ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИДА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ ЎРНИ
Маълумки жамоатчилик назорати – адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш учун зарур ўта муҳим амалиёт саналади. Жамоатчилик назорати қай даражада кучли бўлса, давлат ҳам шунчалик халқчил, эркин ва адолатли бўлади. Уни фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари қонунчилик доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонунига кўра, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, ривожланиш давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, фикрини ҳисобга олишга, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашга, ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажаришга ҳамда давлат хизматларини кўрсатишга, шунингдек ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти жамоатчилик назоратининг объектидир. Қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этишнинг ихтиёрийлиги, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг оммавийлиги ва очиқлиги, назорат субъектларининг холислиги ва беғаразлиги, натижаларнинг ишончлилиги эса жамоатчилик назоратини олиб боришнинг асосий принципларидир.
Давлат дастурлари ижросида ҳам самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгиланган вазифаларнинг амалиётга жорий этилишида муҳим рол ўйнайди, албатта. Ўзбекистон Республикаси Президентининг
21 февралдаги “Ўзбекистон -2030” стратегиясининг 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури бўйича Президент фармонининг 32-бандида “Юксалиш” ҳаракати Давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориши ва натижалари бўйича ҳар ойда юқори турувчи органга ахборот киритиб боришининг мустаҳкамлаб қўйилиши ҳаракат томонидан бу борада самарали жамоатчилик назоратини олиб борилишини белгилаб беради. Жумладан, давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари Ҳаракатнинг мазкур банд ижроси бўйича фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиб бориши, уларга зарурий шарт-шароит яратиб беришининг белгилаб қўйилиши Давлат дастурининг самарали ижросида катта омил бўлиб хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, Ҳаракатнинг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан давлат дастури ижроси, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратининг шакллари бўлган давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда жамоатчилик мониторинги механизмларидан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бўлинма томонидан қабул қилинган қарор, фармонлар ҳамда давлат дастурлари ижроси бўйича 15 дан ортиқ жамоатчилик мониторинглари, 6 та жамоатчилик эшитувлари ўтказилиб, давлат дастурининг ижро муддати етиб келган бандлари юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 4-банди (вилоят дастурининг 4-банди)да умумий ўрта таълим мактабларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва техник воситалар билан таъминлаш, 5-банди (вилоят дастурининг
5-банди)да мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги умумтаълим мактабларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда умумтаълим мактабларининг санитария-гигиена инфратузилмасини босқичма-босқич таъмирлаш, 87-мақсад 30-банди, шунингдек, дастурнинг 21-банди “Муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлайдиган салоҳиятли олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг илмий фаолият самардорлигии ошириш ва моддий техник таъминотини мустаҳкамлаш”, 67-мақсад 12-банди “Яшил макон" умумммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижроси, 46-мақсад доирасидаги 5-бандида “Ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларини янада такомиллаштириш” бўйича белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда бошқа қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан мутахассислар, соҳа экспертларини жалб этган ҳолда жамоатчилик мониторинглари ташкил этилиб, ўтказилган мониторинг якунлари юзасидан тегишли ташкилотларга таҳлилий маълумотномалар киритилди.
Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг
ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи келгусида инсонларни рози қилиш, уларнинг дарду ташвишларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилишнинг энг самарали усули – халқ билан очиқ мулоқотнинг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, жамият ҳаётидаги, давлат бошқарувидаги муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш учун хизмат қилади. Шунинг учун амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барча фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаолликни талаб этади.
Жасурбек ҚАРШИЕВ,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах
вилояти