БУЮК ШАХС ҲАҚИДАГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
Шароф Рашидов номидаги вилоят Ахборот кутубхона марказида таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Шараф йўли” романи ҳамда шоира Сайёра Тўйчиеванинг “Шарофнома” номли достон ва эсселар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкиллаштирилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари А.Савурбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ш.Жабборов, филология фанлари доктори М.Жўраев, Ўзбекистон Қаҳрамони П.Зиятов, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, сенатор Ф.Тошев, яна бир Олий Мажлис Сенати аъзоси, касаба уюшмалари вилоят Кенгаши раиси Н.Пардаев, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши раиси Э.Холматов ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур китобларда ёзувчи ҳамда давлат арбоби қалбининг сурати ва сийрати қай даражада моҳирона тасвирланганлиги, “Шарофнома” ва “Шараф йўли” асарларининг бадиий қиммати ҳақида фикр билдирдилар.
Дарвоқе, ҳар иккала китобни варақлар экансиз, унда атоқли давлат ва жамоат арбоби, етук адиб, халқпарвар инсон Шароф Рашидовнинг ижодига назар, юрт тараққиёти ва келажаги учун қилган беқиёс меҳнати, элдошларига бўлган самимияти, чуқур эҳтироми, таълим ва тарбия ишига бўлган ўзгача муносабати, кўпчиликка қилган яхшиликлари ҳамда у кишининг шахсий ҳаётдаги намуна бўлгулик ибратли ишларига гувоҳ бўласиз.
Шу сабабли ҳам тақдимотда сўзга чиққанлар мазкур китоблар ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ўзини “жиззахликман” деган инсонлар китоб жавонидан муқум ўрин эгаллаши айни муддао бўлишини бот-бот такрорладилар.
Китоб муаллифлари А.Йўлдошев ҳамда С.Тўйчиевалар эса ўз сўзларида Шароф Рашидовдек беназир шахс руҳи олдидаги қарздорлик ҳиссини қисман бўлсада адо этиш йўлида дунёга келган ушбу асарлар ҳали уммондан томчи эканлигини, келажакда юртимизнинг озодлиги, тўкинлиги йўлида умрини бахшида этган, қалтис замонлардан, тўфонлардан халқимизни омон олиб чиққан эди бу улуғ инсоннинг буюк сиймосини янада тўлақонли очиб берувчи асарлар кўплаб ёзилажагини билдириб ўтдилар.
Тақдимот сўнгида истеъдодли ёзувчи ва шоирага вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида эҳтиром кўрсатилди.