Аввало, бажарилган ишлар қисқача айтиб ўтилди. Жорий йилнинг олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга кўпайган. Саноат 7,8 фоизга, қурилиш 10,1 фоизга, хизматлар 12,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,8 фоизга ўсган. Бюджет даромадлари ҳам 113 триллион сўмга етиб, 14 фоиз ошган.
Умуман, йил бошидан буён республикада яратилган қўшилган қиймат 567,4 триллион сўмга, яъни 45,1 миллиард долларга етган. Бундай рақамлар илгари бўлмаган.
Ўтган даврда жами капитал қўйилмалар 229 триллион сўмни ташкил қилган. Шундан 15,5 миллиард доллари хорижий инвестициядир. Андижон, Булоқбоши, Қоракўл, Кармана, Давлатобод туманлари, Наманган ва Самарқанд шаҳарлари инвестицияси 100 миллион доллардан, Шароф Рашидов, Фориш, Янги Наманган, Оҳангарон туманларида эса 70 миллион доллардан ошган.
Йил бошидан 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилган. Тадбиркорлик учун 82 триллион сўм кредит ва 15,5 триллион сўм субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинган. Енгиллик ва имтиёзлар туфайли тадбиркорларда 56,3 триллион сўм маблағ қолган.
“Яшил энергетика” соҳасидаги ишлар ҳам натижа бера бошлади. Ҳозиргача ишга тушган 2,4 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига ярим йилликда 1,6 миллиард киловатт “яшил энергия” олинди. Бу ярим миллиард кубметр газни тежаш имконини берди.
Шу йилнинг ўзида маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув, электр каби инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан 31,5 триллион сўм ажратилган. Бунга қўшимча яна 1,5 триллион сўм берилади.
Ўтган олти ойда 18 минг 600 та янги хонадон қуриб, топширилган. 26 мингта оилага 7 триллион сўмга яқин ипотека кредити ажратилган. Улар бўйича бошланғич тўлов ва фоизни қоплаш учун 545 миллиард сўм субсидия берилган.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда кўпроқ муммолар бўйича гапириб, аниқ режа ва вазифаларни белгилаш зарурлигини таъкидлади.
– Дунёдаги оғир шароитга қарамасдан, барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришаяпмиз. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари, йирик инвесторлар ҳам эътироф этаяпти. Лекин, бугун камчиликларни кўрсатиб, захираларни ишга солиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олсак, фойдали бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Биринчи бўлиб, иқтисодиёт, молия, солиқ, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.
Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари натижасида олти ойда 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган, 1 миллион 600 минг аҳоли расмий банд бўлган, 712 мингта янги даромад солиғи тўловчи пайдо бўлган.
Йиғилишда буларга янги туртки бериш мақсадида қўшимча чоралар белгиланди. Хусусан, энди туман ҳокими, банк раҳбари ва маҳалла раиси бир бўлиб ишлаш бўйича уч томонлама шартнома тузади. Жорий йил 1 декабргача “Сайхунобод тажрибаси” асосида хонадонлар учун молиявий пакет қилиб берилади. Бу орқали 495 минг аҳолининг бандлиги таъминланади. Иккинчи ярим йилликда “Оилавий тадбиркорлик” дастури қамрови 1,5 баробар оширилиб, 4 триллион сўм ажратилади.
“Уйчи тажрибаси”га асосан, туман ҳокими ва банк раҳбарлари тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг бизнесини кенгайтиришга кўмаклашади. Бунда ҳоким ер, электр, сув, йўл ва бошқа инфратузилма масаласини, банк эса маблағни ҳал қилади. Бу орқали йил якунигача 670 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.
“Ғиждувон тажрибаси” асосида йил якунига қадар мингта маҳалланинг ўзида кўп қаватли саноат бинолари ташкил қилинади. Уларга хонадонлардаги ишлаб чиқаришлар кўчирилади. Ушбу биноларнинг юқори қаватларида ишлайдиган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади. Бу 140 минг иш ўрнини “соядан” чиқаришга шароит яратади.
“Зарбдор тажрибаси” асосида туманларда саноат, савдо, хизмат ва замонавий агротехнологиялар соҳасида драйвер лойиҳалар қилинади. Уларни амалга оширишга бу йил қўшимча 500 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали яна 150 минг иш ўрни бўлади.
Бош вазирга мазкур тўртта тажрибани қўллаган ҳолда, йил якунигача 2 миллион 416 минг аҳоли бандлигини таъминлаш режасини туманлар кесимида тасдиқлаш топширилди.
Бюджетга тушумларни таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Корхоналар ва тадбиркорларга кўмак бериб, даромадини ошириш орқали солиқ тушумини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Тадбиркорга ортиқча тўлов қилдирган масъуллар жазоланиши ҳақида қатъий огоҳлантирилди.
Хусусийлаштириш дастурининг бажарилиши, йирик корхоналарда таннархни пасайтириш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди.
Энди тадбиркорларга имтиёз ва субсидиялар мақсадли кўрсаткичи билан бир йилга берилиши, натижасига қараб муддати узайтирилиши ёки бекор қилиниши айтилди.
Бу йил ҳудудий корхоналарда 164 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Лекин, Когон шаҳри, Қоровулбозор, Зафаробод ва Мирзаобод туманларида саноат пасайган. Мутасаддиларга йил якунигача кам қувватда ишлаётган 2 мингта корхонани ривожлантириш вазифаси қўйилди.
Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо қўлланди. Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимлари лавозимидан озод қилинди.
Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масалалар транспорт, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари бўйича бўлди.
Аввало, қурилишда таннархни пасайтириш масаласи таҳлил қилинди. Ер ва қурилиш материалларидан ташқари лойиҳани келишиш, махсус техник шартлар олишдаги қийинчиликлар кўрсатиб ўтилди. Энг катта “хуфёна иқтисодиёт” ҳам қурилишда.
Шу боис Қурилиш вазирлигига соҳада тадбиркорлик учун тўсиқ бўлаётган барча тартиб-таомилларни янгилаш вазифаси қўйилди.
Сифат ва тартибни кучайтириш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳукумат таркибига ўтказилиб, ваколатлари кенгайтирилади. Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чоралари кучайтирилади.
Янги лойиҳаларда тадбиркорлар учун электр ва газдан техник шартлар олиш рақамлаштирилади. Бунда тармоққа уланиш нуқтасини инсон омилисиз автоматлашган тарзда танлаш тизими жорий қилинади.
Бу йилги Инвестиция дастурида 1 минг 896 та лойиҳага 20,5 триллион сўм ажратилган. Жумладан, 618 та мактаб, 176 та болалар боғчаси, 80 та поликлиника ва 67 та шифохона қурилиб жиҳозланиши белгиланган.
2 минг 152 та кўп қаватли уй-жой барпо қилиб, 100 мингдан зиёд хонадонни фойдаланишга топшириш режа қилинган. 570 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш, 13 минг километр йўл ва 195 та кўприкни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Жамоат транспортида электрон тўлов тизимини тўлиқ жорий қилиш, барча вилоят марказларида йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари бу йўналишларга бирма-бир тўхталиб, кечикаётган лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди. Бу ишларнинг ижтимоий аҳамиятини, уларни одамлар ўз ҳаётида сезиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда инвестиция, экспорт ва қишлоқ хўжалигидаги масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Ўтган олти ойда иқтисодиётга 15,5 миллиард доллар хорижий, шундан 14 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритилган. Президентимиз уларнинг натижадорлиги таҳлилига эътибор қаратди.
Уч йилда киритилган ҳар бир доллар инвестиция ўртача уч доллар қиймат яратган. Ёки, ҳар 1 минг доллар хорижий инвестиция солиқ тушумини ўртача 600 долларга оширган. Лекин айрим тармоқлар ва ҳудудларда бу кўрсаткич кам.
Мутасаддиларга келгуси йилга режа қилинган лойиҳаларни шу нуқтаи назардан бирма-бир таҳлил қилиш топширилди.
Аввалги йилларда четдан келтирилган 183 миллион долларлик 593 та ускунани тезроқ ўрнатиб, ишга тушириш зарурлиги айтилди. Тўлиқ ишламаётган инвестиция лойиҳаларини “жонлантириш”, муаммоларини ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланди.
Жорий йилда саноат зоналари инфратузилмаси учун 1,5 триллион сўм ажратилган. Шунингдек, Тараққиёт ва тикланиш жамғармасидан берилган 650 миллион доллар арзон ресурс, банкларда хориждан жалб қилинган 1 миллиард доллар маблағ бор. Ушбу маблағлардан самарали фойдаланиб, лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Олти ойда маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш 34 фоизга ўсган. Шу ўринда, йирик инвестиция лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Шу боис вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарларига ҳудудлардаги 50 миллиард долларлик 200 та йирик лойиҳани таҳлил қилиб, товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. Ҳудудий корхоналарнинг кооперация порталидаги иштирокини жонлантириш муҳимлиги айтилди.
Экспорт масалалари таҳлил қилинар экан, тармоқ ва ҳудудлар йил бошидан 8,7 миллиард долларлик маҳсулотини четга сотгани қайд этилди. Лекин 9 та туманда экспорт ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмаган.
Кейинги пайтларда кўплаб давлатлар ички бозорини ҳимоя қилиш учун тариф ва нотариф тўсиқларни белгиламоқда. Тегишли вазирлик ва идораларга ушбу тўсиқларни юмшатиш бўйича келишувга эришиш топширилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 910 миллион долларни ташкил қилди. Бу соҳада биринчи галда қайта ишланган мева-сабзавот экспортини кескин кўпайтириш кераклиги таъкидланди.
Ҳозирда сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш бўйича 382 та лойиҳа бошланган. Йил якунигача 10 та агрологистика маркази, 230 минг тонналик совуткичли омборхона қуриш режалаштирилган. Булар орқали мева-сабзавотни сақлаш сиғими 63 фоизга етказилади.
Давлатимиз раҳбари бу соҳада экспортни кўпайтириш учун янги уруғ навларини ўзимизда яратиш кераклигини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Хитой ва Туркия тажрибаси асосида уруғчилик тизимини қайта кўриб чиқиб, экинлар ген банкини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди.
75 минг гектар самарасиз боғлар ҳамда 100 минг гектар паст ҳосилли ерлар ўрнида саноатлашган боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Бундай боғлар учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси орқали имтиёзли кредит ажратилади.
Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерларининг молиявий барқарорлиги билан боғлиқ масалалар ҳам кўрилди. Уларга берилган имтиёзли кредит муддати 2025 йил 1 апрелгача узайтирилиши, бу йил пахта хариди учун имтиёзли кредит кластерларнинг ип-йигирув корхоналарига берилиши белгиланди. Иқтисодий самарасиз, молиявий мажбурияти юқори кластерларнинг мақоми қайта кўриб чиқиладиган бўлди.
Унумдорликни ошириш учун пахтачилик ва мева-сабзавотчиликда механизация даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун йил охиригача фермер ва деҳқонлар яна 6,5 мингта техника билан таъминланади.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимлар ҳисобот берди. Иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича йил якунигача мўлжалланган режалар баён этилди.