун йил бошида маҳаллаларда ўтказилган хатлов натижалари асосида сизлар билан манзилли ишлаш бўйича 9 та йўналишда махсус комплекс дастур ишлаб чиқилди. Бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 666 нафар давлат кўмагига муҳтож ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилиш орқали уларнинг ҳаётини яхшилашга кўмаклашамиз;
Маҳаллалар кесимидаги “Ёшлар бандлик дастурлари” орқали 3 минг 259 нафар ишсиз ва битирувчи ёшларимизнинг бандлигини таъминлаймиз.
Шу мақсадда, 2 минг 400 нафар битирувчи ёшларимизга иккита тил ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган битта касбни мукаммал ўргатиб, катта ҳаётга мустақил қадам қўйишларига асосий эътиборимизни қаратамиз.
Шунингдек,
Ўз навбатида, ёшларимизда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга биринчи навбатдаги муҳим вазифа сифатида қараймиз.
Азиз ёшлар!
Бу йил хорижда меҳнат қилаётган ҳамда хорижда ишлаш истагидаги ёшлар билан ишлаш бўйича янгича механизмларни жорий этиб, 10 минг 200 нафар ёшларни хорижий тиллар ва касбга ўргатиш орқали, ривожланган давлатларга мақсадли миграцияга жўнатиш ҳамда 1 минг 573 нафар ёшларга “Ёшлар дафтари” имкониятларидан ёрдам кўрсатиш чораларини кўрамиз.
Деҳқончилик қилиш истагини билдирган 750 нафар ёшларимизга 750 гектар сувли ва унумдор ерлардан ажратиш чораларини кўрамиз.
Маҳаллаларда жиноят содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан ишлаш бўйича “Ҳаракатлар режаси” асосида, йил якунига қадар ёшлар ўртасидаги жиноятларни икки баробар камайтиришни режалаштирганмиз.
Ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”га 43,3 минг нафар, ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига 3 минг 120 нафар ҳамда бошқа лойиҳа ва танловларга 8 мингдан ортиқ ёшларни жалб қиламиз.
Ушбу мақсадларимизни амалга ошириш учун туманимиз раҳбарияти кўмагида 5 та мактаб, 3 та спорт майдончалари барпо этилади, 1 та ёшлар сайилгоҳи, 1 та ёшлар ижод кўчаси, 1 та “Креатив парк”, 1 та “Ай Ти шаҳарча”, 3 та кутубхона ташкил этилади. Ёшларимиз ҳохиш истакларидан келиб чиқиб, уларнинг туну-кун фаолият юритиши таъминланади.
Шунингдек, туманимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ҳурматли тенгдошлар!
Барчангизни туманимизда жорий йилда ёшлар билан ишлаш бўйича намуна яратиш, таклиф ва ташаббусларимизни биргаликда рўёбга чиқариш ҳамда Жонажон Ватанимизнинг тарақиёти йўлида бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилишга чақирамиз.
Биз, ёшлар бу мақсадларимизга эришишда туманимиз ҳокимлиги ва барча раҳбарларининг қўллаб-қувватлашларига ишонамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!