Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида жамиятда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш орқали сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши, давлат бошқарувида муносиб номзодларни сайлаш нафақат конституциявий ҳуқуқи, балки фуқаролик бурчи эканлиги ҳамда ўз келажаги учун овоз бериши борасида хабардорлигини ошириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур давра суҳбатида Жиззах Оила ва хотин-қизлар бошқармаси масъул ходими Наргиза Абдурахмонова, Тошкент давлат юридик институти профессори, Юридик фанлар номзоди Феруза Мухиддинова, Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғининг Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича ўринбосари Гулнора Нормуродова, Оқила аёллар ҳаракати аъзолари, Маҳалла хотин-қизлар фаоллари ва университетда фаолият юритувчи хотин-қизлар иштирок этди.
Давра суҳбатида тадбир масъуллари томонидан юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар бўйича тадбир қатнашчиларига батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, тадбирда мамлакатда соғлом оилани шакллантириш, оилада юксак даражадаги маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги алоҳида таъкидланди.