“Шароф Рашидов – Сиёсатчи ва Дипломат” мавзусида фотокўргазма
Тошкентдаги Фотосуратлар уйида Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан “Шароф Рашидов – Сиёсатчи ва Дипломат” мавзусида фотокўргазма ўз ишини бошлади.
Фотокўргазма ўта оғир даврда республикага раҳбарлик қилган атоқли давлат арбоби, шоир ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг ташқи сиёсий фаолиятига бағишланган. Унда асосан “учинчи дунё” давлатларига расмий ташрифлар ва хорижий сафарлар чоғида олинган 80 дан ортиқ нодир кадрлар ўрин олган. Сафарлар 1950-йилдан 1983-йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Фотокўргазма учун суратлар Жамғарма, Жиззахдаги уй-музейи фотоархивлари ва оилавий фотоархивдан олинган.
2022-йил, шунингдек, ҳақиқий ядро уруши таҳдиди билан дунёни ларзага келтирган Кариб инқирозининг 60 йиллиги сифатида ҳам ёдда қолади. Фотокўргазмада Шароф Рашидовнинг 1962-йилда Кубага ташрифи акс этган суратлар намойиш этилади.
Фотокўргазманинг очилиш маросимида мазкур тадбирни тайёрлашда иштирок этган тарихчи олимлар, сиёсатшунослар, Рашидов номидаги жамғарманинг мутахассис-маслаҳатчилари иштирок этишди. Фотокўргазма куратори – музейлар бўйича мутахассис Виктор Авкцентевич Вяткин.
Фотокўргазма давомида Россиянинг “Cреативе Теам” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Давлат арбоби ва ёзувчи Ш.Рашидовнинг Интерактив онлайн-музейи” номи остида Ўзбекистонда илк бор тақдим этилган ноёб лойиҳа презентацияси бўлиб ўтади.
Шароф Рашидовнинг виртуал музейи эхпозициясида унинг ҳаёти, Республикамиз тараққиётига қўшган ҳиссаси тўғрисида ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган нодир саҳифалар ўрин олган.
Фотокўргазма 8-ноябр кунигача давом этади.