Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг таркибий тузилмалари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга шикоят қилиш тартиби.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексининг 27-моддаси талабига кўра, суд давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан ва давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Кадастр агентлиги таркибий тузилмаси қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга юқорида кўрсатилган қонун талаби бўйича низолашиш тўғрисидаги ишлар тааллуқли.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги тўғрисидаги ҳамда кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида 2021 йил 12 февралдаги 66-сонли қарори қабул қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 66-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси тўғрисида НИЗОМ ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексининг 185-моддаси талабига кўра, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:
унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;
унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;
унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;
унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.
Демак маъмурий судларга қарорларни ҳақиқий эмас ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиниши лозим.
Маъмурий судларга ариза тақдим этишда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексининг 185-моддасида кўрсатилган элементларга эътибор қаратиш лозим бўлади:
Аризачида маъмурий судга юқорида кўрсатилган элементлар мавжуд бўлмаган ҳолларда ариза тақдим этиш мақсадга мувофиқ бўлмайди.
Кўп ҳолларда маъмурий судларга Кадастр агентлиги таркибий тузилмаси қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан келтирилган аризаларда қарор ёки мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) аризачиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилмаганлиги сабабли аризалар қаноатлантириш рад этилмоқда. Бунга судлар томонидан аризачиларнинг низонинг предметига нисбатан ҳуқуқлари мавжуд эмаслиги ҳолатлари аниқланганлиги сабаб бўлади.
Аризачилар томонидан маъмурий судларга Кадастр агентлиги таркибий тузилмаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлари асосан кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганликда ифодаланган хатти-ҳаракатларига нисбатан келиб тушмоқда.
Низомнинг 11-бандида Давлат кадастрлари палатаси ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида:
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил этади;
кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрини юритади;
ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида (кейинги ўринларда — Миллий геоахборот тизими) давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил этади ва амалга оширади;
давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритади;
ер участкаларининг кадастр рақамларини идентификациялаш ва ҳисобга олинишини таъминлаш мақсадида давлат ер кадастрининг электрон маълумотлар базасини шакллантиради;
ер фонди тоифаларининг ер турлари бўйича Миллий ҳисоботни Миллий геоахборот тизимида юритилишини амалга оширади;
ер фонди ҳолатидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш устидан кузатишлар тизимини ташкил этади ва амалга оширади;
ер ҳисоботини, туман (шаҳар) ер кадастри дафтарини фақат Миллий геоахборот тизимида юритади;
ҳар бир ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори бўйича ер кадастри электрон маълумотлар базасини шакллантиради;
ҳудудлар давлат кадастрининг юритилишини ташкил этади;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши, бекор бўлиши ва кўчмас мулкка доир бошқа битимлар тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини яратади ва унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди;
кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини (паспортини) тайёрлаш ишларини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
кадастр муҳандислари ва туман (шаҳар) филиалларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш хизматларини кўрсатишда тенг шароитлар яратади;
кадастр муҳандислари ва рўйхатдан ўтказувчиларнинг реестрини юритади;
кўчмас мулк объектларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда Давлат кадастрлари палатасининг таркибий тузилмалари ҳамда кадастр муҳандислари фаолиятини мувофиқлаштиради ва мониторингини амалга оширади;
кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини юритади;
кўчмас мулк объектларига объектнинг географик боғлиқлигини таъминловчи геокодлар беради;
республика даражасида кўчмас мулк объектлари геокодлари кўрсатилган ҳолда электрон карталарни шакллантиради;
кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридан маълумотлар беради;
бино ва иншоотларнинг кадастр қийматини белгилаш ишларини ташкил этади;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини, ҳудудлар давлат кадастрини юритиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини юритиш, давлат ер кадастрини, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини ташкил этади ва амалга оширади;
юридик ва жисмоний шахсларга кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирмалар беради;
фойдаланувчиларни белгиланган тартибда кадастр ахборотлари билан таъминлайди;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида маълумотларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи ахборот тизимини яратади, қўллаб-қувватлайди ва ривожлантиради;
ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг шаффоф ва оммага очиқ тизимининг ишлашини таъминлайди;
кадастр муҳандислари фаолиятини методик жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
Давлат кадастрлари ягона тизимини, Миллий геоахборот тизимини, Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизимини (кейинги ўринларда — Интеграцион ахборот тизими) яратади, янгилайди ва ривожлантиришни ташкил этади ҳамда амалга оширади;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри, кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастри самарали юритилишини таъминлайди;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини юритиш соҳасидаги фаолиятнинг илмий-тадқиқот ва методик таъминотини ташкил этади;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали маслаҳат ёрдами ва ахборот беради;
кўчмас мулк объектлари кадастр ҳужжатларининг архив ҳужжатларини рақамлаштирилган ҳолда юритади;
б) давлат кадастрларини юритиш соҳасида:
давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
Давлат кадастрлари ягона тизими ва ҳудудлар давлат кадастрининг самарали юритилишини таъминлайди;
Давлат кадастрлари ягона тизимини Миллий геоахборот тизимида шакллантиради;
давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан тегишли давлат кадастрлари маълумотлари Миллий геоахборот тизимига тақдим этиб борилиши мониторингини олиб боради;
давлат кадастрлари юритилишига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, геофазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиладиган соҳа фаолиятига оид ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш, тизимлаштириш, сақлаш ва янгилаш йўли билан Давлат кадастрлари ягона тизимини юритади;
Миллий геоахборот тизимини юритади;
Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг базавий фазовий маълумотлар банки, махсус фазовий маълумотлар ва метамаълумотлар базалари шакллантирилишини амалга оширади;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро электрон алоқалар орқали геофазовий маълумотлар алмашинувини амалга оширади;
давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, хўжалик бирлашмаларига, юридик ва жисмоний шахсларга ахборот таъминоти ва фазовий маълумотларни, шу жумладан, давлат кадастрлари тўғрисидаги ахборотни бериш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этади;
кўчмас мулкка оид геопорталларни яратади, юритади ва қўллаб-қувватлайди;
кадастр муҳандисларига геоахборот тизимлари орқали ишлаш ва давлат кадастрлари ягона тизими маълумотларидан фойдаланишга имкониятлар яратади;
доимий фаолият кўрсатадиган сунъий йўлдош орқали кузатиш станциялари тармоғини бошқариш, улар мониторинги ва такомиллаштирилишини амалга оширади;
геофазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларни амалга оширади;
давлат ва махсус геоахборот тизимларини ишлаб чиқади;
геофазовий маълумотлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали маслаҳат беради;
геофазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятнинг илмий-тадқиқот ва методик таъминотини ташкил этади;
в) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш ва геофазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва қатнашади.
Давлат кадастрлари палатаси қонун ҳужжатларга мувофиқ бошқа функцияларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон Қарори билан тасдиқланган «Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомининг 15-бандида кўрсатилган.
Бунга кўра, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
- давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу кўчмас мулк объектининг мансублиги масаласида низолар борлигидан далолат берувчи суд ҳужжатларининг мавжудлиги;
- ваколатли орган томонидан кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилганлиги;
- тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри, қарама-қарши ёки бузилган маълумотлар топилиши;
- бирламчи кадастр йиғмажилдининг (кадастр паспорти) мавжуд эмаслиги;
- давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги;
- рўйхатдан ўтказувчи томонидан ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўхтатиб турилган ҳолларда, тақдим этилган материаллардаги камчиликларнинг уч иш куни мобайнида бартараф этилмаслиги;
- ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинганлиги;
- ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиламайдиган ҳужжатларнинг тақдим этилиши.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
Жиззах туманлараро
маъмурий судининг судьяси М Юлдашев