Пенсиялардан чегирмалар
Пенсиялардан чегирмалар
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъмитноти тўғрисида”ги Қонунининг 65-моддасида пенсиядан чегирмалар қилиш тартиби белгиланган.
Бунга кўра пенсиялардан чегирмалар:
а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;
б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан — пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.
Пенсионер Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади.
Пенсиялардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш мумкин эмас.
Пенсиядан чегирмалар қилиш миқдори пенсионерга тўланиши лозим бўлган пулдан ҳисоблаб чиқарилади.
Ҳар ойлик чегирмалар миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.
Ортиқча тўланган пенсия пули бўйича қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар пенсия тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли) қолган қарз суд тартибида ундирилади.
“Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2657, 05.03.2015 й.) 6-боби (“Пенсия ва нафақалардан чегирмалар қилиш”), “Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирма қилиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома (рўйхат рақами 2835, 26.10.2016 й.) талабларидан келиб чиқиб пенсиядан чегирмалар қилиш мумкин.
Пенсия ва нафақалардан чегирмалар пенсионер ёки нафақа олувчига унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида ортиқча тўланган суммалар бўйича Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш комиссияси қарори асосида амалга оширилади.
Комиссия қарори асосида чегирмалар қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида — 10 фоиз;
қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида — 30 фоиз;
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг икки баробаридан кам миқдорда пенсия ёки нафақа олувчи шахслар бўйича — 5 фоиз.
Чегирма миқдори суд қарори билан белгиланган ҳолатларда, чегирма суд қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Пенсионер Пенсия жамғармаси бўлимининг ортиқча тўланган пенсия суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик у аниқланган санадан бошлаб кўпи билан уч йил учун суд орқали ундирилади.