Ўзбекистон Республикаси Президентининг судларга оид янги қабул қилинган қарор ва фармонлари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг судларга оид янги қабул қилинган қарор ва фармонлари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадри улуғланиб, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш белгиланган эди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун қабул қилинди. Қонун мазмун-моҳияти, киритилган ўзгаришлар ҳақида Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Миролим қуйидагиларни гапириб берди:
– Мазкур қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштирилиб, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилди.
Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб туманлараро судлар томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида, ўз навбатида, судлов ҳаъати томонидан кўрилган ишларни Раёсатда тафтиш тартибида кўриб чиқиш, апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва улар томонидан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш белгиланди.
Қонун билан суд қарорлари устидан кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш муддатлари ҳам ўзгартирилди. Хусусан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бериладиган бўлди.
Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати қуйи инстанция судлари томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин, яъни яна қўшимча уч ойлик муддат берилиши назарда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг протести тегишли шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай киритилиши мумкин.
Суд қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари судья (суд) томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Ишни апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўрган суднинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Олий суд Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди, яъни протест келтирилмайди.
Юлдаше Миролим Мусаевич
Жиззах туманлараро маъмурий
судининг судьяси