“Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офисининг вазифалари
Мамлакатимизда давлат сиёсати даражасида таълим соҳасида ўта муҳим ва самарали ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Чунончи, Давлатимиз раҳбари таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, таълим ташкилотлари фаолиятини илғор хорижий амалиётлар асосида ташкил этиш, педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида, 02.02.2024 йилда “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-54-сон қарорини қабул қилди.
Мазкур ҳужжатга асосан “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ташкил этилиши белгиланди.
Лойиҳа офисининг муҳим вазифалари сифатида 2024 йилда педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини таҳлил қилиш, профессионал таълимдан сўнг олий таълимни давом эттириш имкониятларини янада кенгайтириш, 3 йиллик таълим дастурлари асосида амалий бакалавриат бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, Президент қарорига кўра, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар ўқувчилар (талабалар)нинг эгаллаган билимини ва педагогларнинг малакаларини баҳолаш тизими халқаро тажрибалар асосида такомиллаштирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Қарорга асосан 2024-2025 йилларда профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификатори-Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига, таълим дастурлари эса-янгиланган касбий стандартлар ва малака талабларига мослаштирилиши белгилаб берилди.
Ёки, ҳужжатга кўра, камида 14 та профессионал таълим муассасалари фаолиятига тажриба-синов тариқасида халқаро таълим дастурлари, камида 10 та олий таълим муассасаси фаолиятига-замонавий бошқарув усуллари ва таълим сифатининг юқори стандартлари жорий қилиниши, педагогика, қишлоқ ва сув хўжалиги, техника, ахборот технологиялари ҳамда иқтисодиёт соҳасига оид таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан ўтказилиши таъминланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қарор билан “Таълим соҳасини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича “йўл харита”си ҳам тасдиқланиб, масъул вазирлик ва идоралар зиммасига 17 банддан иборат муҳим вазифалар юклатилди.
Бегали ПАКИРОВ
Шароф Рашидов туман адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти