Оилавий низолар эр-хотинни никоҳдан ажрашиш даражасига олиб келди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига кўра, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Афсуски, бугунги кунда муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимиз тараққий этиб, фуқароларга барча қулайликларни яратиш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда арзимаган сабаблар билан бузилиб кетаётган оилалар кам эмас.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг очиқ суд мажлисида ана шундан оилавий низолар сабаб ажрим ёқасига келиб қолган оиланинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.
Суд аниқланишича, даъвогар У.К. 2009 йил март ойидан буён турмуш ўртоғи М.И. билан қонуний никоҳдан ўтиб бирга яшаб келганлар (эр-хотиннинг шахси сир тутилган). Биргаликдаги турмушларидан 3 нафар фарзандлари бор. Уч нафар вояга етмаган фарзанд жавобгарнинг тарбиясида, Эр-хотин ўзаро оилавий келишмовчиликларни рўкач қилиб, 2021 йил март ойидан буён бирга яшамайдилар. Суд муҳокамасида тарафлар ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли ажрашмоқчи эканлигини билдирган бўлсалар-да, мазкур келишмовчилик нималардан иборат эканлиги, келиб чиқиш сабаблари ва келишмовчилик кимлар ўртасида юзага келаётганлиги, бунда бошқа оила аъзоларининг иштироки бор ёки йўқлиги ҳақида бирон-бир жўяли гап айтиша олмадилар. Судга аён бўлгани шуки, оилабоши У.К. спиртли ичимлик таъсиридан маст ҳолда турмуш ўртоғи М.И.ни турли ножўя сўзлар билан ҳақоралаб, тан жароҳати етказиши тарафларни суд томон чорлашига сабаб бўлган.
Суд иш ҳолатларини ҳар томонлама кўриб чиқиб, тарафларнинг ўртасидаги келишмовчиликларни ўзаро тушунмовчиликлар ва ушбу ҳолатлар учинчи шахсларнинг аралашуви оқибатида келиб чиққан деб баҳолаб, уларнинг никоҳдан ажралишлари учун жиддий асослар йўқлигини, уларнинг оиласини тиклаш борасида жамоатчилик томонидан иш олиб борилиши зарурлигини, уларнинг оиласи тикланиши мумкинлигини, даъвонинг қаноатлантирилиши фарзандларининг манфаатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини инобатга олиб, даъвогар У.К.нинг даъво аризасини рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.
Шунингдек ушбу оилада юзага келган низо ва келишмовчиликларни бартараф қилиш, оиладаги соғлом муҳтни қайта шакллантириш ва тарафларни ўзаро яраштириш чорасини кўриш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим чиқарилди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах туманлараро суди судьяси
Эрмамат Тожибоев