Чигит экиш, чопиқ ва бошқа дала ишлари билан салкам декабрь ойи ўрталаригача пахта теримида қатнашар эдик. Дарсларимиз қолиб кетгани учун ўша таътил кунлари етиб олиш мақсадида ўқишимизга тўғри келарди.
Спорт залини Жиззах давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетида ўқиб юрган кезларим, шаҳар мактабига амалиётга чиққанимизда кўрганман.
Бугун-чи? Биргина Жиззах вилоятида 500 дан ортиқ умумтаълим мактаби бўлса, уларнинг 90-95 фоизи замонавий спорт зали, ёзги спорт мажмуасига эга.
Ёдимда, ўқувчилик кезларимизда, қиш қорли, совуқ келар эканми, жисмоний тарбия дарсида ўқитувчимиз бутун синфга 1 дона шахмат қутисини кўтариб келиб, (унинг ҳам баъзи фигуралари синган, баъзилари йўқолган) “Бугунги дарсимизда шахмат ўйнашни ўрганамиз”, дер эди...
Ўзим салкам 27 йилдан буён меҳнат қилаётган Шароф Рашидов тумани халқ таълими бўлимига қарашли 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби эса мустақиллик йилларида, яъни 2005 йилда ташкил топди.
Ўқувчилар 942 нафар. Ўғил-қизлар мактаб қошида ташкил этилган 27 та турли тўгаракда, жумладан, 15 та фан, 8 та жисмоний тарбия ва спорт ҳамда 4 та ижтимоий-маданий касб-ҳунар тўгаракларида маҳоратли устозлардан шу йўналиш сир-асрорларини ўрганаётир.
Мактабда футбол, баскетбол, волейбол ва гандбол майдончалари ҳамда 1 та 12х24 метр ҳажмдаги ёпиқ спорт зали маҳалламиз ўқувчи-ёшларини дарс жараёни ва бўш пайтларини мазмунли ўтказиши учун хизматда.
Булардан ташқари, салкам 3 минг китоб фондига эга кутубхонамиз, фаоллар зали, интернет тармоғига уланган компьютер хонаси, 4 та видеопроектор мавжуд.
2010 йилда спортнинг шахмат тури бўйича шогирдим Комилжон Бахтиёров кичик ёшли ўқувчилар ўртасидаги республика мусобақасида қатнашиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. 2012-2013 ўқув йилларида эса Комилжон ва Мафтуна Эрмаматова республика миқёсида ўсмирлар ўрасида ўтган шахмат беллашувида ҳар иккиси 3-ўринни эгаллади.
2016 ва 2017 йилларда шахмат бўйича ёшлар ўртасида вилоят очиқ чемпионати ўтказилиб, Мафтуна Эрмаматова ҳам, Комилжон Бахтиёров ҳам икки йил қаторасига 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди ва мамлакат биринчилигида фахрли ўринни эгаллади.
Мактабимиз ёш шахматчилари 2018 йилда ўтган ўқувчи-ёшларнинг “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасида спортнинг шахмат туридан вилоят чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлишганида, мендан бахтлироқ инсоннинг ўзи бўлмади.
Кейинги 3 йилда шогирдларимдан Аслиддин Саидқулов, Муштарий Аҳмедова, Нурмуҳаммад Аҳмедов спортнинг шахмат туридан вилоят очиқ биринчиликларида мунтазам 1- ва 2-ўринларни эгаллаб, республика босқичида кучли 10 талик шахматчилар қаторидан тушмай келмоқда.
Мактабимиз ўқувчилари спортнинг биргина шахмат турида эмас, балки, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, бокс, кураш турларида ҳам туман, вилоят, республика мусобақаларида яхши кўрсаткичларни қўлга киритаётир.
Мактабимиз ўқувчилари эришган ютуқлар нафақат спортда, балки фан олимпиадалари, турли кўрик-танловларда ҳам талайгина.
Амалга оширган камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, ўтган 2021 йили “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, мен II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотландим.
Давлат мукофотини олганимни биринчи бўлиб, устозим, мактабимиз директори Муҳаббат Мухторовадан эшитдим. Аввалига ишонмадим. “Чекка бир қишлоқнинг оддийгина жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлсам, менга мукофот, яна Давлат мукофоти берилармиди?” деган ўй хаёлимдан ўтди.
Кўзларимга ёш келди.
Бу мукофот бир менга эмас, балки мен меҳнат қилаётган 3-сонли умумтаълим мактаби жамоасига, турли фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, кўрик-танловларда зафар қучиб, юзимизни ёруғ қилиб келаётган шогирдларимизга берилган мукофот, деб ўйлайман.
Олимжон Ҳасанов,
Шароф Рашидов туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси,
II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби.