“Айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”
Ўзбекистон Республикасининг “Айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 февралда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 30 мартда маъқулланган
Кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шунингдек бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.
Ушбу қонуннинг 7-моддасида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги Қонунига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
1) 18-модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси суди сифатида, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқади»;
2) 28-модданинг биринчи қисми куйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилди:
«ишларни тафтиш тартибида кўради»;
3) 29-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси куйидаги таҳрирда баён этилди:
«ишларни биринчи инстанцияда, апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўради»;
4) 30-модда биринчи қисмининг:
учинчи хатбошисидаги «ишни кассация инстанцияси судида такроран кўриш» деган сўзлар «ишни тафтиш тартибида кўриш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
тўртинчи хатбошисидаги «ишни кассация инстанцияси судида такроран кўриш» деган сўзлар «ишни тафтиш тартибида кўриш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
5) 31-модда биринчи қисмининг:
иккинчи хатбошисидаги «ишни кассация инстанцияси судида такроран кўриш» деган сўзлар «ишни тафтиш тартибида кўриш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
учинчи хатбошиси чиқариб ташланди;
тўртинчи — ўн биринчи хатбошилари тегишинча учинчи — ўнинчи хатбошилар деб ҳисобланди;
саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«судларнинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туради»;
6) 33-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи, апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси суди сифатида кўради»;
7) 36-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«ишларни апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўради»;
8) 37-модда биринчи қисмининг:
ўн биринчи хатбошиси чиқариб ташланди;
ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошилари тегишинча ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисобланди;
ўн биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради»;
Жиззах туманлараро
маъмурий судининг судъяси М.М.Юлдашев