Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Адлия бўлими томонидан аҳолининг турли қатламлари учун зарур бўлган ҳуқуқий маълумотларни содда шаклда тушунтириш бўйича “10 саволга 10 жавоб”.

Адлия бўлими томонидан аҳолининг турли қатламлари учун зарур бўлган ҳуқуқий маълумотларни содда шаклда тушунтириш бўйича “10 саволга 10 жавоб”.

27 сентябрь 2024 йил
42
0


 Министерство юстиции Республики Узбекистан

  1. САВОЛ; Кўчмас мулк бузилиш (снос)га тушган ёки тушмаганлигини қаердан билса бўлади ?

 

ЖАВОБ;

Ҳукуматнинг 200-сон қарори билан тасдиқланган шу масалага оид маъмурий регламентга кўра, ариза берувчи бундай маълумотномани олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат етади ёки ЙИДХ портали орқали давлат хизматидан електрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдори 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЙИДХП орқали мурожаат етилганда йиғим суммаси (5 %)нинг 90 фоизи ундирилади.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад етиш учун асос ҳисобланади.

Демак, эртага олаётган мулким бузилиб кетса менга ортиқча бош оғриғи керакмас, у жой бузилишга тушганми ёки йўқми мен олдиндан билишим керак  десангиз, бунинг учун Сиз Давлат хизматлари марказига борган ҳолда ёки электрон шаклда мурожаат қиласиз, юқорида кўрсатилган тўловни тўлайсиз ва шундагина аниқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин бўлади.

 

  1. САВОЛ; Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани йўқотиб қўйдим. Такрорий гувоҳнома олишим мумкинми ва ўша гувоҳномани мени номимдан яна кимлар олиши мумкин ?

 

ЖАВОБ;

Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 20-октябрдаги 550-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” қоидаларининг 180-бандида далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси сақланаётган ФҲДЁ органи манфаатдор шахсларнинг аризаларига кўра ва тегишли далолатнома ёзувлари асосида такрорий гувоҳномалар беради.

Алоҳида ҳолларда (далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси йўқолганда, иккинчи нусха бўйича гувоҳнома олиш қулай бўлганда) ҳудудий адлия органининг ФҲДЁ архивлари далолатнома ёзувининг биринчи ва иккинчи нусхаларининг айнан бир хиллигини текширгандан сўнг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, ўлим ва никоҳдан ажралганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берадилар.

 

  1. САВОЛ;

Тошкентда вақтинчалик пропискада турган шахс субсидияга уй олса бўладими ?

 

ЖАВОБ;

Вазирлар Маҳкамасининг 182-сонли қарори билан тасдиқланган "Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомга асосан, субсидия фуқароларга рўйхатга олинган доимий яшаш жойи бўлган ҳудуд доирасида ажратилади деб кўрсатилган.

Яъни, субсидиялар асосан ўзингиз доимий пропискада турган туман ва шаҳардан берилади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларига ажратилган субсидиялар ушбу ҳудуддаги аҳоли томонидан белгиланган тақсимот доирасида туман ёки шаҳардан олишлари мумкин

 Яъни, ўзингиз яшаб турган жойдан бошқа тумандан ёки яшаб турган вилоятингиз марказидан тақсимот бўйича олсангиз бўлади.

 

 

  1. САВОЛ: Бировнинг паспортидан ғаразли мақсадда фойдаланган шахсларга қандай жавобгарлик бор?

 

ЖАВОБ;

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223 прим 1-моддасига кўра, бошқа шахсларга тегишли бўлган паспортлардан ёки идентификацияловчи ID-карталардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (3 000 000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ғаразли мақсад дегани нима бўлиши мумкин ? Ғазарли мақсад деганда мантиқан, бошқа шахс томонидан бировнинг паспортидан фойдаланиш ўша паспортнинг эгасига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатни тушуниш мумкиню

 

  1. САВОЛ: Туғруқхонада туғилмаган болага қандай қилиб тиббий маълумотнома олинади?

 

ЖАВОБ;

Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 20-октябрдаги 550-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” қоидаларининг 20-бандида, туғуруқхоналардан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилганлигини қайд этиш участка шифокори (фельдшер ёки акушер) томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади.

Бундай ҳолатларда боланинг ушбу онадан туғилганлигига гувоҳ бўлганлар иштирокида тузилган ва участка шифокори (фельдшер ёки акушер) тасдиқлаган далолатнома тиббий маълумотнома бериш учун асос ҳисобланади.

Тиббий маълумотнома бола туғилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёзуви билан бирга тикиб қўйилади.

 

  1. САВОЛ: Кўчмас мулкни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаганлик учун қандай жавобгарлик борми?

 

ЖАВОБ;

 Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 68-1-моддаси, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик деб номланиб, унга кўра кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари  миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

  1. САВОЛ: Қандай тоифадаги болалар биринчи навбатда боғчага қабул қилиниши керак?

 

ЖАВОБ;

Қонунчиликка кўра, қуйидаги тоифадаги болалар боғчага жойлаштирилишда бошқаларга қараганда устунликка эга бўлади.

Улар;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари;

кўп болали оилаларнинг болалари;

 етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;

 “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандлари;

 контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари;

талабалар ва педагогларнинг болалари;

акалари ёки опалари ушбу боғчанинг тарбияланувчилари бўлган болалар;

 кўп тармоқли ихтисослаштирилган боғчалардан умумий турдаги боғчаларга ўтказилаётган соғайган болалар.

 

  1. 8. САВОЛ: Мени автомашинамни амакимни ўғли бошқариши учун мен унга ишончнома беришим шартми ?

 

ЖАВОБ;

Президентнинг 09.09.2019 йилдаги ПФ-5816-сон Фармонига кўра, 2019 йил 1 октябрдан — транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани талаб қилиш бекор қилинган.

Юқоридаги асос бўйича, амакингизни ўғли Сизни яқин қариндошларингиз тоифасига киритилмайди. Шу сабабли у Сизни автомашинангизни бошқариши учун унга Сиз ишончнома беришингиз керак бўлади. Яқин қариндошларингиз автомашинангизни бошқариши учун эса уларни ФИОси суғурта полисингизда кўрсатилса бўлди. Уларга алоҳида ишончнома беришингиз шарт эмас.

 Яқин қариндошлардан ташқари ҳар қандай қариндошлар масалан, аммани ўғли, холани ўғли, тоғани ўғли, Фотимапони қизи ва, ва, валарнинг ўғиллари ва қизлари хам, хаттоки ўзлари хам, Сизни автомашинангизни бошқариши учун Сиз уларга алоҳида ишончнома беришингиз талаб этилади.

 

 

  1. 9. САВОЛ: Пенсионер ўқитувчи аттестациядан ўтиши шартми?

 

ЖАВОБ;

Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМнинг 6-бандига асосан, пенсия ёшига тўлган педагог кадрлар навбатдаги аттестацияга жалб этилмайди, аттестациядан ўтганлик муддати тугашидан қатъи назар уларнинг амалдаги малака тоифаси (лавозими) сақлаб қолинади ҳамда мазкур малака тоифаси (лавозими) бўйича уларга ҳақ тўланади.

 

  1. САВОЛ: Ишсиз юрган ёшлар "ёшлар дафтари"га киритилиши мумкинми ?

 

ЖАВОБ;

Вазирлар Маҳкамасининг 312-сон қарори билан тасдиқланган низомга асосан, ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган шахслар ёшлар дафтарига киритилиши мумкинлиги белгиланган.

 

Фармойиш ҳужжатларининг бир-биридан фарқи…..?

 

Фармойиш ҳужжатларига буйруқ, фармойиш, кўрсатма каби ҳужжатлар киради. Бу ҳужжатлар барчаси буйруқ беришга асосланган ҳужжатлардир, лекин ўз ичида маълум фарқларга эга. “Давлат тилида иш юритиш” китобида бу ҳужжатлар ҳақида шундай тарифлар бериб ўтилган:

 

Буйруқ – муайян муассаса олдида турган асосий ва кундалик вазифаларни ҳал қилиш мақсадида қўлланади. Моҳият-эътибори билан буйруқлар иккига бўлинади: асосий фаолиятга оид ва кадрлар шахсий таркибига оид. Улар кетма-кет тартибда алоҳида рақамланади ва айрим сақланади.

 

Кўрсатма – идораларда ахборот-методик тусдаги масалалар, шунингдек, буйруқлар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларнинг ижроси билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан чиқариладиган ҳуқуқий ҳужжат. Кўрсатмаларга биринчи раҳбар, шунингдек, лозим бўлса, бош муҳандис, уларнинг ўринбосарлари имзо чекиш ҳуқуқига ега.

 

Фармойиш – Муассаса маъмурияти (директор, унинг ўринбосарлари, бош муҳандис, унинг ўринбосарлари), шунингдек, бўлимларнинг раҳбарлари томонидан амалий масалалар юзасидан қабул қилинадиган ҳужжат. Одатда, фармойишларнинг амал қилиш муддати чекланган бўлиб, бўлимларнинг тор доирасига, айрим мансабдор шахслар ва фуқароларга тааллуқли бўлади.

 

 

 

 

Юқоридаги қоидалардан келиб чиқадиган бўлсак, буйруқ асосий ва кундалик вазифалар учун мўлжалланган бўлса, фармойиш амалий масалалар учун мўлжалланган бўлади. Кўрсатмада еса ахборот-методик тусдаги масалалар юзасидан буйруқ берилади. Ва яна кўрсатма мустақил ҳолатда тайёрланмайди, балки қайсидир ҳужжат асосида чиқарилади. Вазифа юклаш учун буйруқда “Буюраман”, кўрсатмада “Юклайман”, “Тавсия етаман”, фармойишда еса “Тавсия қиламан”, “Рухсат бераман” каби сўзлардан фойдаланилади. Бу ҳужжатлар қолип жиҳатда бир-бирига ўхшашдир.

 

Шароф Рашидов тумани адлия бўлими

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Пенсияларга устама ҳақлар
28 январь 2022, Пятница
Пенсияларга устама ҳақлар
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар