ИШ СТАЖИНИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ
Иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турларига қуйидагилардан ташкил топган:
а) 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, башарти меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, шунингдек жисмоний шахснинг 2021 йил 1 июндан кейинги ишламаган даври учун унинг эри (хотини) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўлаган давр;
1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади.
Ижодий фаолият билан машғул ходимларнинг иш стажини, башарти улар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари ана шу муаллифнинг асари эълон қилинган ёки биринчи марта жамоат олдида ижро ёки намойиш этилган кундан эътиборан белгилайдилар;
б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;
в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
г) якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун — ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда;
2020 йил 1 январдан — ижтимоий солиқ тўланган тақдирда.
д) I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт;
е) олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;
ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил;
з) офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр;
и) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр.
Мазкур модданинг «д» — «и» бандларида назарда тутилган даврлар ушбу модданинг «а» — «г» бандларида кўрсатиб ўтилган умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Ногирон бўлиб қолган шахслар стажига «д» — «и» бандларда назарда тутилган даврлар ушбу модданинг «а» — «г» бандларида кўрсатиб ўтилган стаж муддатидан қатъи назар қўшилади.
Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигида бўлинган вақт ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади.
Ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди.
Ота-онасидан жудо бўлган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқариш ҳам ота, ҳам онанинг умумий иш стажига қараб, ушбу Қонуннинг 27-моддаси «г» бандида кўрсатиб ўтилган миқдорларда амалга оширилади.
[ОКОЗ:
1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.04.00.00 Меҳнат стажи / 06.04.03.00 Махсус меҳнат стажи]