Ўзбекистон электромобил ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирмоқчи. Бу импорт божларига таъсир қиладими?
Жиззахда Хитойнинг BYD компанияси томонидан йилига 300 минг донагача гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши айтилмоқда.
Бу янгилик фонида жамоатчилик истиқболда электромобиллар импортига юқори бож ставкалари ўрнатилиши мумкинлигидан хавотирда. Kun.uz'нинг бу ҳақдаги саволига жавобан расмийларнинг маълум қилишича, айни пайтда бож ставкаларини ошириш масаласи муҳокама қилинмаяпти.Бир неча кун олдин Хитойнинг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи BYD компанияси асосчиси ҳамда президенти Ван Чуанфун Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳукумат расмийлари, хусусан, давлат раҳбари билан учрашув ўтказганди.
Учрашувда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган. Шунингдек, Жиззах вилоятида BYD'нинг гибрид ва электр автомобиллари ишлаб чиқарилишини тез фурсатда йўлга қўйиш ҳамда кейинги босқичларда унинг қувватини 300 минг донага етказиш масалалари кўриб чиқилган.
Маҳсулот таннархини камайтириш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига ҳамда автомобилларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилишни ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Электромобил олиб киришдаги бож ставкаси ўзгарадими?
«Ўзавтосаноат»нинг Daewoo, Chevrolet, Man, Isuzu каби жаҳон брендлари билан ҳамкорлиги ички бозорнинг ташқи рақобатдан тўлиқ узилиши ва истеъмолчиларнинг танловдан маҳрум қилиниши билан якунланган. Шу нуқтаи назардан, маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш учун божлар жорий этилиши ва импорт қилиш ҳуқуқи фақатгина битта компанияга тақдим қилиниши бўйича жамоатчиликда хавотирлар пайдо бўлди.
Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан боғланди ва «Ўзбекистонга электромобил олиб киришда бож ставкаси ўзгарадими?» деган савол билан мурожаат қилди.
ИССВ ахборот хизмати бож ставкаларини ошириш масаласи вазирликда муҳомака қилинмаганини маълум қилди, ИМВ эса бу нарса ҳақида олдиндан бирор нарса деб бўлмаслигини билдирди.
Ўзбекистонга электромобил импорт қилишнинг амалдаги тартиби
Ҳозирда Ўзбекистонга электромобил импорт қилишда ҚҚС, утилизация ва божхона йиғими ундирилади.
Бунда:
- ҚҚС автомобилнинг божхона қийматидан 12 фоиз;
- утилизация йиғими – агар электромобилнинг ишлаб чикарилган муддати 3 йилдан ошмаган бўлса, БҲМнинг 30 баробари (9,9 млн сўм), 3 йилдан ошган бўлса, БҲМнинг 90 баробари (29,7 млн сўм) миқдорида;
- божхона расмийлаштируви бўйича йиғим электомобилнинг қийматига қараб БҲМнинг 1 баробаридан 3,5 баробаригача (330 минг – 1 млн 155 минг сўм оралиғида) миқдорда бўлади.
Маълумот учун, 2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобил импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июл ойига бориб акциз солиғи ҳам олиб ташланганди.
Ҳозирда электромобиль импортидаги энг катта чеклов йилига биттадан ортиқ электромобил олиб кира олмаслик билан боғлиқ. Бунинг учун мувофиқлик сертификати талаб қилинади.
Ўзбекистонга электромобил импорт қилиш динамикаси
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январ-июл ойларида 10та хорижий давлатдан қиймати 217,1 млн долларга 7391 та электромобил импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 6084 тага ёки қарийб 6 баробарга кўп.
Сўнгги йилларда импорт қилинган электромобиллар сони:
- 2018 йилда – 13 та;
- 2019 йилда – 39 та;
- 2020 йилда – 130 та;
- 2021 йилда – 809 та;
- 2022 йилда – 2 180 та;
- 2023 йил январ-июл – 7391 та.