Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилди.
Ўз ўрнида, ўтган 2019 йил давомида Шароф Рашидов туманида ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Бироқ, жойларда ахборот алмашинуви лозим даражада йўлга қўйилмаганлиги, жиноятчиликка қарши курашиш тадбирларининг ўзини-ўзи бошқариш органлари, бошқа идора ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг аниқ механизмлари шакллантирилмаганлиги сабабли, бу борадаги ишлар талаб даражасида бўлмади.
Бунинг асосий сабабларидан бири, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳалигача эскича иш услубида фаолият олиб бормоқда, мақсади сифат кўрсаткичларга эришиш эмас, рақам орқасидан қувиш каби салбий иллатларга барҳам берилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг 14.05.2014 йилдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунида ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди идораларга ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида профилактика тадбирларини мунтазам амалга ошириб бориш вазифалари юклатилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.03.2017 йилдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли Қарори билан хафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” этиб белгиланган бўлсада, профилактик тадбирларнинг етарли даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида, 2019 йилда туман ҳудудида жиноятчилик кўрсаткичлари ошиб кетди.
Хусусан, Шароф Рашидов туманида умумий жиноятлар сони
ўтган 2019 йилнинг 12 ойида 316 тани ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан 31 (285-316) тага ёки 10,8 фоизга ошган.
Шундан келиб чиқиб, ҳудудда оғир турдаги жиноятлар 45 тадан 39 тага ёки 13,3 фоизга камайган бўлсада, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 140 тадан 166 тага ёки 18 фоизга, унча оғир бўлмаган жиноятлар 92 тадан 101 тага ёки 9,7 фоизга ҳамда ўта оғир турдаги жиноятлар 8 тадан 10 тага ёки 25,0 фоизга ошишига йўл қўйилди.
Жиноятлар тури билан таҳлил этилганида номусга тегиш жинояти 3 тадан 5 тага ёки 66,6 фоизга, баданга оғир тан жароҳати етказиш, 2 тадан 6 тага ёки 200 фоизга, баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш, 3 тадан 7 тага ёки 133 фоизга, фирибгарлик
39 тадан 42 тага ёки 7,6 фоизга, гиёҳванд модда сақлаш, 2 тадан
6 тага ёки 200 фоизга, безорилик 3 тадан 9 тага ёки 200 фоизга, инсон ўлими билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари 21 тадан 25 тага ёки 19,0 фоизга енгил тан жароҳати етказиш 5 тадан 13 тага
160 фоизга расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш жинояти 5 тадан 23 тага ёки 340 фоизга ва энг ачинарлиси қотиллик 1 тадан 5 тага ёки 400 фоизга ўсган.
Ўзбекистон Республикасининг 14.05.2014 йилдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг
21-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бошқа муҳим вазифалар юклатилган бўлсада, туман ҳудудидаги айрим фуқаролар йиғинлари томонидан ушбу вазифалар бажарилмаганлиги сабабли, мазкур ҳудудларда жиноятчилик суърати ошган.
Хусусан, 2019 йилда содир этилган жиноятлар таҳлили Истиқлол МФЙда 4 тадан 9 тага, Тошкентлик МФЙда 9 тадан 13 тага, Олмачи МФЙда 3 тадан 10 тага, Ёйилма МФЙда 6 тадан 9 тага, Ғозғонтепа МФЙда 7 тадан 10 тага, Пастки сўлоқли МФЙда 10 тадан 11 тага, Совунгарлик МФЙ 5 тадан 8 тага, Янгиобод МФЙ 9 тадан
10 тага, Кўрпасой МФЙ 2 тадан 5 тага ошиб кетишига йўл қўйилганлигини кўсатади.
Ушбу ҳудудларнинг профилактика инспекторлари томонидан хизмат ҳудудларида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларини олдини олиш борасида аҳоли ўртасида етарли даражада профилактик тадбирларни самарали ташкил этмаганликлари ҳамда ўз хизмат вазифаларига маъсулятсизлик билан ёндошиб келганликлари оқибатида, бундай салбий ҳолатлар келиб чиққан.
Бу эса, туман ИИБ айрим тармоқ хизмат раҳбарлари томонидан юқоридаги кенг қамровли тадбирларнинг ўтказилишига пухта тайёргарликларсиз ва мақсадли режаларни тузилмасдан ташкил этилганлигидан далолат беради.
Шу сабабли, туман ИИБ раҳбарияти томонидан жиноятчилик кескин ошган ҳудудлар профилактика инспекторларининг Интизомий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши лозим бўлади.
Барчамизга маълумки, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 14.03.2017 йилдаги ПҚ-2833-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссияси тузилган.
Мазкур комиссия раиси сифатида туман ИИБ бошлиғи (Ў.Б.Асқаров), котиб туман ИИБ бошлиғи ўринбосари (О.Р.Анорбоев) ва аъзолари туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари (О.Мелибоев), хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари (Н.Мавлонова), жиноят ишлари бўйича туман суди раиси (Ғ.Ялгашев), туман маъмурий суди раиси (Л.Жумабоев), туман адлия бўлими бошлиғи (А.Шерматов), бандликка кўмаклашиш маркази бошлиғи (З.Тангиров), “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди туман бўлими раиси (И.Абдураимов), ДСИ бошлиғи (З.Худойқулов), тиббиёт бирлашмаси бошлиғи (Р.Субхонқулов), ҳалқ таълими бўлими мудири (Д.Носиров), Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси (Х.Мухаммадиев) дан иборат таркибда фаолият кўрсатиши белгиланган.
Туман прокуратураси томонидан комиссия фаолияти муқаддам ўрганилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан тавсиялар бериб борилган бўлсада, комиссия аъзолари бундан ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан келмоқда.
Шу кунга қадар комиссия аъзоларининг вазифалар тақсимоти ишлаб чиқилмаганлиги унинг фаолияти самарали равишда ташкил этилмаганлигидан далолат беради.
Ҳисоботларда, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида тузилган
48 та ишчи гуруҳлар томонидан 2019 йил давомида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган (9 тоифадаги) 925 нафар шахслар билан тўлиқ суҳбатлар ўтказилганлиги кўрсатилган бўлсада, ҳақиқатда 814 нафари билангина суҳбат ўтказилган, қолганларнинг муаммолари ўрганилмаган, бу тоифадаги шахслар билан суҳбатлар ўтказиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Ўз навбатида, суҳбат ўтказилган ҳонадонларда аниқланган
174 та (18 та моддий ёрдам, 19 та ишга жойлаштириш, 7 та уй-жой,
4 та МТМга фарзандини жойлаштириш, 15 таси соғломлаштириш масаласида) муаммолар тўлиқ ҳал қилинганлиги кўрсатилган бўлсада, ушбу муаммолар ҳал этилиши билан боғлиқ маълумотлар мавжуд эмас.
Комиссия томонидан 9 тоифадаги шахслар билан олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида ҳулқ-атвори ижобий томонга ўзгарганлар ҳақида маълумотлар юритилиши, бу йўналишдаги ишлар самарадорлиги таҳлил қилиб борилмаган.
Шу билан бир қаторда ушбу шахсларнинг қанчаси фойдали меҳнат билан шуғулланиб келаётганлиги, тиббий кўрикдан ўтганлиги, уларнинг қанчаси соғломлаштирилиши лозимлиги, оила-аъзоларидан қанчаси вояга етмаганлиги ва таълим олиш аҳволи, фан ва спорт тўгаракларига жалб қилинганлиги каби маълумотлар умуман мавжуд эмас.
Ҳатто, комиссия аъзоси ҳисобланган туман тиббиёт бирлашмаси, Хотин қизлар қўмитаси, “Ёшлар иттифоқи”, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши, ҳалқ таълим бўлими, бандликка кўмаклашиш Маркази, туман ДСИ томонидан мазкур йўналишда олиб борилган ишлар юзасидан йиғма жилдлар юритилмаганлиги, амалга оширилган ишлар таҳлил қилиб борилмаганлиги уларнинг ўз вазифаларига эътиборсизлик билан ёндошиб келаётганлигидан далолат беради.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссияси туман штабида туман ҳудудидаги жиноятчилик аҳволи ва криминоген вазият таҳлили мавжуд эмас.
Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга ошираётган ишларини жойларга чиқиб ўрганилиши ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ишлари қониқарсиз ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.03.2017 йилдаги
ПҚ-2833-сонли Қарорида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш - барча давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг устувор вазифаси этиб белгиланган бўлсада, ушбу вазифалар тўлақонли бажарилмаяпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳали-ҳанузгача давлат идоралари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаяпти.
Ана энди яна бир ҳолат - хотин-қизлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатларига ҳам барҳам берилмасдан қолмоқда.
Хотин-қизлар қўмитаси, оила маркази, Бандлик кўмаклашиш маркази, маҳалла, профилактика инспекторларининг ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида аёллар томонидан жиноятлар содир этилишининг олди олинмаган.
2019 йилда биргина аёллар томонидан 22 та жиноятлар содир этилган бўлиб, бу 2018 йилда нисбатан 2 тага ошганлигини нима билан изоҳлаш мумкин. Аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксариятини ўғирлик (5), қасддан баданга тан жароҳати етказиш (4) ва мамлакатдан чиқиш қоидаларини бузиш (4) жиноятлари ташкил этади.
Мисол учун, 09.03.2019 йил фуқаро Н.Файзиева туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, 05.03.2019 йилда яшаш хонадони ётоқхонасидаги шкафи ичида бўлган жами 7000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари номаълум шахс ўғирлаб кетганлигини маълум қилган бўлиб, кейинчалик мазкур жиноят Ш.Рашидов тумани, Тоқчилик МФЙ, Заргарлик кўчаси, 6-уйда яшовчи Г.Турсунова томонидан қийин ижтимоий аҳволга тушиб қолганлиги сабабли содир этганлиги аниқланган.
Шунингдек, 2019 йил 9 май куни туманнинг Ғазғонтепа МФЙ, Ибн Сино кўчасида яшовчи 2009 йилда туғилган вояга етмаган Б.Кувондиқовга шу манзилда яшовчи қўшниси фуқаро Г.Бўрибоева томонидан ўзаро жанжал вақтида уриб тан жароҳати етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Г.Бўрибоевага нисбатан туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган ва дастлабки тергов натижасига кўра Н.Файзуллаеванинг жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Бундай ҳолатлар туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
27.02.2019 йилдаги 174-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандида Хотин-қизлар қўмитаси раисларининг асосий вазифалари этиб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этишга йўналтирилган чора-тадбирларни ташкил этиш, жиноятлар содир этишга мойил бўлган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш бўйича ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилиш ва соҳадаги бошқа вазифалар лозим даражада бажарилмаётганлигини кўрсатади.
Ушбу ҳолатни туман хокимининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Мавлонова қандай изоҳлайди?
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмаганлиги ва уларга комплекс ёндошилмаётганлиги, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги кутилаётган натижаларни бермаяпти.
Вояга етмаганларнинг тунги вақтларда назоратсиз ва қаровсиз юришларининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, тарғиботлар етарли йўлга қўйилмаганлиги, мактаб-маҳалла-оила концепцияси тўлақонли ишламаётганлиги мудҳиш ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Ўтган йил давомида жамоат жойларида назоратсиз ёки қаровсиз аҳволда юрганлиги сабабли, 18 нафар вояга етмаганлар Жиззах вилояти ИИБ ҲПБга қарашли вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Хусусан, тумандаги Қўшкўприк МФЙ, Меморлар кўчаси, 11 уйда яшовчи Ш.Рашидов тумани ХТБга қарашли 16-сонли мактабнинг
9-синф ўқувчиси 01.03.2003 йилда туғилган вояга етмаган Қўчқарова Хуршида Қахрамон қизи кўча-куйларда назоратсиз ва қаровсиз дайдиб юрганлиги аниқланиб, вилояти ИИБ ҲПБга қарашли вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Ушбу ҳолат вояга етмаганларнинг ҳулқ-атвори, фуқаролар йиғини, вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси, профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, ҳалқ таълими бўлими ҳамда таълим муассасасининг эътиборидан четда қолганлигидан далолат беради.
Туманнинг Пастки сўлоқли маҳалласида яшовчи вояга етмаган М.Ғуломова ва М.Эргашеваларнинг ҳуқубузарлик содир қилишга мойиллиги наҳотки таълим муассасаси эътиборидан четда қолган?
Уларнинг тунги вақтда назоратсиз юрганлигини Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, профилактика инспектори ёрдамчилари қандай изоҳлайди?
Аҳир ҳалқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақл борку!
Ўтган 2019 йилда вояга етмаганлар томонидан 2 та жиноятлар содир этилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 2 тага ёки 50 фоизга камайган бўлсада, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ташкил қилинган ишларни талаб даражасида деб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикасининг 29.09.2010 йилдаги “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунида вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, ички ишлар органлари, таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари, васийлик ва ҳомийлик ҳамда меҳнат органларига вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга ошириш бўйича бир қатор аниқ вазифалар белгиланган бўлсада, масъул ташкилотлар томонидан ушбу вазифалар лозим даражада бажарилмаяпти.
Туман ҳалқ таълими бўлими томонидан таълим олувчиларда қонунга итоаткорлик ҳулқ-атворини шакллантиришга, уларга жамиятда қабул қилинган ҳулқ-атвор нормалари қоидаларини сингдиришга йўналтирилган дастурлар ҳамда услублар ишлаб чиқилмаган, таълим олувчилар орасида ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахслар рўйхати шакллантирилганлиги, уларга нисбатан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари кўрилганлиги ўрганилмаган.
Биргина 2019 йилда 7 нафар (2018 йилда 2 нафар) вояга етмаганлар томонидан ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳолатларининг содир этилиб, бу кўрсаткичнинг кескин ошиб кетиши ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, умумтаълим мактабларида фаолият юритиб келаётган амалиётчи психолог ходимларнинг ўз вазифаларини тўлақонли тушуниб етмаслиги, тажрибасизлиги, ўқувчилар билан олиб борилиши лозим бўлган психологик тадбирларнинг сифатсиз ташкил этилаётганлигини кўрсатади.
Юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг келиб чиқишини туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.Мелибоев ва туман халқ таълими бўлими мудири Д.Носиров қандай изоҳлайди?
Шунингдек, Ёшларга оид давлат сиёсати Давлат дастурлари, ҳудудий ва бошқа дастурлар ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни таъминлайдиган зарур шарт-шароитларни яратиш, жамият ҳаётида уларнинг ўрни ва фаоллигини ошириш, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳолати ҳам талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ўтган 2019 йил давомида туман ҳудудида 18-30 ёшгача бўлган Ёшлар томонидан жами 70 та (2018 йилда 64 та) жиноятлар содир этилган бўлиб (уларнинг 5 нафари хотин-қизлар), бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 7 тага ёки 9,3 фоизга ошишига йўл қўйилган.
Шундай бўлсада, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ушбу салбий ҳолатларни умуман таҳлил қилмаган, ёшлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатларининг олдини олишга етарлича эътибор қаратмасдан, фақатгина Республика ва вилоят Кенгашлари томонидан берилган топшириқ ҳамда дастурларни бажариш билан чегараланиб қолмоқда.
Кенгашда ҳатто жорий йилнинг ўтган даврида жиноят содир этган ёшларнинг рўйхати, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган (9 тоифадаги) шахсларнинг рўйхати, уларнинг қанчаси фойдали меҳнат фаолияти билан бандлиги, таълим олиш аҳволи ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.04.2017 йилдаги
ПФ-5005-сонли Фармони билан туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари (бошқармалари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозими жорий этилиб, уларга авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар эканлиги белгиланган бўлсада, қайд этилган салбий ҳолатлар туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари томонидан ўз зиммасига юклатилган вазифалар лозим даражада бажарилмаётганлигини кўрсатмоқда.
Бу ҳолатларни туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.Мелибоев, туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари О.Анорбоев ва Ёшлар иттифоқининг туман Кенгаши раиси Х.Мухаммадиевлар қандай изоҳлайди?
Туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи маҳкумлар томонидан суд томонидан белгиланган жазоларни ўташдан бўйин товлаш ҳолатлари ўрганилганда, 2019 йил давомида жами 19 нафар маҳкум томонидан жазони ўташдан бўйин товлаш ҳолатларига йўл қўйилган бўлиб, шундан аёллар 1 нафарни ташкил этган.
Туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобидаги шахслар билан профилактик тадбирлар етарли даражада амалга оширилмаганлиги натижасида бир нафар жазони ўтаётган маҳкум томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилган.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг 14.09.2018 йилда хукмига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 226-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва жазо муддатини ўтаётган 28.05.1980 йилда туғилган маҳкум Ғ.Ишназаров томонидан 2019 йилнинг март ойида траспорт воситасини олиб қочиш жиноятини содир этган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.11.2018 йилдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4006-сонли қарорининг 2-бандида Пробация хизматларининг асосий вазифалари этиб, назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг шахсини ижтимоий-психологик портретни тузган ҳолда ўрганиш ва бошқа муҳим вазифалар юклатилган бўлсада, қайд этилган салбий ҳолатлар туман ИИБ Пробация гуруҳи томонидан ўз вазифаларининг лозим даражада бажарилмаётганлигини кўрсатади.
Туман ИИБ Пробация гуруҳи раҳбари Ё.Шарипуллаев келгуси фаолиятида бундай ҳолатларга йўл қўйимаслиги лозим бўлади.
Туман ички ишлар бўлимининг тергов ва тезкор хизматлари ўртасида ҳамкорликнинг етарли таъминланмаганлиги, қидирувдаги айбланувчиларни оила аъзолари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги, қидирув тадбирларининг режалари сифатсиз, номига тузилганлиги, ундаги тадбирлар белгиланган муддатларда ва тўлиқ ижро этилмаганлиги, қидирувдаги шахсни аниқлаш мақсадида тегишли хизматларга алоҳида топшириқлар юборилмаганлиги, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик имкониятларидан самарали фойдаланилмаганлиги тегишли салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Ўтган 2019 йил давомида туман ҳудудида 17 та жиноятлар гуруҳ шахслар томонидан содир этилганлиги жиноятчиликка қарши курашиш, уларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлигини кўрсатади.
Шунингдек, қидирувда бўлган 5 нафар шахслар ушланмаган,
1 нафар бедарак йўқолган шахс топилмаган. Қидирувдаги шахсларнинг 2 таси диний экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этганлар, 1 тадан безорилик, фирибгарлик ҳамда ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш жиноятларини содир этганликда айбланган шахсларни ташкил этади.
Бундан ташқари, туман ИИБ томонидан содир этилган жиноятларни иссиқ изидан фош этишга қаратилган тадбирларни ўтказишда сусткашликка йўл қўйилганлиги натижасида туманда содир этилган 11 та жиноят фош этилмасдан қолган. Уларнинг 5 таси ўғирлик, 3 таси расмий ҳужжатларни соталаштириш ва 1 тадан фирибгарлик, хавф остида қолдириш ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш жиноятларини ташкил этади.
Хусусан, 2019 йил 20 октябр куни Совунгарлик маҳалласи, Гулобод кўчаси, 1-уйда яшовчи, хусусий тадбиркор Б.Қодиров туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, 2019 йил
19 октябрдан 20 октябрга ўтар кечаси Совунгарлик МФЙ, Гулобод кучаси, 2 уйда жойлашган мебел ишлаб чиқарувчи оилавий корхонаси офисининг шкафи ичидан 45 миллион сўм, 3500 АҚШ доллари хамда “Хеч микинг” русумли кузатув камераси хотирасини номаьлум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани маьлум қилган.
Мазкур холат юзасидан туман ИИБ ТБ томонидан
20.10.2019 йил Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, жиноят шу кунга қадар фош этилмаган.
Юқоридаги ҳолатларни туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Қобилов ва туман ИИБ ЖҚБ бошлиғи А.Абдурахмоновлар қандай изоҳлайдилар?
Шароф Рашидов тумани ҳудудига хизмат ўташга бириктирилган ИИБ ЙҲХБ ходимлари фаолияти устидан идоравий назоратнинг талаб даражасида ўрнатмаганлиги, йўл-патрул хизмати инспекторлари ҳамда маъмурий амалиёт нозирлари ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришга масъулиятсизлик билан ёндошаётганлиги оқибатида туманда қурбонсиз йўл-транспорт ҳодисаси 52 тадан
46 тага 11,5 фоизга камайган бўлсада, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 2019 йилда 21 тадан 25 тага ёки 19 фоизга ошишига йўл қўйилди.
Туман ИИБ ЙҲХБ томонидан туман ҳудудидаги автомобил йўлларида йўл транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган мавжуд муаммолар, йўл белгилари ўрнатиш, йўлларни зарур қисмини ёритиш, пиёдалар йўлакларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмаган ва таҳлил этилмаган, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли ваколатли ташкилотларга хатлар киритилмаган.
Ушбу ҳолатни келгусида камайтириш борасида туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Б.Абдуллаев қандай ижобий ишларни ташкил этди ёки бу борадаги ишларни ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйилганми? Ушбу ҳолатлар қандай изоҳлайди?
Шунингдек, айрим мутасадди органлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 14.05.2014 йилдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунида юклатилган вазифалар тўлақонли бажарилмаган.
Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 2019 йилда меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурлар ишлаб чиқилмаган, бу соҳада профилактик тадбирлар ўтказилмаган, шу кунга қадар ушбу соҳада аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг туб сабаблари таҳлил қилинмаган, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик етарлича ўрнатилмаган.
Хусусан, туманда меҳнатга яроқли бўлган 71.210 нафар аҳолининг 41.998 нафари ёки 58 фоизи расмий иш билан банд бўлиб, ишсиз сифатида атиги 3532 нафари қайд этилган ва 63 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган холос.
Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан меҳнатга яроқли аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш, тегишли ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ишлар ташкиллаштирилмаганлиги оқибатида 2019 йилда 31 нафар ишламайдиган ва ўқимайдиганлар томонидан жиноятлар содир этилган.
Ўзбекистон Республикасининг 14.05.2014 йилдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг
16-моддасида Меҳнат органларининг ушбу соҳадаги асосий вазифалари этиб, аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, ишсизларни ҳисобга олишни ва ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа муҳим вазифалар юклатилган бўлсада, қайд этилган салбий ҳолатлар туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ўз вазифаларининг лозим даражада бажарилмаётганлигини кўрсатади.
Ушбу салбий ҳолатларни туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари З.Тангиров изоҳлаб бериши лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.05.2018 йилдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5446-сонли Фармонига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил қилинди.
Департаментнинг асосий вазифалари этиб, иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш, давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валюта маблағлари ноқонуний равишда чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларнинг ноқонуний муомаласи, «хуфёна иқтисодиёт»ни шакллантиришнинг турли схемалари ва каналларини аниқлаш ва бошқалар белгиланди.
Шундай бўлишига қарамасдан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг туман бўлими томонидан ушбу устувор вазифалар тўлақонли бажарилмоқда деб бўлмайди.
Департаментнинг туман бўлими томонидан 2019 йил давомида «хуфёна иқтисодиёт» билан боғлиқ атига 3 та жиноятлар аниқланган холос.
Шунингдек, йил давомида чет эл валюта маблағларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ атига 3 та ҳамда бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ 7 та жиноятлар аниқланганлиги, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ҳамда нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланиши, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ жиноятлар умуман аниқланмаганлиги қайд этилган вазифаларнинг лозим даражада бажарилмаётганлигини кўрсатади.
Департаментнинг туман бўлими янги бошлиғи Ш.Джулибаев келгусидаги фаолиятида ушбу камчиликларга йўл қўймаслиги лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сонли Фармонига асосан Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил қилинди ва унинг асосий вазифалари этиб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш ҳамда бошқалар белгиланди.
2019 йилда Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими томонидан ҳам электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларига оид ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни аниқлашга етарли эътибор қаратилмади.
Буни йил давомида электр ва газ тармоқларига ноқоний
уланиш билан боғлиқ атига 2 та жиноятлар аниқланганида ҳам кўриш мумкин.
Электр ва газ тармоқларига ноқоний уланиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш чораларининг кўрилмаётганлиги, тўлов интизомига қатъий риоя этилиши таъминланмаётганлиги ушбу соҳаларда дебитор қарздорликларнинг кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.12.2018 йилдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 4075-сонли Қарори ижроси ҳам талаб даражасида эмас.
Содир этилган, биринчи навбатда ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг сабаблари ва шароитлари зудлик билан ўрганилиши, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни келтириб чиқарган омилларни аниқлаштириш чоралари кўриб борилиши ҳамда масъул ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлигига нисбатан чоралар кўрилиши аҳволи талаб даражасида эмас, бу ҳолатлар фақатгина дастлабки тергов давомида ўрганилиб, тергов натижаси бўйича тақдимнома киритилиши билан чегараланиб қолинмоқда.
Ҳуқуққа хилоф ҳолатлар бўйича ўз вақтида таъсир чораларини кўриш ва уларнинг салбий оқибатларига барҳам бериш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида бевосита иштирок этувчи органлар ва муассасаларни жалб қилиш етарлича йўлга қўйилмаган, уларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш борасида таъсирчан чора-тадбирлар кўриб борилмаган, мазкур йўналишда туман ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан назорат ўрнатилмаяпти.
2019 йилдан ташкил қилинган профилактика инспекторларининг ёрдамчилари томонидан “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳларининг фаолияти кунлик назорат қилиб бориш йўлга қўйилмаган, жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар мувофиқлаштирилмаган.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш, барвақт олдини олиш борасида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳларининг ўрни деярли сезилмасдан қолаётганлиги, уларнинг номигагина тузилганлигидан далолат беради.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, туман мутасадди ташкилотлари томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолияти қониқарсиз ҳолатда.
Агар ҳар бир ташкилот, муассаса, мансабдор шахс ва бошқа масъуллар ўзларига юклатилган вазифаларни фидокорона, чин дилдан бажарса, ўзаро ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилса, жипслик билан ишлар ташкиллаштирилса, ўйлайманки, юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда ижобий натижага эришилади.