Пенсия тайинлаш билан боғлиқ юридик фактлар
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилув қарорларини чиқариш фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Судлар фуқароларни ва давлатни қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаб, бу ишларни асосан тўғри ҳал қилмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига биноан фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари вужудга келиши, ўзгариши ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни суд аниқлайди. Чунончи, суд шахснинг ҳуқуқни вужудга келтирувчи ҳужжатларда кўрсатилган исми, фамилияси, отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги исми, отасининг исми ва фамилияси билан мос келмаган такдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёки тегишли эмаслиги фактини аниқлайди.
Аммо кейинги пайтда бу борадаги устунлик фуқароларга пенсия-нафақа тайинлаш билан боғлиқ масалаларга ўтди десак, янгилишмаймиз. Бунинг асосий сабаби ҳужжатлардаги чалкашлик, ноаниқлик ва мавҳумликларга бориб тақалади.
Фактлар пенсия ва нафақа тайинлашга доир ҳужжатлар тегишли идораларга баъзан хатолик сабабли ходимларнинг исми, фамилияси, отасининг исмлари иш ҳақи ва бошқа ҳужжатларда нотўғри ёзлиши натижасида фуқароларнинг сарсонгарчилигига олиб келмоқда.
Фуқаро М.Ибрагимов судга ариза билан мурожаат қилиб, собиқ “Жданов” хўжалигида 1975-1976 йиллар давомида М.Ибрагимов ишлаган даврида иш ҳақи китобларида фамилияси Хидиров деб қайд қилинганлиги сабабли ўша даврда ишлаган иш ҳақлари пенсия тайинланмаганлиги учун ишлаганлик фактини белгилашни сўраган.
Суд томонидан мазкур ариза кўриб чиқилиб, фуқаро М.Ибрагимовнинг аризаси қаноатлантирилиб, Ш.Рашидов туман давлат архивининг архив маълумотномасида “Жданов” хўжалигида 1975-1976 йилларда Хидиров Маматкул номига ёзилган иш ҳақи ҳужжатларининг Ибрагимов Маматкулга тегишлилик факти белгиланди.
Баён этилган ҳолатлардан ҳам кўринадики, судлар қонун талабидан келиб чиқиб, юридик фактларни белгиламоқда. Бироқ фуқаролик муносабатларига оид ҳужжатларни қонун меъёрлари асосида тўғри, аниқ, тушунарли ва аслида қандай бўлса, шундайлигича ёзиш ҳамда расмийлаштиришга асосан идора ва ташкилотларнинг мутасаддилари масъул эканини доимо назарда тутиш керак.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах
туманлараро суди судьяси
А.А.Байбеков